Жаҳон | 21:01 / 01.05.2025
1382
2 дақиқада ўқилади

Германия шимолидаги портда портлаш содир бўлди

Полиция порт ҳудудида газ баллони портлаганини маълум қилди. Ҳодиса оқибатида тўққиз киши жароҳат олган.

Фото: TV-Elbnews

Германия шимолидаги Шлезвиг-Голштейн федерал ерларида жойлашган порт ҳудудида портлаш содир бўлди, деб ёзади Hamburger Morgenpost газетаси.

Полиция маълумотларига кўра, портда газ баллони портлаган. Ҳодиса оқибатида тўққиз киши енгил жароҳат олган.

NDR телерадиокомпаниясининг маълум қилишича, камида бир киши шифохонага ётқизилган. Ҳодиса жойида 90 га яқин ўт ўчирувчилар, қутқарувчи ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ишламоқда.

Портлаш юз берган ҳудуд 300 метр радиусда хавфсизлик нуқтайи назаридан қуршаб олинган, чунки портда яна 17 та газ баллони сақланмоқда. Ўт ўчирувчилар эҳтимолий портлашнинг олдини олиш учун водомётлар ёрдамида уларни совитган.

Мутахассисларнинг тахминича, баллонларда пайвандлаш ишларида фойдаланиладиган кислород ва ацетилен мавжуд. Ўт ўчириш хизмати раҳбари баллонлардан газ сизиб чиққан бўлиши мумкинлигини билдирди. Портлаш иссиқ об-ҳаво туфайли юзага келган бўлиши мумкин, аммо ҳозирча унинг аниқ сабаби номаълум. NDR’нинг таъкидлашича, портлаш овози бир неча километр узоқликдан ҳам эшитилган.

Расмийлар фуқароларни портлаш юз берган ҳудуд атрофига яқинлашмасликка чақирмоқда. Тумандаги бир неча ресторан ёпилган. Шунингдек, порт олдидан ўтган автомобил йўлида ҳаракат тўхтатилган. Қуршов бир неча соатдан кейин ечилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид