ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Швейцария Исроилнинг ёрдам фондига нисбатан текширув бошлади
Швейцария АҚШ ва Исроил кўмагида Ғазо секторига гуманитар ёрдам тарқатиш учун тузилган Gaza Humanitarian Foundation (GHF) бўйича дастлабки суриштирув ўтказмоқда. Reuters агентлигининг хабар беришича, ҳозирда GHF жамғармаси фаолиятини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш масаласи ҳал қилинмоқда.
Текширув TRIAL International нодавлат ташкилоти талабига биноан Швейцариянинг EDA назорат органи томонидан амалга оширилади. Ушбу ННТ худди шундай мурожаатни ESA фондларни назорат қилиш органига ҳам юборди.
Хусусий GHF жамғармаси Исроилнинг Ғазо сектори аҳолисига ёрдам етказиш режасининг бир қисми сифатида махсус яратилган. Ушбу режа доирасида GHF инсонпарварлик ёрдамини тарқатиш марказларини яратиш бўйича монопол ҳуқуқларни самарали олиши керак эди ва бундан буён барча халқаро ташкилотлар, шу жумладан БМТ шафелигида фаолият юритувчи ташкилотлар ҳам ёрдамларни фақат ушбу фонд орқали амалга ошириши мумкин эди.
БМТ Исроилнинг режасини қаттиқ танқид қилди. Баъзи кузатувчилар унинг молиявий тузилмасининг шаффоф эмаслигини таъкидлайди.
Gaza Humanitarian Foundation — 2025 йил февраль ойида АҚШда ташкил этилган нотижорат ташкилот бўлиб, АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланади. Лекин катта миқдордаги ёрдамини тақсимлашни мақсад қилган ташкилот — БМТ ва бошқа инсонпарварлик ташкилотлари томонидан ёрдамни сиёсийлаштиришда, бетарафлик ва мустақиллик тамойилларига зид ҳаракат қилишда айбламоқда. Айниқса, ташкилотнинг ёрдам марказларининг жойлашуви туфайли — муҳтожлар хавфли ҳудудлардан ўтишга мажбур бўлмоқда, бу эса халқаро ҳуманитар ҳуқуқ нормаларига зид деб баҳоланмоқда. Ушбу айбловлар ортидан GHFнинг ижрочи директори Жейк Вуд ҳам 25 май куни лавозимидан истеъфога чиққан.
Трамп Путинни “телба” деб атади
АҚШ президенти Доналд Трамп якшанба куни Украина шаҳарлари бўйлаб 12 кишининг ўлимига сабаб бўлган ёпирилма зарбалардан кейин Россия президенти Владимир Путинни кескин оҳангда танқид қилди. Трамп олдин ҳам Путиннинг ҳаракатларини қоралаган, бу сафарги сўзлар эса Истанбулда тинчлик музокараларини қайтадан бошлашга уриниш фонида янгради.
Россия қуролли кучлари бир неча кундан буён кетма-кет Киев ва бошқа Украина шаҳарлари устига дронлар ва ракеталар билан ҳужум уюштирмоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп бу ҳужумлар борасида тўхталиб, сабр-тоқатини йўқотаётгани ҳақида ёзди ва Россия президенти Владимир Путинни «телба» деб атади.
«Мен ҳар доим Россия президенти Владимир Путин билан жуда яхши муносабатда бўлганман, аммо у билан нимадир содир бўлди. У мутлақо ТEЛБА бўлиб қолди! У беҳудага кўп одамларни ўлдиряпти — бу ерда гап фақат аскарлар ҳақида эмас. Ҳеч қандай сабаб бўлмасдан Украина шаҳарлари устига ракеталар ва дронлар учирилмоқда», – деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
Трампнинг ҳақоратига Кремль сўзчиси Дмитрий Песков «ҳиссий юклама таъсири», дея баҳо берди.
«Америка томони саъй-ҳаракатлари билан бошланган музокаралар жараёни жуда муҳим ютуқ. Биз америкаликлар ва шахсан президент Трампдан чин дилдан миннатдормиз. Албатта, шу билан бирга, бу мутлақо ҳамма учун ҳиссий юклама ва ҳиссий реакциялар билан боғлиқ бўлган жуда муҳим лаҳзадир», деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Песковнинг қўшимча қилишича, айни пайтда президент Владимир Путин «мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган қарорларни қабул қилмоқда».
Трамп, шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленский ҳам ўз мамлакатига фойда келтирмайдиган тарзда гапираётгани ва у буни тўхтатиши кераклигини айтган:
«Худди шунингдек, президент Зеленский ҳам ўз мамлакатига фойда келтирмайдиган тарзда гапиряпти. Оғзидан чиққан ҳар бир сўз муаммо туғдирмоқда. Бу менга ёқмайди ва бу дарҳол тўхташи керак», деган Трамп.
Зеленский якшанба куни Россиянинг янги ҳужумлари фонида АҚШ ва бошқа давлатларнинг «сукут сақлаётганини» танқид қилган эди.
Ливерпулдаги байрам фожиа билан якунланди
Англияда 26 май куни Ливерпул футбол клубининг Премер-лигадаги ғалабасини нишонлаётган оломон устига ҳайдовчи машинасини ҳайдаб юбориши оқибатида бир бола ва бир катта ёшли шахс оғир тан жароҳати олди, жами 50 га яқин одам жабрланган.
Воқеа юзасидан 53 ёшли эркак қўлга олинди. Полиция бу ҳаракатни террорчилик эмас, якка ҳолат деб баҳоламоқда. Ҳозирча воқеа сабабларига аниқлик киритилмаган.
Фавқулодда хизматлар уч киши ва бир болани машина остидан чиқариб олган. 27 нафар жабрланувчи касалхонага ётқизилган, яна 20 нафари жойида даволанган.
Ҳодиса Ливерпул марказида, жамоа усти очиқ автобусда 10 миллик парад ўтказаётган бир пайтда содир бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода қора машина тезликда оломонга кириб бораётгани ва одамлар ерга йиқилаётгани акс этган. Бош вазир Кейр Стармер ҳодисани «жирканч» деб атаб, жабрланганларга ҳамдардлик билдирди ва тергов учун полицияга имкон беришни сўради.
Ливерпул футбол клуби жабрланганларга ҳамдардлигини айтиб, Фавқулодда хизматларга тўлиқ кўмак беришини маълум қилди.
АҚШ воситачиси ҲАМАСга асосий келишув лойиҳаси таклиф этди
АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф CNNга берган интервьюсида Ғазо бўйича асосий келишув лойиҳаси таклиф этилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу режа урушни тўхтатиш йўлида муҳим қадам бўлиши мумкин ва у Ҳамасдан бу келишувни қабул қилишни сўради.
Таклифга кўра:
- ҲАМАС тирик гаровга олинганларнинг ярми ва ҳалок бўлганларнинг ярмини озод қилади;
- Бунинг эвазига вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш эълон қилинади;
- Сўнгра доимий сулҳ бўйича асосий музокаралар бошланади, уларга Уиткофф бошчилик қилади.
У вақтинчалик сулҳ қанча давом этишини очиқламади. ҲАМАС бу режа бўйича ҳали аниқ жавоб бермаган. Айрим манбаларга кўра, ҲАМАС бу режага рози бўлган, аммо тафсилотлар ошкор қилинмаган.
Олдинроқ Reuters нашри, ҲАМАС 70 кунлик сулҳ эвазига 10 гаровни озод қилишга рози бўлганини ёзган эди. Бироқ Уиткофф бу таклифни рад этиб, «қабул қилиб бўлмайдиган вариант», деб атади.
Уиткофф ҲАМАС расмийлари билан бевосита учрашмаган. Музокараларда АҚШ номидан фаластин-америкалик тадбиркор Бишара Баҳбаҳ қатнашган. У илгари «Трамп учун араб-америкаликлар» гуруҳини бошқарган.
Янги сулҳ таклифи урушда кескин паллага тўғри келди. Исроил армияси Ғазонинг жанубий қисмини, хусусан Хон Юнус шаҳри ва унга туташ ҳудудларни бўшатиш бўйича буйруқларни берган. Исроил армияси ҳозирда Ғазода 5 та дивизия - ўн минглаб аскар билан фаолият юритмоқда.
Шу билан бирга, Исроилга нисбатан ЕИ, Британия ва Канада томонидан ҳам халқаро босим ошиб бормоқда.
Макрон Ветнамга ташрифи чоғида рафиқасидан шапати еди
Франция президенти Эммануэл Макрон Ветнамга ташрифи чоғида рафиқаси Брижитдан тарсаки еди.
Ҳодиса Франция президенти самолётининг эшиги очилган вақтда юз берди. Видеолавҳада Макрон юзига тарсаки туширилгани кўринади. Бироздан кейин президент ва биринчи хоним хотиржам ҳолда самолётдан тушиб келади.
Елисей саройининг таъкидлашича, Макрон ва унинг рафиқаси шунчаки «ҳазиллашишга қарор қилган», бу уларнинг расмий тадбир олдидан «хотиржам бўлиб олиш усули» ҳисобланади. Liberation хабарига кўра, Елисей саройи буни «фитна назариётчилари эътиборига тушишга арзийдиган ҳодиса эмас», деб ҳисоблайди.
Сурия расмийлари: Асад даврида 8 млн киши кузатув остида бўлган
Сурия президенти Башар Асад ҳукмронлиги даврида мамлакат махсус хизматлари саккиз миллионга яқин одам устидан кузатув олиб борган, қидирган ёки маълумотлар йиғган, деб хабар берди янги ҳукумат ички ишлар вазирлиги.
«Гап махсус хизматлар ва бошқа идоралар маълумотга эга бўлган Сурия халқининг деярли учдан бир қисми ҳақида кетмоқда», — дея идора вакилининг сўзларидан иқтибос келтиради dpa агентлиги. Унга кўра, саккиз миллиондан ортиқ одам сиёсий сабабларга кўра махсус хизматларнинг кузатувига тушган. Бу кўпинча «терроризмда» айбланган, ҳибсга олинган, қамоққа ташланган ёки кузатув остида бўлган намойишчилар ва режим мухолифларига тегишли.
Кўп одамлар назорат остида бўлганликларини фақат назорат-ўтказиш пунктларида қўлга олинганда ёки мамлакатни тарк этишга уринганларида билган, деди Сурия ҳукумати расмийси.
2024 йил охирида Суриядаги мухолифат бошчилигидаги Аҳмад аш-Шаръа Дамашқни эгаллаб, диктатор Башар Асадни ағдарди. Асад ва унинг оиласи Россияга қочиб кетди.
Мавзуга оид

13:12 / 29.05.2025
Ғазога ёрдамни қуролга айлантирган Исроил, Россияга қарши санкциялар ҳақида ўйлаётган Трамп ва Канада учун 61 миллиардлик «Олтин гумбаз» – кун дайжести

13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести

13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести

14:21 / 24.05.2025