Трамп Америка университетини юз минглаб хитойлик талабалардан «тозалашга» қарор қилди
АҚШ олийгоҳларида 277 мингга яқин ХХР фуқароси таҳсил олади. Давлат котиби Марко Рубио хитойлик талабаларнинг визалари чақириб олиниши мумкинлигини маълум қилди.

Фото: The New York Times
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти ХХР Коммунистик партиясига алоқадор ёки «ўта муҳим соҳаларда» таҳсил олаётган хитойлик талабаларнинг визаларини чақириб олиш ниятида. Бу ҳақда Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио маълум қилди.
«Шунингдек, Хитой Халқ Республикаси ва Ҳонконгдан келадиган барча виза аризаларини синчиклаб текшириш учун виза мезонларини кўриб чиқамиз», — дейди давлат котиби. Politico маълумотларига кўра, Давлат департаменти раҳбари Америка элчихоналари ва консуллик бўлимларига талабалар визаси учун янги суҳбатлар тайинлашни вақтинча тўхтатишни буюрган.
Америка олийгоҳларида 277 мингга яқин ХХР фуқароси таҳсил олади. Хорижлик талабалар сони бўйича биринчи ўринда ҳиндистонликлар туради — 331 минг киши. Рубио баёнотида «ўта муҳим соҳалар» дейилганда айнан нима назарда тутилганига ойдинлик киритилмаган. The New York Times’нинг ёзишича, гап табиий фанлар соҳасидаги тадқиқотлар ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. Чунки сўнгги йилларда Америка расмийлари Хитой ҳукумати Қўшма Штатларда таълим олган олимларни ёллаётгани борасида бир неча бор хавотир билдирган. Шунингдек, АҚШ расмийлари талабалар билан Хитой Коммунистик партияси ўртасидаги алоқани қандай аниқлаши ҳам номаълумлигича қолмоқда.
Америка университетлари ўнлаб йиллар давомида Хитойдан илмий тадқиқотларга кўмаклашадиган ва ўқиш учун тўловларни амалга оширган ҳолда, ОТМга даромад олиб келадиган иқтидорли талабаларни жалб қилиб келган.
Талабалик визаларининг бекор қилиниши Трамп маъмуриятининг савдо уруши фонида Хитойга қарши олиб бораётган кенг кўламли кампаниясининг бир қисми бўлиши мумкин. Трамп президентликнинг биринчи муддати — 2020 йилда, Хитойнинг ҳарбий университетларига алоқадор мингдан ортиқ хитойлик аспирант ва тадқиқотчиларнинг визаларини бекор қилган эди.
ХХР Ташқи ишлар вазирлиги хитойлик талабаларнинг визалари чақириб олиниши мумкинлиги сабаб АҚШ ҳукуматига эътироз билдирди. Идора матбуот котиби Мао Ниннинг сўзларига кўра, бундай қадам ўқиётганларнинг қонуний ҳуқуқини бузади ва икки мамлакат ўртасидаги маданий алмашинувга халақит беради.
Мавзуга оид

10:34
Суд Ҳарвардга чет эллик талабаларни яна қабул қилишга рухсат берди

22:44 / 29.05.2025
Хитойлик эркак парапланда тасодифан 8589 метр баландликкача кўтарилди

19:44 / 29.05.2025
Хитой ўзининг кўп марталик ташувчи ракетасини синовдан ўтказди

11:02 / 29.05.2025