Жамият | 18:52 / 21.05.2025
3691
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида уйида йўлбарс боқиб келган шахс аниқланди

Шунингдек, унинг хонадонидан 7 та йўлбарссимон питон илони ҳам топилган. Ёввойи ҳайвонлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилган.

Фото: Экология вазирлиги

Тошкент туманида яшаш хонадонида Амур йўлбарсини сақлаб келган фуқаро аниқланди, деб хабар беради Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти Экология бошқармаси, Бош прокуратура, вилоят ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида навбатдаги назорат рейд тадбири ўтказилган.

Рейд давомида Тошкент тумани «Тутзор» МФЙда яшовчи Ш.А. томонидан яшаш хонадонида ноқонуний равишда 1 дона Амур йўлбарси ва 7 та йўлбарссимон питон илони сақланаётгани аниқланган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2025 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан кўплаб ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш ҳамда цирк томошаларида ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш тақиқланган.

Маълум қилинишича, хонадонда аниқланган ёввойи ҳайвонлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилган. Бош прокуратура томонидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

Аввалроқ Тошкент шаҳри ва вилоятида тўртта шер ноқонуний боқиб келингани аниқланган эди.

Мавзуга оид