Жаҳон | 08:43 / 31.05.2025
1171
2 дақиқада ўқилади

Оқ уй келаси ҳафта Россия ва Украина тўғридан тўғри музокаралар ўтказишига умид қилмоқда

АҚШ Истанбул тинчлик музокараларининг иккинчи босқичига умид билдирди.

Фото: REUTERS

Қўшма Штатлар Россия ва Украина ўртасидаги тўғридан тўғри музокараларнинг иккинчи босқичи келаси ҳафта Истанбулда бўлиб ўтишига умид билдирмоқда.

Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Керолин Левитт 29 май, пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди. «Биз бу учрашув бўлиб ўтишига ишонамиз», деди Левитт.

«Умид қиламизки, Россия ва Украина келгуси ҳафта Истанбулда ҳақиқатан ҳам тўғридан тўғри музокаралар ўтказади. Биз бу учрашув бўлиб ўтишига ишонамиз», — деди матбуот котиби.

Унинг таъкидлашича, айнан шундай учрашув президент Доналд Трамп томонидан фаол қўллаб-қувватланади ва ҳар икки томон тўғридан тўғри музокаралар столига ўтиришини талаб қилади.

Левитт шунингдек, можаро бошланганидан бери Трамп Россия президенти Владимир Путинни ҳам, Украина етакчиси Володимир Зеленскийни ҳам можарога барҳам бериш учун тўғридан тўғри мулоқот қилишга чақирганини эслатди.

У, шунингдек, агар Доналд Трамп қарор қилса, Оқ уй Россия ва Украина ўртасидаги Истанбулдаги музокарага Америка вакилини юборишига ишонтирди.

Бир кун аввал Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров президент ёрдамчиси Владимир Мединский бошчилигидаги Россия делегацияси 2 июн куни Истанбулда Украина томонига инқирознинг асосий сабабларини ҳал қилишнинг барча асосий масалалари бўйича Москва позициясини ифодаловчи меморандумни тақдим этишга тайёрлигини маълум қилди.

Кремл пайшанба куни 2 июнда Истанбулда музокараларнинг янги раунди ўтказилиши юзасидан Украинадан ҳали жавоб олмаганини маълум қилди. «Биз 2 июн, душанба куни Истанбулда иккинчи раунд учун учрашишни таклиф қилган эдик. Билишимча, ҳозирча ҳеч қандай жавоб олинмаган», деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Мавзуга оид