Ҳиндистонга қарши операция бошлаган Покистон, озод қилинган Ўзтурк ва АҚШга божлар билан таҳдид қилган ЕИ – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Покистон Ҳиндистонга қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошлади
Покистон «Баньян-ул-Марсус» («Мустаҳкам девор») деб номланган кенг кўламли ҳарбий операцияни бошлади, деб хабар берди Покистоннинг Geo TV телеканали хавфсизлик манбаларига таяниб. Кейинроқ Покистон ҳукуматининг X'даги аккаунтида операция бошлангани ҳақидаги хабар пайдо бўлди.
Нашр манбаларига кўра, амалиёт доирасида Покистон армияси Ҳиндистон ҳудудидаги кўплаб стратегик нишонларга зарба беришни режалаштирган. Нашр Ҳиндистон-Россия қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқариладиган, товушдан тез учувчи BrahMos ракеталари омбори йўқ қилингани ҳақида хабар берди.
Шунингдек, нашр манбаларига кўра, бошланган операция давомида Покистон Ҳиндистоннинг Удҳампур ва Патҳанкот ҳаво базаларига, армия бригадаси қароргоҳи ва йирик ҳарбий омборга зарба берган.
Бир неча соат олдин Покистон армияси Ҳиндистондан ўзининг ҳаво базаларига ракета ҳужуми уюштирилганини эълон қилган ва жавоб чоралари билан таҳдид қилган эди. Базалардан бири Нур Хон Равалпинди шаҳрида, пойтахт Исломободдан 10 км узоқликда жойлашган. Шундан сўнг бутун мамлакат бўйлаб ҳаво ҳудуди маҳаллий вақт билан 10 май куни тушгача ёпилди.
Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари, юқоридаги хабарларни тасдиқловчи ҳеч қандай зарбалар ҳақида хабар бермаган. Шунингдек, Ҳиндистон расмийлари аввалроқ Покистон ҳаво базаларига зарбалар берилгани ҳақидаги хабарларга ҳам изоҳ тақдим этмаганди.
Евроиттифоқ – АҚШга автомобиллар ва самолётларга божлар билан таҳдид қилмоқда
Вашингтон билан савдо можаросида Европа Иттифоқи, агар АҚШ ҳукумати билан музокаралар натижа бермаса, Америка автомобиллари, самолётлари ва бошқа маҳсулотларига жавоб божлари жорий этиш билан таҳдид қилган. Бу ҳақда Европа Комиссиясининг умумий қиймати қарийб 95 миллиард еврога тенг Америка товарларини ўз ичига олган таклифлар рўйхатида айтилган. Шу билан бирга, ЕИ – Трампнинг божхона сиёсатига қарши Жаҳон савдо ташкилотига даъво аризаси билан мурожаат қилишини маълум қилди.
«Европа Иттифоқи АҚШ билан музокаралар йўлида ечим топишга қатъий содиқ қолади», деб яна бир бор таъкидлади Европа Иттифоқи раҳбари Урсула фон дер Ляйен. «Шу билан бирга, биз барча мумкин бўлган вариантларга тайёргарлик кўришни давом эттирмоқдамиз», дея қўшимча қилди у эҳтимолий жавоб мажбуриятлари бўйича таклифни ратификация қилиш имкониятига ишора қилиб.
Еврокомиссия рўйхатида автомобиллар, самолётлар ва автомобиль қисмларидан ташқари озиқ-овқат маҳсулотлари, хомашё ва механик жиҳозларнинг катта рўйхати мавжуд: курка, лосос ва Брюссел карамидан тортиб, хом нефть ва кўмир, шунингдек, стоматологик асбоб-ускуналаргача.
Трамп Киевнинг 30 кунлик сулҳ ғоясини қўллаб-қувватлади
АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ Украина етакчиси Володимир Зеленский томонидан Кремлга таклиф қилинган 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш режасини қўллаб-қувватлашини билдирди. «Агар ўт очишни тўхтатиш келишуви бажарилмаса, Қўшма Штатлар ва унинг ҳамкорлари қўшимча санкциялар жорий қилади», деб ёзди Трамп Truth Social платформасида.
«Россия ва Украина ўртасида тинчлик ўрнатиш учун европаликлар билан ишлайман ва бу доимий тинчлик бўлади! Бу ўт очишни тўхтатиш охир-оқибатда тинчлик келишувига олиб келиши керак», — деди Оқ уй раҳбари.
7 май куни кечқурун, Кремл томонидан эълон қилинган уч кунлик оташкесим кучга киришидан бир неча соат олдин, Украина президенти Володимир Зеленский барча ҳарбий ҳаракатларни камида 30 кунга тўхтатишни таклиф қилди.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Украина билан эҳтимолий 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув юзасидан аниқ ва асосли музокаралар олиб бориш, мавжуд «нюанслар»ни ҳисобга олмасдан имконсизлигини айтган. Шунингдек, Путин Ғалаба куни муносабати билан эълон қилган сулҳ 11 майда тугайди.
Россия ва Хитой стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги баёнотни имзолади
Кремлда Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Жинпинг музокаралари бўлиб ўтди. Бу Ғалаба парадига келган Си Жинпингнинг Россия Федерациясига ўн биринчи сафаридир.
Кремл матбуот хизматига кўра, музокаралар якунида Путин ва Си Жинпинг «янги даврда кенг қамровли шериклик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш тўғрисида»ги қўшма баёнотни имзолади. Бундан ташқари, икки томонлама ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар пакети имзоланди.
«Музокараларда сиёсат ва хавфсизлик соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик, иқтисодий алоқалар, маданий-гуманитар алмашинувлар атрофлича муҳокама қилинди», — деди Путин. Унинг сўзларига кўра, умумий қиймати тахминан 200 миллиард доллар лойиҳалар амалга оширилмоқда ёки амалга оширишга тайёрланмоқда. Москва ва Пекин ҳисоб-китобларни миллий валюталарга ўтказиш бўйича қадамларни мувофиқлаштирмоқда.
АҚШда Фаластинни қўллаб-қувватлагани учун ҳибсга олинган Румайса Ўзтурк озод қилинди
АҚШнинг Тафтс университетида Фулбрайт дастури доирасида таҳсил олаётган туркиялик докторант Румайса Ўзтурк, Фаластин бўйича билдирган фикрлари ортидан олти ҳафта давомида сақланган ҳибсдан гаров эвазига озод қилинди.
Вермонт штати федерал судьяси уч соат давом этган суд мажлисидан сўнг, Ўзтуркни озод қилишга қарор қилди. Судья АҚШ ҳукуматининг адвокатлари томонидан Ўзтуркни ҳибсда сақлашга асос бўладиган ҳеч қандай исбот тақдим этилмаганини таъкидлади. Ўзтуркга нисбатан фақат Тафтс университети сайтида ёзилган мақола асосида даъво қилинган.
АҚШ ҳукумати вакиллари эса Озтурк озод қилинмаслиги кераклигини таъкидлаган бўлса-да, қарорга таъсир қила олмаган.
Румайса Ўзтурк 25 март куни Луизиана штатида Иммиграция ва божхона назорати хизмати томонидан ҳибсга олинган эди. АҚШ ҳукумати уни визаси бекор қилингани сабаб депортация қилиш ниятида бўлган.
АҚШ Ташқи ишлар вазири Марко Рубио аввалроқ туркиялик қизнинг визаси бекор қилинганини ва уни депортация қилиш режалаштирилаётганини билдирган. Шунингдек, «ҲАМАС тарафдорлари» деб аталган 300 дан ортиқ хорижий талабага ҳам худди шундай чоралар кўрилганини эълон қилган эди.
Британия Россия соядаги флотининг 100 та танкерига қарши санкциялар жорий қиляпти
Буюк Британия ҳукумати жума куни Россиянинг соядаги флотидан 100 тагача танкерни санкциялар рўйхатига қўшишини маълум қилди.
Ҳукумат пресс-релизида айтилишича, танкерлар Россия нефть экспортида соядаги флотининг асосий қисмини ташкил қилади ва 2024 йил бошидан буён 24 миллиард долларлик нефтни ташиган. Британия аллақачон Россия нефтини ташувчи бир неча ўнлаб танкерларга қарши санкциялар жорий қилган.
«Миллий хавфсизлигимизга Россия томонидан таҳдидни эътибордан четда қолдириб бўлмайди, шунинг учун биз унинг [Путиннинг] соядаги флотини бузиш, нефтдан келадиган даромадларини қисқартириш ва сувости инфратузилмамизни ҳимоя қилиш учун қўлимиздан келганини қиламиз», — дея Кир Стармер сўзларини келтиради ҳукумат матбуот хизмати.
Британия ҳукуматининг эслатишича, соядаги флотнинг танкерлари нафақат Москвага Украинадаги уруш учун пул топишга ёрдам беради, балки Европадаги сув ости кабелларига ҳам зарар етказган.
Эрон ядровий масалалар бўйича АҚШ билан музокараларни давом эттиради
Эрон 11 май куни Ўмонда АҚШ билан ядровий дастур бўйича музокараларнинг тўртинчи раундини ўтказиш таклифини қабул қилди. Ядровий дастур бўйича музокаралар ўтказиш таклифи Ўмон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан билдирилган.
Аввалроқ, Ўмон ТИВ Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларнинг режалаштирилган навбатдаги раунди «логистика сабаблари»га кўра кўчирилишини эълон қилганди. Маслаҳатлашувларнинг учинчи раунди 26 апрел куни Маскатда бўлиб ўтган.
Теҳрон ўз ядро дастури фақат тинч мақсадларга қаратилганини айтиб келади. Халқаро атом энергетикаси агентлиги маълумотларига кўра, Эрон аллақачон юқори даражада бойитилган ураннинг катта миқдорига эга. Бу эса унга қисқа вақт ичида ядровий қурол яратиш имконини беради.
Мавзуга оид

14:01 / 08.05.2025
Яманга зарбалар сериясини амалга оширган Исроил, Москва аэропортларидаги коллапс ва Бокуга қўнишга мажбур бўлган Сербия президенти - кун дайжести

13:32 / 07.05.2025
Покистонга ҳужум қилган Ҳиндистон, геноцидга шерикликда айбланган АҚШ ва Германиянинг янги канцлери – кун дайжести

14:00 / 06.05.2025
Ғазони эгаллаш режасини маъқуллаган Исроил, «Алькатрас»ни очишни буюрган Трамп ва баллистик ракетани синовдан ўтказган Эрон – кун дайжести

15:11 / 05.05.2025