Ўзбекистон | 22:33 / 01.05.2025
1555
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» нуфузли мукофотининг халқаро ҳакамлар ҳайъати таркибига киритилди

Жорий йилги ҳакамлар ҳайъати таркибидан, шунингдек, ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала, Миллатлар ҳамдўстлиги бош котиби Патрисия Скотланд, Сенегал ва Африка иттифоқининг собиқ президенти Макки Салл ҳам ўрин олган.

Фото: Telegram/Saida Mirziyoyeva

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Мусулмон донишмандлар кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдусалом билан учрашув ўтказди.

«Ислом дини асосида ётган умуминсоний ва маънавий қадриятларни қўллаб-қувватлаётгани учун мазкур нуфузли халқаро ташкилотга миннатдорлик билдираман. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон конфессиялараро тотувликни, мамлакатимиз фахри бўлган ноёб ислом меросини тарғиб этиш борасида бутун дунёда ҳақли равишда эътироф этилмоқда», — деб ёзади президент ёрдамчиси.

Шунингдек, Саида Мирзиёева ҳар йили ўтказиладиган Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» мукофотининг ҳакамлар ҳайъати таркибига киритилганимдан бениҳоя мамнун эканини билдирди.

«Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан биз бу дунёни янада яхшироқ қила оламиз», — дея таъкидлайди Саида Мирзиёева.

Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» мукофоти — инсоният тараққиётига катта ҳисса қўшаётган жисмоний ва юридик шахсларга бериладиган нуфузли, мустақил глобал мукофотдир. У 2019 йил феврал ойида — Рим папаси Франциск ва Ал-Азҳар университети бош имоми Аҳмад Ал-Тойиб ўртасида Абу-Дабида бўлиб ўтган тарихий учрашув шарафига таъсис этилган. Улар ўшанда инсоний биродарлик тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган эди.

2025 йилдаги ҳакамлар ҳайъати қуйидагилардан иборат:

  • Макки Салл — Сенегал ва Африка Иттифоқининг собиқ президенти.
  • Хосе Луис Родригес Сапатеро — Испаниянинг собиқ бош вазири.
  • Жаҳон савдо ташкилоти бош директори — Нгози Оконжо-Ивеала.
  • Кардинал Питер Кудво Аппиаҳ Турксон — Понтифик Фанлар академияси ва Понтифик Ижтимоий фанлар академиясининг маслаҳатчиси.
  • Патрисия Скотланд — Миллатлар ҳамдўстлиги бош котиби.
  • Муҳаммад Абдусалом — «Инсоний биродарлик» мукофоти бош котиби.

Мавзуга оид