Лос-Анжелесдаги тартибсизликлар: халқни қўзғатган миш-мишлар, Трампнинг ўжарлиги ва ҳозир нима бўлаётгани ҳақида
Ўтган ҳафта охирида Лос-Анжелесда иммиграция хизмати ўтказган рейдлар ортидан бошланган оммавий тартибсизликлар тина бошлади. Бироқ, дам олиш кунлари шаҳарда полиция билан тўқнашувлар бўлиб ўтди, улар автомобилларни ёқиш, талончилик ва ҳибсга олиш билан бирга давом этди. АҚШ президенти Доналд Трамп шаҳарга Миллий гвардиянинг минглаб ҳарбий хизматчиларини юборди, бу эса сиёсий можарога сабаб бўлди.

Фото: Getty Images
Бу қандай бошланганди: ҳибсга олиш ва миш-мишлар
Доналд Трампнинг сайловолди ваъдаларидан бири ноқонуний миграцияга қарши курашиш эди ва Оқ уйга қайтгач, президент ваъдасини бажаришга киришди. Хабарларга кўра, Трамп маъмурияти федерал агентларга кунига 3 минг кишини ҳибсга олиш бўйича кўрсатма берган.
АҚШ Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) – АҚШда ноқонуний бўлган одамларни аниқлайдиган, ҳибсга олиш ва депортация қилишни амалга оширадиган федерал агентлик.
Президент Трампнинг иккинчи муддати бошланиши билан идора агентлари томонидан амалга оширилган ҳибсга олишлар сони кескин кўпайди: CBS маълумотларига кўра, январ ойидан бери бу миқдор 100 мингдан ошган.
ICE маълумотларига кўра, жума куни Лос-Анжелесдаги қурилиш майдончасида ўтказилган шунга ўхшаш операциялардан бирида 44 нафар ноқонуний муҳожир қўлга олинган. Яна 77 киши шу куни шаҳар атрофида ушланган.

Худди шу куни Лос-Анжелес жануби-шарқидаги Парамаунт туманида (аҳолисининг 82 фоиздан ортиғини лотин америкаликлар ташкил қилади) Home Depot дўконлар тармоғи филиалида рейдлар ва ишчиларнинг ҳибсга олиниши ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади.
Туман аҳолиси вакиллари ICE ходимларининг машиналарини кўрганини айтди.
Кейинчалик АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги Home Depot’даги рейдлар ҳақидаги хабарларни рад этди, аммо миш-мишлар кенг тарқалиб кетганди: шаҳарда норозилик намойишлари бошланди, улар тезда зўравонлик ҳаракатларига айланди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ICE инспекторлари ўз рейдлари давомида кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталардан фойдаланган.
Reuters маълумотларига кўра, ICE агентлари Халқаро хизмат кўрсатиш ходимлари касаба уюшмаси президенти Дэвид Уэртани қўлга олган, у, касаба уюшмаси вакилларининг сўзларига кўра, «Биринчи тузатиш ҳуқуқидан фойдаланган – ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳаракатларини кузатиш ва ҳужжатлаштириш». Қўлга олиш жараёнида у яраланган.

Шундан кейин шаҳар марказида 300 дан ортиқ намойишчи йиғилган ва расмийлар у ерга полициячиларни юборган. Йиғилганларга кечқурунги соат еттига қадар тарқалиш таклиф этилган, аммо вазият кескинлашишда давом этган.
Шундан кейин воқеалар ривожи қандай кечди: Трампнинг аралашуви
Жума
Жума куни тушдан кейин Лос-Анжелес марказидаги Федерал бино олдида тўпланган рейдларга қарши бўлганлар полициячиларга бетон бўлакларини улоқтира бошлаганида, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига «ўлимга олиб келмайдиган воситалар»дан фойдаланишга рухсат берилган. Полиция резина таёқ ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди.
Лос-Анжелес федерал биносида АҚШ фуқаролик ва миграция хизмати идораси, унинг ёнида эса қамоқхона жойлашган.

Шанба
Шанба куни полициячилар ва ICE федерал агентларининг Парамаунтдаги намойишчилар билан тўқнашувлари давом этди.
ICE «1000 дан ортиқ исёнчилар» Федерал бинони ўраб олгани ва унга ҳужум қилганини маълум қилган. Намойишчилар орасида қўлга олинган муҳожирлар айнан ўша ерда экани ҳақида миш-мишлар тарқала бошлаганди.
Лос-Анжелес марказида шанба куни кечқурун бўлиб ўтган яна бир норозилик намойишида 60 га яқин одам тўпланган. Тартибсизликлар чоғида намойишчилар автомобилга ўт қўйиб, атрофдаги дўконларни талон-торож қилган.
Федерал ҳукумат тартибсизликлар бутун Лос-Анжелесга тарқалишидан ташвишлана бошлади, норозилик намойишлари тўхтай демасди.

Хабарларга кўра, кун давомида полиция «ўлимга олиб келмайдиган» воситаларни, хусусан, резина ўқларни ҳам қўллаган. Натижада Австралиянинг Channel Nineтелеканали мухбири, шунингдек тартибсизликларни ёритган британиялик фотограф жабрланган, уни операция қилишга тўғри келган.
Лос-Анжелес полицияси норозилик намойишлари тинч ўтди деб ҳисоблайди: маҳаллий ҳокимият тартибсизликлар ва зўравонликни ўз кучи билан енгиб ўтишга қодирлигини маълум қилган.
Бироқ, Оқ уй иммиграция хизмати агентлари ҳужумга учрагани ва жароҳат олганини, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари эса вазиятга жуда секин реакция кўрсатганини эълон қилди.
Шанба куни президент Доналд Трамп (илгари бир неча бор Америка кўчаларида «сўллар қонунбузарлиги»га тоқат қилмаслигини айтган) ўз ваколатларидан фойдаланиб, шаҳарга Калифорния миллий гвардиясининг икки минг аскарини юборди.
Бу жуда ғайриоддий қадам эди, чунки одатда бундай ҳаракатларга штат губернатори рухсат бериши керак бўлади. Вазият Калифорния губернатори, демократ Гэвин Нюсомнинг миллий гвардиядан фойдаланишга қатъиян қарши чиқиши билан янада мураккаблашади.
Якшанба
Якшанба куни Миллий гвардия ходимлари Лос-Анжелесга етиб келиб, шаҳар марказидаги Федерал бинога жойлаша бошлади.
Оқ уй баёнотида ҳарбийлар «ICE ва федерал вазифаларни бажарувчи АҚШ ҳукуматининг бошқа органлари ходимларини вақтинча ҳимоя қилиши» айтилган. Улар 60 кунга жойлаштирилади, уларни олиб чиқиш тўғрисидаги қарор АҚШ мудофаа вазири томонидан қабул қилинади.
Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет армия, яъни АҚШ федерал қуролли кучлари қўлланиши эҳтимолини ҳам истисно қилмади. Улардан фарқли ўлароқ, Миллий гвардия алоҳида штатлар ҳокимияти томонидан тузилади ва одатда улар томонидан бошқарилади.
Ҳегсет «зўравонлик давом этадиган бўлса» Пентагон Лос-Анжелесга армия бўлинмаларини юборишга шайлиги, шаҳар яқинидаги Кэмп-Пендлтон базасидаги денгиз пиёдалари эса «кучайтирилган тайёргарлик ҳолатида» экани ҳақида огоҳлантирди.
Якшанба куни тартибсизликлар вақтида камида 10 киши қўлга олинди.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари асосий автомагистраллардан бирида баррикадалар қуриб, ҳаракатни тўхтатиб қўйган намойишчиларни тарқатиш учун яна кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқларни ишга солди.

Лос-Анжелес шаҳри мэри Карен Басс шундай деди: «Лос-Анжелесда биз гувоҳ бўлаётган нарса [Трамп] маъмурияти томонидан қўзғатилган тартибсизликдир». Шунингдек, у аҳолини намойишларни тинч йўл билан ўтказишга чақирди.
Якшанба куни кечқурун шаҳар полицияси Лос-Анжелес марказини «ноқонуний йиғилиш жойи» деб эълон қилди ва барча намойишчилардан уни тарк этишни талаб қилди. Шаҳар марказидаги дўконларни талон-торож қилаётган талончилар ҳақида хабарлар тарқалди.
Якшанба куни тартибсизликлар Сан-Францискода ҳам бошланди. Лос-Анжелесда бўлгани каби, полиция шаҳар ҳудудини ноқонуний йиғилиш жойи деб эълон қилди, вандализм ва мулкка зарар етказиш ҳолатлари ҳақида хабар берилди. У ерда 60 га яқин одам ҳибсга олинган, уч нафар полициячи жароҳатланган, улардан бири касалхонага ётқизилган.
Душанба
Ҳафта бошида Америка ҳукумати Лос-Анжелесга миллий гвардиячиларга ёрдам сифатида 700 нафар денгиз пиёдалари юборилишини маълум қилди.
Калифорния губернатори Гэвин Нюсом пиёдаларни Лос-Анжелесга жўнатиш қарорини президентнинг «телба фантазияси» деб атади.
«АҚШ денгиз пиёдалари демократияни ҳимоя қилиш учун бир неча урушларда шараф билан хизмат қилган. Улар – қаҳрамонлар. Уларни ўз ватандошлари билан курашиб, диктатор президентнинг телба фантазияларини амалга ошириши учун Америка тупроғига юбориш керак эмас», – деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
«Бу Америкага қарши хатти-ҳаракат», – дея қўшимча қилди Нюсом.
АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет кейинроқ Х ижтимоий тармоғида «Гэвин Нюсом бундай қилмаса ҳам, ҳукумат ҳуқуқ-тартибот ходимларини ҳимоя қилишга мажбурлиги» ҳақида ёзди.
Сешанбага ўтар кечаси ҳукумат Лос-Анжелесга Миллий гвардиянинг яна 2 минг нафар ходимини юборишга қарор қилгани маълум бўлди. Аввалига бу ҳақда Гэвин Нюсом хабар берди, кейин эса Пентагон бу маълумотни тасдиқлади.
«Президент буйруғи билан мудофаа вазирлиги федерал ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз вазифаларини хавфсиз бажаришлари учун ICE [Иммиграция ва божхона полицияси]ни қўллаб-қувватлаш мақсадида Калифорния миллий гвардиясининг яна 2000 нафар ходими сафарбар қилинмоқда», – деди вазирлик матбуот котиби Шон Парнелл.
Шу билан бирга, айрим ҳолатлар ва тўқнашувларга қарамай, Лос-Анжелесда душанба куни вазият тинчланди, акциялар эса тинч руҳда ўтди, деб хабар берди воқеа жойидан мухбирлар.
Лос-Анжелес полицияси бошлиғи Жим Макдонелл маҳаллий ҳокимият вазиятни назорат остига олишга муваффақ бўлганини маълум қилди.
«Биз кенг кўламли оммавий намойишларни бошқариш бўйича кўп йиллик тажрибага эгамиз ва буни профессионал ва самарали амалга ошира олишимизга ишончимиз комил», – деди у журналистларга.
Трамп Миллий гвардияни юборишини қандай изоҳлади?
Шанба куни Трамп «ўрнашиб олган қонунсизликни йўқ қилиш» учун Миллий гвардияни жойлаштириш тўғрисидаги меморандумни имзолади.
Оқ уй меморандумида Миллий гвардия кучлари «хавфсизликка таҳдид солган ва федерал иммиграция ҳибсхоналари ва бошқа федерал мулкларга катта зарар етказган зўравонлик намойишлари» туфайли зарурлиги айтилган.
«Қонунлар ижросига тўғридан тўғри тўсқинлик қилувчи норозилик намойишлари... Қўшма Штатлар ҳукумати ҳокимиятига қарши исённинг бир шаклидир», - дейилади меморандумда.

Трамп федерал ҳокимият АҚШ «хорижий давлат томонидан бостириб киришга ёки бостириб кириш таҳдидига дучор бўлса», ҳукуматга қарши «қўзғолон ёки қўзғолон таҳдиди» юз берса ёки «президент мунтазам кучлар ёрдамида Қўшма Штатлар қонунлари ижросини таъминлай олмаса», Миллий гвардияни сафарбар қилиши мумкинлиги тўғрисидаги қонундан фойдаланди.
Пит Ҳегсетнинг Лос-Анжелесга денгиз пиёдаларини юбориш ҳақидаги баёнотига келсак, бу узоқ 1807 йилда қабул қилинган қўзғолонлар тўғрисидаги қонун эди. Унга кўра, президент ҳақиқатан ҳам ички тартибсизликларга жавобан ҳарбийларни сафарбар қилиши мумкин.
Бу қонун бир неча бор қўлланган: аввалига Авраам Линколн томонидан АҚШдаги фуқаролар уруши пайтида, кейин Улисс Грант томонидан - Ку-клукс кланга қарши ва Дуайт Эйзенхауэр томонидан - фуқаролик ҳуқуқлари учун кураш пайтида Арканзасдаги мактабга боришга ҳаракат қилган қора танли талабаларни ҳимоя қилиш учун.
Охирги марта катта Жорж Буш қонундан 1992 йилда фойдаланган: бу Лос-Анжелесдаги тартибсизликлар пайтида, суд қора танли Родни Кингни калтаклаган тўрт нафар оқ танли полициячини оқлаганида содир бўлган.
Трамп Калифорнияга қарши: Нюсом ҳибсга олиниши мумкинми?
Миллий гвардия — алоҳида штатлар ва федерал ҳукумат манфаатларини кўзлаб фаолият юритувчи гибрид тузилмадир. Одатда штат кучлари губернаторнинг илтимосига биноан ҳаракатга келтирилади.
Маълумотларга кўра, бу 1965 йилдан бери биринчи марта Миллий гвардия штат губернаторининг сўровисиз сафарбар қилиниши бўлмоқда.
Шанба куни АҚШнинг «чегара ҳукмдори» Том Ҳоман (Трамп маъмуриятининг миграция сиёсатига масъул амалдори) мигрантларга қарши рейдлар норозиликларга қарамай давом этишини айтди.
У, шунингдек, агар кимдир ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига халақит берса, эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, ҳибсга олиниши билан таҳдид қилди.
Калифорния губернатори Гэвин Нюсом таҳдидни ўзига олди ва Х ижтимоий тармоғида шундай жавоб берди: «Қани, уриниб кўр». Нюсом ҳам, Лос-Анжелес мэри Карен Басс ҳам Трампнинг шаҳарга гвардия кучларини киритиш қарорини қоралади.
Нюсом Доналд Трампнинг Миллий гвардияни киритиш тўғрисидаги қарорини «ноқонуний» ва «ахлоқсизлик» деб атади ва маъмуриятни судга бериш билан таҳдид қилди.
Губернатор, шунингдек, Трампни «очиқчасига ёлғончилик»да айблаб, президент норозилик намойишлари бошланганидан кейин у билан телефон орқали суҳбатда Миллий гвардия ҳақида бирор марта ҳам гапирмаганини айтди.
Лотин Америкаси фуқаролари лигаси раҳбарларидан бири Хосе Баррера Оқ уй Лос-Анжелесда «тартибсизликлар келтириб чиқармоқчи экани» ва шаҳарда 17 минг полициячи бўлган ҳолатда Миллий гвардия кучларини олиб киришнинг ҳожати йўқлигини айтди.
Доналд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида намойишларни тўхтатишга ва намойишчиларга нисбатан қатъий чоралар кўришга чақирди.
«Лос-Анжелесда ишлар чатоқ. ҚЎШИН КИРИТИНГ!!!» «НИҚОБДАГИ ОДАМЛАРНИ ҲИБСГА ОЛИНГ, ҲОЗИРОҚ!», дея ёзди президент ўз услубида ҳарфларни катта қилиб.
Трампнинг 2016 йилги сайловолди кампанияси стратеги бўлган Сэм Нунбергнинг фикрича, президент «қонунни бажариш»га ҳаракат қилмоқда ва унинг Миллий гвардиядан фойдаланиш тўғрисидаги қарорисиз вазият янада кескинлашган бўларди.
Нунберг BBC учун берган интервюсида Калифорния «иммиграция идоралари билан ҳамкорлик қилмаслигидан фахрланиши»ни айтди ва штат, айниқса, ноқонуний иммиграция бўйича «қонунбузарликнинг олдинги сафида» эканини таъкидлади.
У Оқ уй бунга тоқат қилмаслиги ва айнан ноқонуний муҳожирларни жиловлаш ваъдаси Трампни Оқ уйга олиб келганини эслатди.
Мавзуга оид

23:15 / 11.06.2025
Трамп 9 минг ноқонуний мигрантни Гуантанамо қамоқхонасига юбормоқчи

17:26 / 11.06.2025
Маск Трамп ҳақидаги айрим постлари учун узр сўради

11:39 / 11.06.2025
Лос-Анжелеснинг бир қисмида тартибсизликлар туфайли комендантлик соати жорий этилди

23:13 / 10.06.2025