Ўзбекистон | 18:04 / 16.05.2025
10162
6 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилар учун қатор енгилликлар эълон қилинди

Йўл чизиғини босганлик учун автоматик жарима қўллаш тўхтатилади. Радар бор жойда “Радар” белгиси мажбурий ўрнатилади. Жамоат транспорти учун ажратилган “А” ҳарфли йўлакда кечаси юришга рухсат берилди. Кераксиз деб топилган тўхташни тақиқловчи белгилар олиб ташланади. Темирйўл кесишмаларидаги беҳуда тўхтаб ўтишларга барҳам берилади. Йўлтаъмирлаш ва йўлчизиш ишлари фақат тунда олиб борилади.

Очиқ манбалардан олинган сурат

Ўзбекистон президентининг топшириғи билан, ҳайдовчиларга енгиллик яратишга қаратилган ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Радарлар йўл чизиғини босганлик учун жарима ёзмайди

1 июндан бошлаб йўл чизиқларини босиб қоидабузарлик содир этиш ҳолатларини автоматлаштирилган фото-видео қайд этиш мосламалари орқали қайд этишга йўл қўйилмайди. Тўхташ чизиғи – “стоп-линия” бундан мустасно.

“Ҳайдовчи чизиқни босиб олса, бу қоидабузарлик фоторадар ёки видеокамера орқали қайд этилмайди, демак, автоматик равишда жарима ёзилмайди. Лекин ЙПХ ходими томонидан аниқланганда, қоидабузарлик ўрнатилган тартибда расмийлаштирилади”, – дея аниқлик киритди Асадов.

Шаҳарларда 07:00 дан 21:00 гача йўл таъмирлаш ишларини олиб бориш тақиқланмоқда

1 июндан бошлаб, шаҳарларда автомобил йўлларини таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 07:00 дан 21:00 га қадар амалга оширишга йўл қўйилмайди. Дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно.

“Таъмирлаш ва йўл чизиқларини янгилаш ишлари энди кундузи эмас, фақат кечаси – йўллардаги ҳаракат камайган вақтда амалга оширилади. Бу ўзгариш фуқароларнинг кундалик ишга бориш-келиш, фарзандини мактабга олиб бориш ёки шифохонага етиб олишни осонлаштириш билан бир қаторда, тирбандликлар юзага келишини олдини олади”, – дея изоҳ берди президент матбуот хизмати.

Радар бор жойда “Радар” йўл белгисини ўрнатиш мажбурий бўлади

1 сентябрдан бошлаб, ҳаракат тезлигини назорат қилишга мўлжалланган ҳар қандай турдаги стационар ва мобил радарлар жойлашган ҳудудда “Радар” йўл белгисининг ўрнатилиши мажбурий бўлади.

“Радар” йўл белгиси радар жойлашган жойдан камида 250 метр, кўпи билан 500 метргача бўлган масофада ўрнатилади.

Кечаси жамоат транспорти йўлагида юришга рухсат берилди

Бугундан бошлаб, соат 23:00 дан 06:00 га қадар йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаларда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилди.

Бунгача автобуслар ҳаракати учун ажратилган, яъни "А" ҳарфли тасмаларда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ҳозирда тақиқланган эди.

“Соат 23:00 дан бошлаб деярли барча автобус йўналишлари ўз ишини тугатишини ҳисобга олиб ҳамда қўшимча қулайлик яратиш мақсадида, бошқа транспорт воситаларининг тунги пайтда, соат 6:00 га қадар ушбу тасмаларда ҳаракатланиши мумкин бўлади ва бу қоидабузарлик ҳисобланмайди”, – дейилади расмий изоҳда.

Мактаб ва боғчалар олдида тезлик режими юмшатилди

Мактаб ва боғчалар атрофидаги йўлларда соат 19:00 дан 07:00 гача бўлган вақт оралиғида, шунингдек, дам олиш ва таътил кунларида ушбу аҳоли пункти учун рухсат этилган умумий тезлик чегарасигача ошириб ҳаракатланишга рухсат берилди.

Маълумот учун, 2022 йил апрелдан эътиборан, мактаб ва боғчалар атрофидаги йўлларда 300 метргача бўлган масофада тезликни 30 км/соатдан ошириш тақиқланган.

Тўхташни тақиқловчи йўл белгилари қайта кўриб чиқилади

“Тўхташ тақиқланган” ва “Тўхтаб туриш тақиқланган” йўл белгиларининг мақсадга мувофиқ ўрнатилгани нуқтайи назаридан тўлиқ қайта кўриб чиқилади. Зарурат бўлмаган жойларда ўрнатилган йўл белгилари демонтаж қилинади.

Шунингдек, бу белгиларнинг амал қилиш вақтини кўрсатувчи қўшимча ахборот белгилари ўрнатилади. Бу белгиларда кўрсатилган амал қилиш вақтидан ташқари пайтда, транспорт воситаларининг тегишлича тўхташи ва тўхтаб туришига рухсат берилди.

“Масалан, "Тўхтаб туриш тақиқланган" белгисининг тагида амал қилиш вақти соат "7:00 – 21:00" деб кўрсатилган бўлса, транспорт воситалари ушбу белги ҳудудида соат 21:00 дан 7:00 га қадар бемалол тўхтаб туришлари мумкин бўлади”, – дея тушунтирди президент матбуот хизмати.

Темирйўл кесишмаларида “Стоп” белгилари бошқарилувчи светофорларга алмаштирилади

Қайд этилишича, бугунги кунда йўллардан кесиб ўтувчи айрим темирйўлларда ҳафта ёки кун давомида вагонлар ҳаракатланмаса-да, ҳайдовчилар белги олдида тўхташга мажбур ва натижада узун тирбандликлар юзага келмоқда.

Масалан, Тошкент шаҳрининг Фарғона йўли кўчаси (кўприк олдида), Чўпонота ва Шота Руставели кўчалари кесишмаси, Кичик халқа йўли (Қушбеги) сингари йирик йўлларда зарурат бўлмаса-да, ҳайдовчилар тўхташга мажбур.

Шу муносабат билан қарор билан автомобил йўлларидан ўтган айрим темирйўл кесишмаларида “Стоп” белгилари бошқарилувчи сфетофорларга алмаштирилиши белгиланди.

Ўзбекистон йўлларидаги барча радар ва камералар йил охиригача тўлиқ хатловдан ўтказилади

Қарорга мувофиқ:

  • Ички ишлар вазирлиги томонидан 2025 йил якунига қадар чорраҳа ва йўллардаги барча махсус техника воситалари тўлиқ хатловдан ўтказилади;
  • хатлов натижалари бўйича ўзбошимчалик билан ёки белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда ўрнатилган, техник ва стандарт талабларига жавоб бермайдиган техника воситалари демонтаж қилинади;
  • ҳайдовчилар томонидан тезликни ошириш ҳолатлари кўплаб кузатилаётган ҳудудларда автомашиналарнинг айни вақтдаги тезлигини кўрсатиб огоҳлантирувчи электрон таблолар ўрнатилади;
  • тадбиркорларнинг махсус техника воситаларидан фойдаланишда шахсга доир маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш чоралари кўрилади.

Биринчи марта содир этилган енгил қоидабузарлик учун огоҳлантириш берилади

Маълум қилинишича, президент топшириғига мувофиқ, маъмурий жазолар тизимига янги – “маъмурий огоҳлантириш” таъсир чорасини киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Лойиҳага кўра, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ айрим енгил турдаги ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахсларга ЙПХ инспектори томонидан огоҳлантириш берилади. Огоҳлантириш бир йил ичида фақат бир маротаба берилиши мумкин.

Мавзуга оид