Жаҳон | 13:40 / 28.05.2025
2475
9 дақиқада ўқилади

Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шимолий Европа давлатлари Россия томонидан хавфни кўрмоқда

Шимолий Европа давлатлари ҳукумат раҳбарлари Россия хавф туғдираётганидан огоҳлантирмоқда, деб ёзади dpa ахборот агентлиги. «Дам олиш кунларида содир бўлган даҳшатли ҳужумлар, афсуски, биз аллақачон билган нарсамизни исботлайди: Россия тинчликдан манфаатдор эмас», деб ёзади Дания бош вазири Метте Фредериксен.

«Кун давомида президент Владимир Путин музокаралар ҳақида гапиради, кечаси эса Украинани бомбардимон қилади», — деди у Финландияда Шимолий Европанинг бошқа давлатларидан келган ҳамкасблари билан учрашувдан кейин. «Украина бундан ҳам кўпроқ ёрдам олиши керак».

Финландия бош вазири Петтери Орпо ҳам шундай фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, «Россия Финландия ва бутун Европа учун узоқ муддатли хавф туғдиради». Унинг аниқлик киритишича, гап нафақат ҳарбий соҳа ҳақида, балки киберҳужумлар ва Болтиқ денгизи тубида алоқа кабеллари қайта-қайта шикастланиши каби прецедентлар ҳақида кетмоқда.

Орпо Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда Россиянинг конструктив иштирокига эришиш учун Россия президенти Владимир Путинга халқаро босимни кучайтиришга чақирди. «Путин куч ишлатмасдан, ечим топишга уринмайди. Шунинг учун бизга кўпроқ босим керак», — деди у.

Уиткофф: Ҳамас Исроил билан сулҳ бўйича келишувни рад этди

Ҳамас ташкилоти АҚШ таклиф қилган сулҳ битимини рад этди. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф AFP’га маълум қилди. Аввалроқ Ҳамас жангчилари Исроил билан келишувга эришишга тайёр экани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Фаластин томонидан музокаралар доираларидаги манбаларга таяниб AFP'нинг аниқлик киритишича, Уиткофф таклиф қилган келишув жангчилар томонидан яна ўн нафар гаровга олинган исроилликни озод қилиш, 70 кунлик ўт очишни тўхтатиш ва Исроил қўшинларини Ғазо секторидан қисман олиб чиқиб кетишни назарда тутган. Биринчи беш тирик гаровга олинган шахс сулҳнинг биринчи ҳафтасида, яна беш нафари эса жанговар ҳаракатлардаги 70 кунлик танаффус охирида озод этилиши керак эди.

Айни пайтда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу – Ҳамас гаровга олинганлар ҳақида «бугун бўлмаса, эртага» баёнот беришига умид қилаётганини билдирди. Шу билан бирга, у Исроил ҳукумати барча гаровга олинганларни – «ҳам тирикларни, ҳам ўликлар»ни ватанига қайтаришга қатъий қарор қилганини таъкидлади.

Саудия Арабистонида Қурбон ҳайити 6 июнь куни нишонланиши эълон қилинди

Қиролликдаги ой кузатилувчи минтақа — Тумайрда 27 май куни Зулҳижжа ойи кўринди. Шунга мувофиқ, Саудия Арабистони Олий суди — 2025 йил 28 май, чоршанба кунидан 1446 ҳижрий йилнинг Зулҳижжа ойи бошланишини эълон қилди.

Унга кўра, ҳожиларнинг Арафотда туриш маросими (арафа куни) 2025 йил 5 июнь, пайшанба куни бўлиши тасдиқланди. Қурбон ҳайити эса ундан кейинги кун, яъни 2025 йил 6 июнь, жума куни нишонланади.

АҚШ барча элчихоналарига хорижий талабалар учун виза суҳбатлари белгилашни тўхтатишни буюрди

Доналд Трамп маъмурияти АҚШ элчихоналарига бутун дунё бўйлаб хорижий талабалар учун виза суҳбатларини белгилашни зудлик билан тўхтатишни буюрди. Виза учун барча халқаро аризачиларнинг ижтимоий тармоқларини кенг қамровли текширишга тайёргарлик кўрилмоқда.

27 май куни АҚШ Давлат департаменти томонидан юборилган махфий хабарда консуллик бўлимларида «талаба ва алмашинув дастури иштирокчилари учун (F, M ва J визалари) янги виза суҳбатларини қўшишни вақтинча тўхтатиш» кўрсатилган. Бу тўхтатиш бўйича қўшимча кўрсатмалар бир неча кун ичида берилиши айтилган.

Бу ҳақда дастлаб Politico нашри хабар берди, кейинроқ, The Guardian ҳам ўз манбаларига таяниб бу хабарни тасдиқлади. «Тасдиқланган бу кўрсатма виза жараёнларининг жиддий кечикишига ва Трамп «чап қанот мафкурасини (Фаластинни қўллаб-қувватловчилар) тарғиб қилади», деб айблаган кўплаб университетларга зарар етказиши мумкин. Бу олий ўқув юртлари кўп ҳолларда хорижий талабалардан тушадиган даромадга таянади.

«Департамент талаба ва алмашинув дастури иштирокчилари учун виза аризаларини кўриб чиқиш ва текшириш бўйича амалдаги амалиёт ва жараёнларни қайта кўриб чиқмоқда», – дейилади хабарномада.

Айни вақтда АҚШда бир миллиондан ортиқ хорижий талабалар мавжуд бўлиб, улар 2023–2024 йилларда 43,8 миллиард доллардан ортиқ иқтисодий фойда олиб келган ва 378 мингдан ортиқ иш ўрнини таъминлаган. NAFSA'га кўра, хорижий талабаларга виза беришнинг тўхтатилиши олий таълим муассасаларининг муаммоларини янада чуқурлаштириши мумкин.

Германия канцлери Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилди

Германия канцлери Фридрих Мерц Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини танқид қилди. «Исроил ҳукумати ўзининг энг яхши дўстлари бир кун келиб қабул қилишга тайёр бўлмайдиган нарса қилмаслиги керак», деди Германия ҳукумати раҳбари Берлиндаги Еврофорумда сўзлаган нутқида.

«Тўғрисини айтсам, Исроил армияси Ғазо секторида қандай мақсадни кўзлаётганини энди тушунмаяпман», — дея қўшимча қилди Мерц. Шу билан бирга, у «тинч аҳолининг сўнгги кунларда тобора кучайиб бораётган даражада азоб чекишга мажбур бўлаётганини энди Ҳамасга қарши кураш билан оқлаб бўлмаслигини» таъкидлади. Германиядан Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларига нисбатан танқид даражасига тўхталар экан, у: «Ҳозир бу борада аниқроқ бўлишимиз керак», деди.

Шу билан бирга, Германия канцлери Исроилни оммавий танқид қилишда Германия «дунёдаги бошқа давлатлардан кўра кўпроқ вазмин бўлиши» кераклигини тан олди. Шунга қарамай, «халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойиллари бузилганда», Германия канцлери «бир нарса дейиши керак», деди Фридрих Мерц.

ЕМБ раҳбари: Глобал иқтисодий ўзгаришлар еврони кучайтириши мумкин

Жаҳон иқтисодиётидаги глобал ўзгаришлар, кўплаб мамлакатларнинг протекционистик сиёсатга ўтиши ва халқаро ҳамкорликдан узоқлашиши Европа иқтисодиёти фойдасига ишлаши ва евро курсининг ўсишига олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди Европа Марказий банки (ЕМБ) раҳбари Кристин Лагард. У бу фикрини Берлиндаги Hertie School университетида бўлиб ўтган тадбирдаги нутқи давомида айтди.

Лагарднинг сўзларига кўра, ҳукмрон жаҳон валютаси сифатида АҚШ долларига нисбатан ноаниқлик евронинг ўсишига ёрдам бериши мумкин: «Жаҳон иқтисодиёти очиқлик ва кўп қирралилик асосида АҚШ етакчилигида ривожланди, аммо бугунги кунда у қуламоқда», — дея унинг сўзларини келтиради AFP. Унинг фикрича, Европа оқилона иш тутса, янги имкониятлар очилиши мумкин. «Евронинг халқаро ролини кучайтириш евро ҳудудига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин», деди ЕМБ раҳбари. «Валюта курсининг ўзгариши бизга камроқ таъсир қилади, чунки кўпроқ савдо еврода олиб борилади, бу эса Европани капитал оқими беқарорлигидан ҳимоя қилади». Унинг қўшимча қилишича, евроҳудуд шу тариқа санкцияларга нисбатан чидамлироқ бўлади.

Reuters қайд этишича, айни пайтда, евро – валюта захираларининг 20 фоизга яқин улуши билан дунёдаги иккинчи энг муҳим захира валютаси бўлиб қолмоқда. АҚШ долларининг улуши 58 фоизни ташкил этади.

Чарлз III Канада парламентда тахт нутқини ўқиди

Буюк Британия ва Британия Ҳамдўстлиги давлатлари қироли Чарлз III Канадага ташриф буюриб, мамлакат парламенти янги сессиясида нутқ сўзлади.

Чарлз III «дунё ҳеч қачон бу қадар хавфли ҳолатга келмаган» деб таъкидлаб, АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан билдирилган Канаданинг аннексиясига доир таҳдидларга қарши рамзий қўллаб-қувватлов сифатида баҳоланган чиқиш қилди.

«Ҳақиқатга юзланишимиз керак: Иккинчи жаҳон урушидан бери дунёмиз ҳеч қачон ҳозиргидек хавфли ва беқарор бўлмаган. Канада биз ҳаётимиз давомида ҳеч қачон учрамаган қийинчиликларга дуч келмоқда. Кўплаб канадаликлар атрофдаги кескин ўзгараётган дунё сабабли хавотирда ва безовта. Ҳақиқий Шимол — чинакам кучли ва озоддир», — деган қирол француз тилида чиқиш қилиб.

Қирол Чарлз III — Британия Ҳамдўстлиги аъзоси бўлган Канаданинг ҳам давлат бошлиғи ҳисобланади. Трампнинг Канадани «АҚШнинг 51-штатига айлантириш» ҳақида бир неча бор такрорлаган таклифлари ортидан, Бош вазир Марк Карни Қиролни парламентдаги тахт нутқини ўқишга таклиф қилган. Унда Либерал ҳукуматнинг янги сессиядаги устувор йўналишлари баён этилади.

Мавзуга оид