Ўзбекистон | 22:05 / 15.05.2025
982
5 дақиқада ўқилади

15 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ўзбекистонда «Ҳарвардчилар мактаби» очилади, болаларга машинани бошқаришни берганлик учун жавобгарлик кучайтирилади, Янги Тошкентнинг 30 фоизи боғ ва хиёбонлар учун ажратилади, болалар контентини ривожлантириш билан шуғулланувчи марказ ташкил этилди — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Болаларга машинани бошқаришни берганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Президент Наманганда мактаб ўқувчиларига автомобилни ижарага бериш авж олганини танқид қилиб, оқибатда кўплаб ёшлар мажруҳ бўлиб қолаётгани, ўлим ҳолатлари ҳам кўплигини айтди. Бундай қилмиш учун жавобгарлик кучайтириладиган бўлди.

Қайд этилишича, Наманганда ўқувчиларга автомобилни ижарага бериш авж олгани оқибатида, ҳар ойда 10-15 нафар ёшлар мажруҳ бўлиб қоляпти. Ўлим билан тугаётган ҳолатлар ҳам кўп.

Президент ички ишлар бошлиқлари, вилоят ва туман прокурорлари қонун устуворлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётганини таъкидлади. Шу муносабат билан болаларга машина бошқаришни берганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди.

Наманганда мактаб ўқувчиларига автомобилни ижарага бериш «бизнеси» гуллаётгани ҳақида Kun.uz бир неча бор ёзганди. Хусусан, 17 апрел куни эълон қилинган мақолада наманганлик мактаб ўқувчилари ижарага олинган машинада яна автоҳалокатга учрагани, машинасини бир неча соатга ижарага бериш орқали осон пул топаётганлар бу ноқонуний ишини ҳамманинг кўз ўнгида қилаётгани, вилоят ИИБ ва ЙҲХБ масъуллари эса негадир уларга нисбатан жиддий чора кўролмаётгани таъкидланган эди.

Янги Тошкентнинг 30 фоизи боғ ва хиёбонлар учун ажратилади

Янги Тошкент аҳолиси зарур хизматлардан пиёда ёки велосипедда 15 дақиқа ичида фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Янги Тошкент дирекцияси ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Нурматовага кўра, шаҳарнинг энергия таъминоти деярли 100 фоиз қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланади. Биринчи босқичда пахта пояларидан ишлаб чиқариладиган биоёнилғи асосидаги тригенерация қурилмаси ишга туширилади. Бу иншоот 50 мегаватт иссиқлик ва 27 мегаватт электр энергияси билан таъминлайди.

Қуёш электр станциялари ва гидроэлектр қувватлари орқали шаҳарга 1 гигаватдан ортиқ яшил энергия етказиб берилади. Энергия узлуксизлигини таъминлаш мақсадида йирик энергия сақлаш тизимлари ўрнатилади.

Лойиҳа доирасида биринчи босқичда ернинг 30 фоизи яшил парк ва хиёбонлар учун ажратилади. Биноларда яшил том технологияси жорий этилиб, уларнинг жазирама ёз кунларида салқинликни сақлашига хизмат қилади. Бу инновацион ечим шаҳарнинг иқлимий барқарорлигини оширади ва энергия тежамкорлигини таъминлайди.

Ўзбекистонда «Ҳарвардчилар мактаби» очилади

Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда таъкидланишича, хорижда ўқиётган ўзбекистонлик ёшларнинг атиги 1 фоизи топ-100 даги олийгоҳларга кирган. Ваҳоланки, топ-10 билан топ-200 даги таълим нархи бир-биридан атиги 15-20 фоизга фарқ қилади.

«Ёшларимиз жуда иқтидорли. Уларни тизимли йўналтириб, олийгоҳ танлашга кўмаклашиб, мақсадли тайёрлашни йўлга қўйсак бўлди, кўрсаткичларимиз каррасига ошади», – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари «Президент иқтидорли фарзандлари» миллий дастурини бошлаш ва «Ҳарвардчилар мактаби»ни очиш бўйича катта фармон имзолаганини айтди.

Бу муассаса Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб сифатида ташкил этилади. Бу йил 8-синф битирувчиларидан 60 нафари саралаб олиниб, халқаро мактабда топ-10 олийгоҳларга мақсадли тайёрланади.

Бундан ташқари, Президент ва ихтисослашган мактаблардан 208 нафар маслаҳатчи умумтаълим мактабларига бириктирилади.

Миллий дастур асосида маслаҳатчилар мактаблардан ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчини танлаб олиб, АҚШнинг Ҳарвард, Йел, Колумбия, Корнел каби олийгоҳларига тайёрлайди.

Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил қилинди

Президент қарори билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қошида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил қилинди.

Ушбу марказ болалар тарбияси ва соғлиғига салбий таъсир қиладиган ахборот маконидаги контентни таҳлил қилади. Маҳаллий ижодкорларга миллий контент яратиш бўйича буюртма беради, соҳада кадр тайёрлашни ташкил қилади. Қори Ниёзий институти марказга илмий жиҳатдан кўмаклашади.

Болалар контентини ривожлантириш марказига директор этиб таниқли режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов тайинланди.

Шунингдек, президент томонидан ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш учун 900 га яқин театр, маданият марказлари ва концерт заллари, ҳудудларда 1,5 мингга яқин спорт майдончалари, 200 та оромгоҳ, 2 мингдан ортиқ туризм объектлари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Мавзуга оид