Жаҳон | 13:58 / 10.06.2025
2006
2 дақиқада ўқилади

Трамп норозилик намойишлари туфайли Лос-Анжелесга қўшинларни киритишга чақирди

АҚШ президенти намойишчиларни «бандитлар» деб атади ва ниқобли шахсларни зудлик билан ҳибсга олишни буюрди.

Фото: Reuters

Лос-Анжелесда ҳибсга олинган ноқонуний муҳожирларни қўллаб-қувватловчи оммавий намойишлар кетма-кет учинчи кун давом этмоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп вазият «ёмонлашганини» эълон қилиб, шаҳарга ҳарбий қисмларни жойлаштиришни буюрди.

Тўқнашувлар кучайиб борар экан, Миллий гвардия юборилганига қарамай, Трамп ўзининг Truth Social саҳифасида кескин баёнот бериб, Лос-Анжелес полицияси бошлиғи Жим Макдоннел уни намойишчиларнинг «зўравонликлари кучайгани» ҳақида хабардор қилганини айтди.

«Лос-Анжелесдаги вазият жуда ёмон. Қўшинларни юборинг», деб ёзган Трамп. У намойишчиларни «бандитлар» деб атади ва шундай таъкидлади: «Бу бандитлар бундан қутулиб қолишига йўл қўйманг. Американи яна буюк қиламиз». Президент, шунингдек, ниқоб кийган барча намойишчиларни зудлик билан ҳибсга олишни буюрди.

Намойишлар бошланганидан бери шаҳарда намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар давом этмоқда. Президентнинг кўрсатмаси бўйича 300 нафарга яқин Миллий гвардия қўшинлари ҳарбийлари аллақачон Лос-Анжелесга жўнатилган, бироқ воқеа жойидан олинган хабарларга кўра, шаҳарнинг айрим ҳудудларида норозилик фаоллиги кучаймоқда.

Лос-Анжелес марказидаги ўнлаб муҳожирлар ҳибсга олинган Метрополитан ҳибсхонаси можаронинг ўзига хос марказига айланди. Ҳудудда тўқнашувлар давом этмоқда, хавфсизлик кучлари кўздан ёш оқизувчи газ ва пластик ўқлардан фойдаланмоқда.

Мавзуга оид