Спорт | 00:13 / 11.06.2025
10438
3 дақиқада ўқилади

Байрам байрамдай бўлди. Ўзбекистоннинг тарихий ўйинидан Kun.uz фоторепортажи

5 июн куни ўзбек футболи тарихидаги энг зўр кун бўлиб тарихга кирганди. Ўша куни мухлислар-у футболчилар кўп қийинчиликларга дуч келишди. Лекин бутун миллат Ўткир Юсупов бошчилигида бирлашиб, 90 дақиқа бардам туриб мундиал йўлланмасини қўлга киритгандик. Ўша кунги сабр-тоқат учун тақдир бугун «Бунёдкор» стадионида биз учун чинакам туҳфа тайёрлаб қўйган экан...

Ўзбекистон миллий жамоаси саралашнинг охирги ўйинини Қатарга қарши Тошкентда, ўйин бошланишидан бир неча соат аввал лиқ тўлган стадионда ўтказди. Одатда миллий жамоа ўйнаса, стадион тўлармикин, деб кутардик. Бугун эса одамлар стадионга сиғармикин, деб ўйинни кўрдик. Ахир бу тарихий ўйинга тушишни миллионлаб одамлар хоҳлаганди. Стадионда эса 33 мингга яқин бахтли одамлар «Оқ бўрилар»нинг ажойиб ўйинини томоша қилишди.

Турнир жадвали нуқтаи назаридан бугунги баҳсда Ўзбекистонда мотивация йўқ, қайтанга Қатарга ғалаба зарурроқ эди. Бироқ футболчилар бугун байрам қилиш учун келган мухлислар учун жуда зўр ўйин кўрсатишди.

Қатар ўйин бошида яхши қаршилик кўрсатди, биринчи голни уриш осон бўлмади. Шундай қийин паллада Азиз Турғунбоев масъулиятни қўлига олиб ўнг қанотдан жарима майдончасига ёриб кирди. Азиз икки рақиб оёғи остидан тўпни юлқиб олиб зарба позициясига чиқди ва яқин юқори бурчакни аниқ нишонга олди. Қатар посбони тўпни қайтараман деб ўйлаганди, лекин у стадион ларзага келган вақтда тушуниб етди: тўп тўққизликка «михланганди» – 1:0.

Бутун ўйин давомида Ўзбекистон катта устунликка эга бўлди, жуда кўп зарба йўллади, Юсупов зерикиб қолди. Бироқ гол учун нимадир етишмаётганди. Кападзе 62-дақиқада ана шу етишмаётган ниманидир топди ва Жамшид Искандеровни майдонга туширди. Футболимиз Иниестаси топ ўйин ўтказди. Аввалига Элдор Шомуродовга чамаси 40 метрдан туриб заргарона голли узатмани амалга оширди. Элдор якуний зарбада адашмади – 2:0.

Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада Кадапзе Шомуродовни ўйиндан олиб ўрнига мухлислар кутган Игор Сергеевни туширди. Суперлигани ёндираётган ҳужумчи ҳамон топ даражада эканини исботлаши учун 10 сония ҳам вақт кетмади: шундай майдонга тушди-да, маэстро Искандеровнинг бурчакдан узатган тўпини дарвозага йўллади – 3:0.

Голдан кейин Игорёк кўз ёшларини тия олмади. Ахир у оғир жароҳатдан тикланиб ҳамон яхши ҳужумчи эканини аввало ўзига, кейин мухлисларга исботлаб қўйди.

Kun.uz фотомухбири ўйинни стадионга кузатиб, тарихий лавҳаларни кадрга муҳрлади. Суратлардан завқланинг, байрамдан завқланинг. Барчангизга байрам муборак бўлсин.

Суратлар муаллифи – Муҳаммаджон Ғаниев

Мавзуга оид