Жаҳон | 15:49 / 03.06.2025
2563
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон минтақаларининг ярмидан кўпида аҳоли сони камайиши давом этмоқда

Ҳудудларда аҳолининг қисқариши юқори миграция билан боғлиқ – аҳоли катта шаҳарларга кўчиб ўтмоқда.

Фото: Жанара Каримова

Қозоғистон аҳолиси 2025 йил 1 май ҳолатига кўра 20 млн 353 минг кишига етди ва йил бошидан буён 0,34 фоизга ўсди. Бу ҳақда мамлакат миллий статистика бюроси рақамларидан маълум бўлмоқда.

Қозоғистон вилоятларининг ярмидан кўпроғида 2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида аҳоли сони камайиб кетди. Булар қаторига аҳоли зич жойлашган Туркистон ва Жамбил вилоятлари, шунингдек, кўп йиллар давомида биринчи марта Ғарбий Қозоғистон вилояти кирди. Бу ҳудудларда аҳолининг қисқариши юқори миграция билан боғлиқ – аҳоли катта шаҳарларга кўчиб ўтмоқда.

Остона шаҳри аҳолиси йил бошидан буён 1,95 фоизга (миллий кўрсаткичдан деярли 6 баробар кўп), Чимкентда 1,2 фоизга, Олмаотада 0,79 фоизга ўсган.

Қозоғистон аҳолисининг чорак қисми аллақачон уч миллионлик шаҳарларда тўпланган ва бошқа минтақалар аҳолиси биринчи навбатда мегаполисларга кетмоқда. Миграция сальдоси фақат ушбу шаҳарларда, шунингдек, Олмаота ва Манғистау вилоятларида ижобийлигича қолмоқда. Қолган ҳудудларда келганлардан кўра кетаётганлар кўп.

Умуман олганда, январь-апрель ойларида Қозоғистоннинг 11 вилоятида бирданига аҳоли қисқариши кузатилди - бу ўтган йил бошидан бери энг ёмон кўрсаткичдир. Аҳоли сони энг кўп камайиши Жетису (0,3%), Абай (0,34%) ва Шимолий Қозоғистон вилоятида (0,52%) кузатилган. Икки вилоятда – Шарқий Қозоғистон ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида аҳолининг табиий қисқариши январь-март ойларида қайд этилган, бунда ўлганлар сони туғилганлар сонидан ошиб кетган.

Икки вилоятда – Оқмўла ва Қизилўрда вилоятларида бу йил аҳоли ўсиши деярли сезилмаган.

Январь-апрель ойлари натижаларига кўра, Қозоғистонда шаҳар аҳолиси 0,66 фоизга ошган, қишлоқ аҳолиси 0,18 фоизга камайган. Айни пайтда мамлакат аҳолисининг 63,2 фоизи Қозоғистон шаҳарларида, 36,8 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади.

Мавзуга оид