Ўзбекистон | 21:16 / 11.06.2025
4605
2 дақиқада ўқилади

Бойсунда водород сулфиди гази миқдори меъёрдан ошмаган – Эковазирлик

Экология вазирлиги «Кофрун» маҳалласининг 5 та нуқтасида водород сулфиди миқдорини ўлчаб, шундай хулосага келди.

Фото: Kun.uz

Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани, «Кофрун» маҳалласида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ-кимё мажмуасига қарашли 202-сон қувурда содир бўлган техник авария оқибатида отилиб чиққан водород сулфид гази даражаси меъёрдан ошмаган. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Kun.uz сўровига жавобан маълум қилди.

Қайд қилинишича, вазиятни ўрганиш мақсадида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Санитария-эпидемиология хизмати ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган.

Ўрганиш жараёнида 2025 йил 8 июнь куни «Кофрун» маҳалласидаги 5 та нуқтада, соат 8:00 дан 11:00 гача турли ўлчов ускуналари орқали атмосфера ҳавосидаги водород сулфид (H2S) гази миқдори ўлчанган.

Олинган натижаларга кўра, авария содир бўлган қудуқ атрофида (500 м), шарқий, ғарбий ва шимолий йўналишларда (1000 м дан 3000 м гача бўлган масофаларда) ҳамда «Кофрун» қишлоғида (1500 м) водород сулфид даражаси меъёрдан ошмагани аниқланган.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ томонидан атмосфера ҳавосини ўрганиш ва мониторинг қилиш ишлари ҳудудда доимий равишда олиб борилади.

«Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ-кимё мажмуасига қарашли 202-сон қудуқда таркибида водород сулфиди миқдори юқори бўлган газ катта босим билан 5 май куни отилиб чиққан эди. Энергетика вазирлиги буни газ оқими назорат остида ёқиб юборилгани билан изоҳлади. Юзага келган ҳодиса яқин атрофдаги аҳоли пунктлари учун хавф туғдирмаслиги таъкидланмоқда.

Мавзуга оид