Жаҳон | 08:51
2184
2 дақиқада ўқилади

Собянин: Москва осмонида 19 та дрон уриб туширилди

Уриб туширилган дронлардан бирининг вайроналари Каширское шоссеси ҳудудига қулаган. Жиддий вайронагарчилик ва қурбонлар ҳақида маълумотлар йўқ.

6 май, сешанбага ўтар кечаси Москва осмонида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан 19 та дрон уриб туширилди. Бу ҳақда Москва мэри Сергей Собянин ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Москва томон учаётган уриб туширилган учувчисиз учоқлардан бирининг қолдиқлари Каширское шоссеси ҳудудига қулаб тушди, деб ёзади Собянин. Дастлабки маълумотларга кўра жиддий вайронагарчилик ва қурбонлар йўқ. Baza Telegram каналининг аниқлик киритишича, дрон қолдиқлари «Каширская» метро бекати яқинидаги кўп қаватли уйга келиб тушган.

Москванинг Внуково, Домодедово, Шереметево ва Жуковский аэропортларида самолётларнинг келиши ва учишига чекловлар жорий этилди. Бу ҳақда Федерал ҳаво транспорти агентлиги хабар берди. Бундан ташқари, департамент Калуга, Волгоград, Самара, Саратов, Нижний Новгород, Иваново ва Ярославл аэропортлари ёпилишини эълон қилди. Бир неча соатдан кейин чекловлар олиб ташланди.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, тунда Воронеж вилоятида 18 та, Саратов вилоятида эса 10 та дрон уриб туширилган.

 

Мавзуга оид