Жаҳон | 18:15
2064
2 дақиқада ўқилади

Бомбардиро Крокодило — Қозоғистонда СИ мультфильмлари хавфли деб эълон қилинди

Бомбардиро Крокодило, Тралалеро Тралала ва бошқа персонажлар ижтимоий тармоқларда машҳур бўлди. Қозоғистон Таълим вазирлиги уларнинг болалар учун хавфли эканини таъкидламоқда.

Фото: YouTube

Қозоғистон Таълим вазирлигининг Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «бузғунчи маълумот тарқатувчи» мультфилмларнинг болалар учун хавфли экани ҳақида баёнот берди, деб ёзди Informburo.

Бомбардиро Крокодило, Тралалеро Тралала ва бошқа персонажлар ижтимоий тармоқларда машҳур бўлди. Улар иштирокидаги видеолар миллионлаб томоша ва «лайк» йиғмоқда. Қаҳрамонлар сунъий интеллект томонидан яратилган ва итальян тилида айтилган. Яқинда тармоқ фойдаланувчилари видеоларни таржима қилишга қарор қилди ва ҳайратда қолди. Уларнинг сўзларига кўра, Бомбардиро Крокодило «учиб юрувчи тимсоҳ» бўлиб, «Ғазо ва Фаластиндаги болаларни бомбардимон қилади». Қолаверса, «қаҳрамонларнинг таърифларида беҳаё сўзлар ва Худога нисбатан ҳақоратлар мавжуд».

«Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ташқи кўринишида болалар контенти сифатида яратилган, лекин яширин бузғунчи маъноларни ўз ичига олган мультфильмларнинг интернетда тарқатилишидан хавотир билдиради. Зарарсиз видеолар ниқоби остида болалар ташвиш уйғотувчи, тажовузни қўзғатувчи ва асосий маънавий қадриятларга путур етказувчи тасвирларни кўришга мажбур бўлмоқда», дейилади хабарда.

Шу муносабат билан Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси норматив-ҳуқуқий базани замонавий рақамли воқеликни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрламоқда. Тегишли хатлар кейинчалик қайта ишлаш учун Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигига юборилади.

«Фарзандларингиз нима томоша қилаётгани, кимлар билан мулоқот қилаётгани ва интернетда қандай мавзуларни муҳокама қилаётганига айниқса эътиборли бўлишингизни сўраймиз. Фарзандингиз билан мунтазам суҳбатлашинг, унинг танқидий фикрлаши ва зарарли маълумотларга қаршилик кўрсатишни ривожлантиринг. Агар шубҳали контентни аниқласангиз, дарҳол тегишли органларга хабар беринг. Сизнинг иштирокингиз фарзандингизнинг рақамли муҳитда хавфсизлигини таъминлашнинг асосий омилидир», дейилади Таълим вазирлиги хабарида.

Мавзуга оид