Жамият | 20:26 / 29.05.2025
61406
10 дақиқада ўқилади

54 кун қидирилган мурда: навоийлик ошиқ-маъшуқ қотиллар

2024 йил 29 ноябр. “Навоий-Тошкент” йўналишида қатнайдиган автобусда “посадчик” бўлиб ишлайдиган йигит уйига қайтмайди. Ўзбекистон карлар жамияти Навоий вилоят ҳудудий бўлими раиси лавозимида ишлайдиган турмуш ўртоғи “Сизлар билан кетганди, топиб беринглар”, дея аввалига автобусчининг олдига боради. Сўнгра ИИБга мурожаат қилади. Ҳамма уни излар, бироқ 33 ёшли йигит ҳеч қаерда йўқ эди. Орадан 54 кун ўтиб у топилди, фақат мурдаси: йигит қотиллик қурбони бўлганди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шундай жиноятлар бўладики, қайсидир жиҳати билан йиллар давомида одамлар хотирасида муҳрланиб қолади. 2024 йилнинг ноябр ойи охирида Кармана туманида содир этилган қотилликни ҳам навоийликлар, айниқса ғаввослар ҳали-бери унутишмаса керак. Чунки қотиллик қурбони бўлган 33 ёшли йигитнинг мурдаси Зарафшон дарёсидан қарийб 2 ой давомида изланган. Мақолада ушбу жиноят тафсилотлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Йўқолиб қолган “посадчик”

Даврон Кенжаев ва Мафтуна Ҳусаинова 2012 йилда турмуш қуришган. Улар икки фарзанди билан Кармана туманининг Каттамачид маҳалласида истиқомат қилишарди.

Даврон Кенжаев “Навоий-Тошкент” йўналишида қатнайдиган автобусларнинг бирида йўловчиларни йўналтирувчи (посадчик) бўлиб ишлаган. У меҳнаткаш, уйим-жойим дейдиган оддий йигит бўлган. 1990 йилда туғилган Мафтуна Ҳусаинова эса Ўзбекистон карлар жамияти Навоий вилоят ҳудудий бўлими раиси лавозимида ишлаган.

Даврон 2024 йил 29 ноябр куни эрта тонгда ишга кетганича уйига қайтмайди. Эртаси куни ҳам дараги бўлавермагач, турмуш ўртоғи аввалига эри билан бирга ишлайдиганларга қўнғироқ қилиб, уни сўрайди. “Сизлар билан бирга кетган эди-ку”, дейди аёл хавотирли оҳангда. Сўнгра турмуш ўртоғи йўқолиб қолгани ҳақида ички ишлар бўлимига хабар беради.

Иши тугаши билан уйига югурадиган Давроннинг бирдан йўқолиб қолиши унинг яқинларини оёққа турғизганди: ҳамма уни излашга тушади, бироқ ҳа деганда топилавермайди. Даврон мудҳиш қотиллик қурбони бўлганини бу пайтда ҳеч ким билмасди.

Ошиқ таксист

Даврон ва Мафтуна бир қарашда атрофдагиларга бахтли оила каби кўринарди: ҳар иккиси ишли, фарзандлари бор, бировдан кам жойлари йўқ. Ҳатто Мафтуна болаларини мактаб ва боғчага олиб бориб-келтириш, ўзининг юмушлари учун шахсий таксист ҳам тутиб қўйганди. Бу 1992 йилда туғилган Сойиб Примов эди.

Сойиб ойлик тўлов эвазига ҳар куни эрталаб Мафтунанинг ўғлини мактабга, қизини эса боғчага олиб бориб, дарслар тугагач келтириб қўярди. Ундан ҳеч ким шубҳа қилмаган. Аммо олдиндан таниш бўлган Сойиб ва Мафтуна 2023 йилнинг декабр ойидан бошлаб дон олиша бошлаганди. Даврон Тошкентга кетганида Мафтуна Сойибни кўнгли тусаб, уни кечаси уйига чақирар, ошиқларнинг бундай дийдорли тунлари ҳафтада бир-икки бўлиб турарди.

Кутилмаган “меҳмон”

2024 йилнинг 29 ноябр куни тунда ҳам ошиқ-маъшуқларнинг ана шундай учрашуви бўлиб ўтади: ўша куни соат 21:00 дан кейин Сойиб Мафтунага боришини айтиб хабар жўнатади.

Мафтуна аввалига ўғлини, кейин қўшни хонага олиб ўтиб қизини ухлатади. Кейин ташқарига чиқиб дарвозани очади ва Сойиб кириб келади. Улар хонага киришади ва ўтириб, бирга овқатланишади. Сўнгра аёл ухлаб ётган қизи ёнида бошқа эркак билан ошиқ-маъшуқ ўйинини ўйнайди.

Соат тунги 1:00 лар атрофида Сойиб кеч бўлиб қолганини айтади ва кетишга чоғланади. Ташқарига чиққанда кутилмаганда дарвозадан Даврон кириб келади. Йўл азоби – гўр азоби деганларидай, у хориб-толган ҳолатда эди. Аммо хиёнат устидан чиққан Даврон ярим тунда уйида таксистни кўриб, Сойибнинг ёқасидан олади. 12 йиллик турмуши давомида ишониб келган аёлининг қилмиши уни эсанкиратиб қўйганди.

Тундаги қотиллик

Даврон ва Сойиб жанжаллаша бошлайди. Бироқ Мафтунани уларнинг жанжали эмас, маҳалла-кўй ва қариндошлари олдидаги шармандалик кўпроқ ўйлантира бошлаганди.

Сойиб Давроннинг юзига кетма-кет мушт туширади ва уни ерга йиқитади. Эри ёрдам сўраб бақира бошлаганини кўрган аёл югуриб бориб қўллари билан унинг оғзини ёпади. Бундан фойдаланган ошиқ таксист Давроннинг эгнидаги курткаси ёқаси билан уни бўғиб, қасддан ўлдиради.

Шу тариқа, Даврон ўз уйида қотиллик қурбони бўлади. Мудҳиш жиноятга қўл урган ошиқ-маъшуқнинг олдида энди мурда ва жиноятни яшириш муаммоси турганди. Мафтуна ва Сойиб ўлиб ётган Давроннинг қўлларини орқасига қилиб боғлашади ва Nexia машинаси юкхонасига юклашади. Сўнгра Кармана ва Навбаҳор туманларини боғловчи кўприкдан ўтиб, мурдани Зарафшон дарёсига ташлаб юборишади.

Шунингдек, улар Давронни гўёки бедарак йўқолган шахс сифатида кўрсатиш мақсадида унга тегишли фуқаролик паспортини ёқиб юборишган.

Мафтуна Сойиб билан ишқий муносабати ҳамда Давроннинг ўлдирилиши ёпиқлигича қолади, деб ўйлаганди. Аммо унақа бўлмади.

Йўқотилган излар ва сохта хавотир

Эрининг мурдаси дарёга ташлаб қайтилгач Мафтуна тонггача ухлолмайди. Эрта тонгда ташқарига чиқиб, ҳовлини супуриб, изларни йўқотади.

Соат 9:00 ларда Даврон билан бирга ишлайдиган йигит Мафтунага қўнғироқ қилади ва эрини сўрайди. Шунда аёл овозига бироз хавотир тусини бериб, “Ие, ахир сизлар кеча бирга Тошкентга кетгандингизлар-ку, қайтиб келдингизларми?” деб сўрайди. Бунга жавобан йигит бу сафар Тошкентга бормаганини, Давроннинг қаердалигини амакисидан сўраб аниқлашини айтади. Орадан кўп ўтмай ўша йигит яна қўнғироқ қилиб, Даврон кечаси уйига кетганлигини билдиради. Мафтуна эса турмуш ўртоғи ҳали келмаганини айтади.

Сўнгра аёл ишга, у ердан чиқиб мактабга ота-оналар мажлисига боради. Соат 17:30 ларда уйга келади. Кейин “102” рақамига мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи уйга қайтиб келмаганини айтади.

Жиноятнинг очилиши

Мафтуна ва Сойиб жиноятни қанча яширишга уринмасин, бунинг уддасидан чиқа олишмайди. 2024 йил 5 декабр куни Мафтунани туман прокуратурасига чақиришади ва нима бўлганини сўрашади. У ўзи олдиндан тўқиб қўйган чўпчагини айтиб беради.

Сўнгра аёлни туман ички ишлар бўлимига чақиришади. Мафтуна у ерда ҳам қилт этмасдан ёлғонини айтиб тураверади. Шунда унга Сойибнинг телефон рақамини кўрсатишиб, кимлигини сўрашади. Ҳайдовчим, дейди аёл.

Сойиб ҳам ички ишлар бўлимига чақирилади. Ошиқ таксист ҳаммаси ошкор бўлибди, деган ўйда бўлиб ўтган воқеаларини айтиб беради.

Аслида зинокорлар қилган қотилликлари ошкор бўлмаслиги учун тиш-тирноқлари билан ҳаракат қилишган. Ҳатто Сойиб Мафтунани Навоий шаҳрида яшовчи Туйғун Назаровнинг олдига олиб борган. У эса дуо ўқиш орқали иш очилмаслигини ташкиллаштириб бериш учун 1000 доллар сўраган.

Мафтуна эртасига 10 млн сўм кредит олиб, Туйғун Назаров айтган банк картасига ўтказиб берган. Эркак эса бир ҳайвон терисини аёлга тутқазиб, унга дуо ўқиганини, терини чап кўкрагига скотч ёрдамида илиб қўйишни, шунда ИИБ ходимлари чақирса ҳам ундан шубҳа қилмасликларини айтган. Бундан ташқари, бир қулф бериб, уни оқар сувга ташлашни, бу орқали қилган ишлари фолбинга бориб, “фол” очтирилса ҳам чиқмаслигини билдирган.

Туш кўрдинг, ўғлим”

Ҳаммаси аниқ бўлган, аммо Давроннинг мурдаси топилмаганди. Қиш куни эмасми, ҳавонинг совуқлиги ҳам ғаввосларга қийинчилик туғдирарди. Тинимсиз давом этган қидириш ишларидан сўнг орадан 54 кун ўтиб мурда топилади.

Мафтуна Ҳусаинова судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган, турмуш ўртоғининг ўлишини ҳам, тирик қолишини ҳам истамаганини айтган.

Давронга Сойибни ойлик таксист сифатида ёллаганимни айтгандим. Сойиб билан 2024 йил 30 ноябр кунидан кейин ҳар куни жиноят фош бўлмаслиги учун суҳбатлашиб турдик. 1 декабр куни у билан кўчада такси ёллаб, камера бор ёки йўқлигини билиш мақсадида Давронни дарёга ташлаб юборган жойга ҳам бориб келдик.

Мен биринчи навбатда шарманда бўлишдан, кейин жавобгарликдан қўрқдим. Мен Сойиб Давронни ҳушсиз ҳолатга келтирганда у ўлган ҳам бўлиши мумкин деб ўйлагандим, аммо ўлганига тўлиқ ишончим комил бўлмаганди. Унинг тирик қолишини ҳам хоҳламагандим. Чунки тирик қолса, бизлар шарманда бўлардик. Қасд олиш учун бизни ўлдириши мумкин эди. Шу учун уни йўқ қилиш фикри туғилганди.

Сойиб ҳовлида Даврон билан жанжаллашаётган вақтда мен югуриб уйга кирдим ва тўшалган кўрпа-тўшакни йиғиб, сўнгра қайтиб ҳовлига чиқдим. Уйга кирган вақтимда ўғлим уйғоқ турганини кўрдим. Ундан нимага ухламаётганини сўрадим. Ўғлим “дадамнинг овозини эшитдим” деди. Ўғлимга туш кўрганини айтиб, ётиб ухлашини буюрдим ва хонадан чиқиб кетдим.

Эрталаб мактабга олиб бораётганимда ҳам ўғлим кечқурун дадасининг овозини эшитганини айтди. Шунда ўғлимга бу ҳақда ҳеч кимга айтмаслигини, агар бирор кишига айтадиган бўлса, мени қамаб қўйишлари мумкинлигини тайинладим”, деган аёл ўз кўрсатмасида.

Жазо

Мафтуна ва Сойибнинг жинояти ўзларининг иқрорлигидан ташқари рад қилиб бўлмас кўплаб далиллар, ўнлаб экспертиза хулосалари асосида исботини топган.

Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судининг 2025 йил 6 майдаги ҳукми билан ошиқ-маъшуқлар қотиллик жиноятини содир қилишда айбли деб топилган. Мафтуна Ҳусаиновага 13 йил 1 ой, Сойиб Примовга 18 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Шунингдек, ҳукм билан Туйғун Назаровга ҳам жазо қўлланган. У фирибгарлик ҳамда жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш жиноятини содир қилган деб топилиб, 2 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Руслан Сабуров,
Kun.uz
Суд материаллари асосида тайёрланди. 

Мавзуга оид