Жаҳон | 20:39 / 09.05.2025
1262
2 дақиқада ўқилади

Трамп Хитой товарларига божларни камайтириш бўйича музокаралар олиб бормоқда

Оқ уй раҳбари ҳар икки давлат учун иқтисодий оқибатларни пасайтиришни режалаштирмоқда.

Фото: AFP

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Хитой билан божларни пасайтириш бўйича музокаралар олиб боряпти, деб хабар берди Bloomberg. Биринчи қадам сифатида тарифлар 60 фоиз ёки ундан камроқ даражага туширилиши мумкин.

Музокараларни АҚШ молия вазири Скотт Бессент ва Хитой бош вазири ўринбосари Хе Лифэн олиб боряпти. Улар 10 май куни Женевада учрашиши керак. Агентликнинг ёзишича, шу йўл билан Трамп ҳар икки давлат учун иқтисодий оқибатларни пасайтиришни режалаштирмоқда.

Шу билан бирга, музокараларнинг биринчи босқичида Хитой ва АҚШ катта эҳтимол билан бир-бирига ўзаро тарифлар жорий этилгандан кейин юзага келган барча масалалар ва муаммоларни тақдим этади. Шу боис, агентлик манбалари яқин келажакда божлар камайтирилишига ишончи комил эмас. Музокараларнинг биринчи босқичи икки кун давом этади.

АҚШ айни пайтда Хитой товарлари учун 145 фоиз бож жорий қилган. Хитойнинг жавоб ставкалари 125 фоизни ташкил қилади. АҚШ президенти Доналд Трамп бир неча бор Пекин келишувга эришишдан манфаатдор эканини айтган. 4 май куни Хитойнинг АҚШдаги элчиси Си Фен мамлакат музокараларга тайёрлигини, бироқ ўзаро ҳурмат шарти билан эканини айтди.

Мавзуга оид