Исроил Ғазо секторидаги амалиётни кенгайтирмоқчи
Мақсад – «Ғазони эгаллаш ва унинг ҳудудларини ушлаб туриш». Бунинг учун захирадагилар армияга чақирилмоқда. Ҳарбий раҳбарият бу қарор гаровдагиларнинг ҳаётини хавф остида қолдиришидан огоҳлантирган.

Menahem Kahana / AFP / Scanpix / LETA
Исроил хавфсизлик кабинети бир неча соат давом этган йиғилишдан кейин Ғазо секторида Ҳамасга қарши қуруқлик амалиётини сезиларли даражада кенгайтириш режасини маъқуллади, деб хабар беради Ynetnews ва The Times of Israel.
Исроил мудофаа армияси бошлиғи Эял Замирнинг сўзларига кўра, режа «Ғазони босиб олиш ва ҳудудни ушлаб туриш»ни назарда тутади. Associated Press хабарига кўра, гап бутун Ғазо секторини эгаллаш ва Исроил армияси бу ҳудудда номаълум вақт давомида қолиши ҳақида кетмоқда. Исроил расмийларига кўра, режа Тел-Авивга ўзининг ҳарбий мақсадларига эришишда ёрдам беришга қаратилган: Ҳамасни узил-кесил тор-мор келтириш ва ҳали ҳам Ғазода гаровда ушлаб туррилганларни озод қилиш. Шу билан бирга, ҳарбий ҳаракатларнинг кенгайиши юз минглаб фаластинликлар секторнинг жанубий қисмига қочишига олиб келади, бу эса шундоқ ҳам оғир гуманитар инқирозни янада кучайтириши мумкин.
Ғазодаги қуруқликдаги операцияни кенгайтириш бир неча босқичда амалга оширилади ва шиддатли жанглар бир неча ой давом этиши кутилмоқда, деб ёзади The Times of Israel. Нашрнинг таъкидлашича, режа катта эҳтимол билан АҚШ президенти Доналд Трампнинг келаси ҳафта минтақага ташрифидан кейингина амалга оширилади. Унгача, деб ёзади The Times of Israel, Ҳамас билан ўт очишни тўхтатиш ва гаровдаги исроилликларни озод қилиш бўйича музокаралар давом этади.
Операцияни кенгайтириш тўғрисидаги қарор ЦАҲАЛ бош штаби бошлиғи Эял Замирнинг ҳарбий ҳаракатлар гаровдаги исроилликлар ҳаётини хавф остига қўйиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришига қарамай, бир овоздан қабул қилинган. Ҳамас вакиллари ҳали ҳам Ғазода 2023 йил 7 октябр кунги ҳужум пайтида ўғирлаб кетилган 59 кишини гаровда ушлаб турибди. Исроил расмийларига кўра, улардан камида 35 нафари аллақачон ҳалок бўлган.
Журналистларга кўра, Замир вазирларни шундай огоҳлантирган: «Эътиборга олинг: кенг кўламли манёвр давомида биз гаровга олинганларни йўқотишимиз мумкин». Шунингдек, у Исроилнинг Ҳамас билан урушидан кўзланган икки мақсад – мазкур ташкилотни тор-мор этиш ва гаровга олинганларни қайтариш бир-бирига зид эканини қайд этган. Бунинг ортидан гаровга олинганлар ва бедарак йўқолганларнинг оилалари штаби Замирнинг огоҳлантириши «Исроилнинг ҳеч бир фуқаросига уйқу бермаслиги кераклиги»ни билдирди. «Миллатнинг мутлақ кўпчилиги қуйидаги фикрга қўшилади: гаровга олинганларни қайтармасдан Исроил ғалаба қозонди деб бўлмайди. Гаровга олинганларни йўқотиш мағлубиятни англатади. Миллий ва ижтимоий хавфсизлик тўғридан тўғри уларнинг қайтишига боғлиқ – ҳаммасини», – деб ҳисоблайди гаровга олинганларнинг оилалари.
Исроил ҳарбий босим сезиларли даражада оширилмаса, Ҳамас ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш таклифларини қабул қилишига умид қилмаяпти, деган The Times of Israel манбаси. Унинг таъкидлашича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўз нутқларида Ҳамасни йўқ қилишга кўпроқ эътибор қаратмоқда ва бу босим кампанияси доирасида гаровга олинганларни озод қилишга камроқ эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 1 май куни Нетаняҳу гаровга олинганларнинг оилаларини ғазаблантирган ҳолда, гаровга олинганларни қайтариш «жуда муҳим» бўлса-да, урушнинг «олий мақсади» – Ҳамас устидан ғалаба қозониш экани ҳақида гапирди.
Ҳукумат Ғазодаги амалиёт кенгайиши фонида захирадагилар чақирилишини ҳам маъқуллади, деб ёзади Ynetnews. ЦАҲАЛ 3 май куниёқ шошилинч тарзда ўн минглаб чақирув қоғозларини тарқатишни бошлашини эълон қилди. Ҳарбийларнинг сўзларига кўра, захирадагиларнинг чақирилиши Ҳамасга босимни босқичма-босқич кучайтириш режасининг бир қисми бўлиб, унинг мақсади гуруҳни гаровга олинганларни озод қилиш бўйича яна келишув тузишга мажбур қилишдир. Шу билан бирга, Исроил нашрлари таъкидлашича, захира бригадаларининг катта қисми уруш бошланганидан бери олтинчи ёки еттинчи марта сафарбар қилинади. Захирадагилар, деб ёзади The Times of Israel, Ғазога эмас, балки фронтнинг бошқа участкаларига – Ливан, Сурия ва Ғарбий соҳилга – мунтазам армия аскарлари ўрнига юборилиши мумкин, у ердагилар эса Ғазо секторига юборилади.
Вазирлар Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказиб беришни қайта тиклаш таклифи ва бундай ёрдамни тақсимлашнинг дастлабки схемасини ҳам маъқуллади. Инсонпарварлик ёрдами халқаро жамғарма томонидан амалга оширилиши тахмин қилинмоқда, у Ҳамаснинг ушбу юклардан фойдаланмаслигини кафолатлаши керак. Ёрдам кўрсатиш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган, дея қайд этади Ynetnews.
Associated Press хабарига кўра, Исроил олдинроқ БМТга Ғазо секторидаги ёрдам тақсимотини назорат қилиш учун хусусий қўриқлаш компанияларидан фойдаланишини, ёрдамнинг ўзи эса махсус логистика марказларида тарқатилиши ҳақида хабар берган. Исроил режаси акс этган ҳужжатни олган гуманитар ташкилотлар эса уни танқид қилган. Улар ёрдамни фаластинликларга яшаш жойи бўйича етказиб бериш ўрнига марказлаштириш режаси одамларнинг мажбуран кўчирилишига олиб келади, деб ҳисоблайди. БМТдагилар режа Ғазо сектори аҳолисининг катта қисми, жумладан, энг заиф қатламини таъминотсиз қолдиришидан хавотирда. Ташкилот Исроил расмийларини ҳарбий стратегия доирасида «босим тактикаси» сифтида гуманитар ёрдам устидан назоратни кучайтиришни истаётганликда айблаган.
Исроил мудофаа армияси икки ойлик танаффусдан кейин 18 март куни Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни қайтадан бошлаганди. Кейинги куни исроил ҳарбийлари қуруқлик орқали ҳам ҳудудга киришди. Нетаняҳу Ҳамас яксон этилмагунича ва гаровдагиларнинг барчаси қутқарилмагунича уруш тўхтамаслиги ҳақидаги гапини такрорлаган. Ҳамас эса гаровдагиларни қўйиб юбориши учун Исроил урушни бутунлай тўхтатишини талаб қилмоқда.