Жаҳон | 14:42 / 31.05.2025
7548
2 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ: АҚШ Исроилни Фаластин давлатини яратиш истиқболларини йўқ қилишда қўллаб-қувватлаяпти

Яқин Шарқдаги вазият кескин, минтақа Ғарб томонидан беқарорлик ёқасига келтириб қўйилган — Лавров.

Фото: AP

АҚШнинг ҳаракатлари Фаластин давлатини яратиш имкониятини йўқ қиляпти. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Евросиёда ягона, тенг ҳуқуқли хавфсизлик ва ҳамкорлик тизимини шакллантириш муаммоларига бағишланган халқаро ижтимоий-сиёсий эшитувлар ялпи мажлисининг очилишида маълум қилди.

«Агар сиз Евросиё жанубига назар ташласангиз, Яқин Шарқдаги вазият кескин ривожланмоқда. Бу стратегик муҳим минтақа Ғарб томонидан беқарорлик ёқасига олиб келинди. Қўшма Штатлар Исроилни баъзан танқид қилса-да, унинг Фаластин давлатини яратиш бўйича барча истиқболларни йўқ қилишга қаратилган ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлаяпти», — деди Лавров.

Дипломатик идора раҳбари блокададаги Ғазо секторида содир бўлаётган воқеалар тушуниш ва тавсифга зид эканлигини таъкидлади. «Биз араб дўстларимиз ва бошқа мамлакатларнинг мутлақ кўпчилиги билан Ғазо секторидаги қон тўкилишини зудлик билан тўхтатишни талаб қиламиз», — деди Лавров.

Вазирнинг таъкидлашича, Россия Исроилнинг Ғазога ҳужумларини қоралайди, бу халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини бузиш ва тинч аҳолини жамоавий жазолашдир.

Лавров 2023 йил 7 октябрда Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари бошланганидан бери бор-йўғи бир йил ичида 45 мингга яқин фаластинлик тинч аҳоли ҳалок бўлганини эслатди.

«Ўшанда бу кўрсаткич шундай эди, ҳозир эса анча юқори. Бу Украина шарқида 2014 йилдан 2024 йилгача бўлган 10 йиллик можаро давомида ҳар икки томондан тинч аҳоли қурбонлари сонидан бир ярим баравар кўп. Бир йил ичида — 10 йилдагидан бир ярим баробар кўп. Бу ҳозир минтақадаги энг катта фожиа», — дея қўшимча қилди Лавров.

Мавзуга оид