Рақобат қўмитаси Beeline компаниясига абонент тўлови масаласида кўрсатма берди
Beeline'нинг 10 дан ортиқ тариф режаларида ойлик абонент тўлови учун ҳисобда маблағ етарли бўлмаганда, автоматик равишда кунлик абонент тўлови ечилади. Абонент буни рад эта олмайди. Агар ҳисобда 1900 сўм бўлса, 2000 сўм кунлик тўлов ечилиши натижасида ҳисоб минусга кириб (–100 сўм), рақам блокланади, яъни кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олинади. Рақобат қўмитаси бунга чек қўйишни буюрди.

Фото: Beeline
Рақобат қўмитаси томонидан Beeline мобил алоқа операторига ойлик ва кунлик абонент тўлови ечиш шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берилди.
Маълум қилинишича, қўмитага 2024 йилда келиб тушган мурожаатларнинг 8,2 фоизи ва жорий йилнинг дастлабки 4 ойи давомидаги 8,9 фоизи телекоммуникация хизматлари соҳасига тўғри келади. Буларнинг кўп қисми Beeline мобил алоқа хизматлари билан боғлиқ бўлиб, асосий шикоятлар тариф нархлари ошиши, қўшимча хизмат ва пулли контент хизматларга уланиши, ҳисоб-китоблардаги муаммолар, хизмат сифати ва бошқа масалаларга тааллуқлидир.
Мазкур мурожаатларда, ойлик абонент тўловини тўлаш учун ҳисобда етарли маблағ бўлмаган ҳолда, абонентларнинг розилигисиз автоматик тарзда кунлик тариф режасига уланиши, кунлик тўлов ечиб олинганидан сўнг трафикдан фойдаланиш имконияти берилмаётгани ҳамда бошқа ноқулайликлар мавжудлиги билдирилмоқда.
Таҳлилларга кўра, кунлик абонент тўлови “Yana”, “Hammasi ZO‘R”, “Multi Kuch” ҳамда яна 10 га яқин тарифларда қуйидаги шартлар амал қилади:
- Ойлик абонент тўловини ечиш пайтида маблағ етарли бўлмаса, автоматик равишда кунлик абонент тўлови (2000 сўм) ечилади.
- Кунлик абонент тўлови автоматик ечилади ва уни рад этиш ёки ўчириш имконияти мавжуд эмас.
- Кунлик тўлов тўлиқ амалга ошмаса, ҳисоб минусга туширилади ва рақам блокланади. Блокланган ҳолатда тақдим этилган трафикдан фойдаланиш имконияти берилмайди. Блокдан чиқиш учун балансни ижобий ҳолатгача тўлдириш керак.
- Кунлик абонент тўлови, абонент ҳисобида ойлик тўлов учун етарли маблағ тўплангунча автоматик тарзда ечилади. Маблағ етарли бўлганда, ойлик тўлов ечилиб, тўлиқ ойлик пакет тақдим этилади. Кейинги ойлик тўлов муддати шу санадан бошлаб бир ойга сурилади.
Шунингдек, амалдаги (фақат янги уланишлар учун) “Standart”, “Yashin”, “Aniq”, “Erkin” ва “Start” тариф режаларида ҳам абонент балансида бир ойлик абонент тўлови учун етарли маблағ бўлмаса, унда бир кунлик абонент тўлови ечилади. Кунлик тариф режасини ихтиёрий равишда ёқиш ёки ўчириш, хизматни рад қилиш имконияти истеъмолчида мавжуд эмас.
Рақобат қўмитасига кўра, мазкур кунлик тариф режасининг қўлланиши истеъмолчилар ҳуқуқлари камситилишига ва бир қатор қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишига олиб келмоқда. Хусусан:
- Балансда кунлик тўлов учун маблағ етарли бўлмаганда, ҳисоб минусга туширилиб, рақам блокланмоқда.
- Баланс минусга ечилгани натижасида рақам блокланмоқда. Блок ҳолатида эса, кунлик абонент тўлови доирасида тақдим этилган трафикдан фойдаланиш имкони тақдим этилмаяпти. Яъни 2000 сўм ҳисобига сотиб олинган кунлик трафикдан фойдаланиш имконияти берилмасдан, кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олинмоқда.
- Кунлик абонент тўлови автоматик ечилади – уни ўчириб бўлмайди. Бу ҳолатда, истеъмолчилар кунлик абонент тўлови хизматдан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.
- Истеъмолчиларга кунлик тарифдан фойдаланишни ихтиёрий танлаш, ёқиш ёки ўчириш имконияти мавжуд эмас.
Юқоридагиларга асосан, истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида айрим тариф режаларининг ойлик ва кунлик абонент тўловини ечиш шартларини қайта кўриб чиқиш юзасидан қўмита томонидан “Unitel” МЧЖга кўрсатма хати юборилди.
Хатда қуйидагилар буюрилган:
- ойлик абонент тўлови ечиш вақтида маблағ етарли бўлмаса, кунлик абонент тўлови автоматик тарзда ечиб олинишини бекор қилиш;
- абонентга кунлик хизматдан фойдаланишни ихтиёрий равишда (масалан, USSD-код орқали) танлаш имкониятини бериш;
- абонент ҳисобидан ойлик ёки кунлик абонент тўловларини қарзга ечишга йўл қўймаслик ҳамда жорий этиладиган ўзгаришлар ҳақида абонентларни ўз вақтида хабардор қилиш.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органи ўз баёнотида истеъмолчиларга мурожаат қилган:
“Ҳурматли истеъмолчилар!
Телекоммуникация соҳасида амалдаги хизматларнинг сифати, фойдаланиш имкониятлари ва ҳисоб-китоблар борасида истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари содир бўлганда Рақобат қўмитасига мурожаат қилишингиз мумкинлигини маълум қиламиз.
Унутманг, Сизнинг ҳуқуқларингиз қонун ҳимоясида!”
Мавзуга оид

11:23 / 09.06.2025
«Бадавлат аёл» лойиҳаси. Иштирокчилар жиддий муаммоларга дуч келишган

14:46 / 19.05.2025
Авиачипталарнинг сунъий тақчиллигини келтириб чиқарган авиакомпаниялар жавобгарликка тортилади

11:26 / 05.05.2025
Click устун мавқега эга рақамли платформа деб топилди

15:52 / 14.04.2025