Ўзбекистон | 20:15 / 12.06.2025
4535
8 дақиқада ўқилади

Пасайишлар кўтарилишлардан кўп: Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни қандай ўзгаряпти?

Охирги бир йилда Ўзбекистон ўзи учун устувор деб эълон қилган 15 та халқаро рейтинг ва индексларнинг 7 тасида пастлади, 6 тасида кўтарилди. Яна 2 та рейтинг – сўз эркинлиги ва коррупция даражаси бўйича Ўзбекистоннинг “қизил” тоифадаги ўрни ўзгаришсиз қолган бўлса-да, тўпланган баллар пасайган.

Фото: Kun.uz

Май ойи охирида Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистоннинг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилган эди. Kun.uz шу муносабат билан бу борадаги сўнгги бир йиллик тенденцияни кўриб чиқди.

2024 йилда кучга кирган қарорда Ўзбекистон учун устувор 15 та халқаро рейтинг ва индекслар рўйхати келтирилган. Ушбу мақолада мамлакатнинг ана шуларга эътибор қаратамиз.

Иқтисодий эркинлик индекси (Index of Economic Freedom)

Бу индекс Heritage Foundation тадқиқот маркази томонидан эълон қилиб борилади. “Иқтисодий эркинлик индекси – 2025” ҳисоботида Ўзбекистон 184 та мамлакат орасида 58 балл билан 100-ўринни эгаллаган. Мамлакат рейтинги 2024 йилга нисбатан 2,1 баллга яхшиланиб, 3 поғонага юқорилаган бўлса-да, иқтисодиёти эркин бўлмаган мамлакатлар қаторида қоляпти.

Иқтисодий эркинлик индексида республика 12 та индикаторнинг 8 тасида ижобий ўзгаришларни қайд этган, 2 та индикаторда эса салбий ўзгаришлар кузатилган. Яна 2 та индикатор бўйича натижалар ўзгаришсиз қолган.

Ўзбекистонда умумий қонун устуворлиги заиф. Мамлакатдаги мулкчилик ҳуқуқи, суднинг самарадорлиги ва ҳукумат яхлитлиги рейтинги жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан паст”, дейилади ҳисоботда.

Матбуот эркинлиги индекси (Worldwide Press Freedom Index)

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг 2025 йилги ОАВ эркинлиги индексида Ўзбекистон 180 та мамлакат орасида ўтган йилги каби 148-ўринни эгаллади ва сўз эркинлиги бўйича вазият “жуда жиддий” давлатлар қаторида қолди.

Ўзбекистондаги ОАВ эркинлигининг даражаси ўтган йили 100 баллдан 37 баллга, бу йил эса 35 баллга баҳоланган. Рейтингга асос бўладиган индикаторларнинг бешаласида ҳам пасайиш қайд этилган.

Инсон тараққиёти индекси (Human Development Index)

БМТ Тараққиёт дастури томонидан тайёрланган 2025 йилги Инсон тараққиёти индексида Ўзбекистон 193 мамлакат ва ҳудуд орасида 107-ўринни эгаллади. Аввалги йилга нисбатан мамлакат бир поғона пастлади.

Индексда давлатлар инсон тараққиётининг учта асосий кўрсаткичи бўйича баҳоланган: кутилаётган умр кўриш давомийлиги, кутилаётган ва амалдаги таълим олиш йиллари, аҳоли жон бошига харид қобилияти паритети бўйича ялпи миллий даромад.

Ўзбекистоннинг инсон тараққиёти индекси 0,740 ни ташкил этди, бунда максимал кўрсаткич – 1,000. Республика инсон тараққиёти индекси “юқори” бўлган мамлакатлар тоифасига киради. Рейтингда Ўзбекистон Жанубий Африка Республикаси ва Боливия ўртасида жойлашган.

Марказий Осиё давлатлари орасида фақат Қозоғистон 60-ўрин билан инсон тараққиёти индекси “жуда юқори” бўлган давлатлар тоифасига кирган.

Коррупцияни қабул қилиш индекси (Corruption Perception Index)

Transparency International халқаро нодавлат ташкилотининг 2024 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 180 та давлат орасида 121-ўринда қайд этилди.

Мамлакатнинг бу рейтингдаги ўрни ўзгармаган бўлса-да, рейтинг кўрсаткичи бир баллга камайган.

100 балли индекс бўйича (0 – коррупция даражаси ўта юқори, 100 – ўта паст) Ўзбекистон 32 балл тўплади (2023 йилда – 33 балл). Ангола, Эквадор, Кения, Шри-Ланка ва Тогода ҳам коррупцияга қарши курашиш даражаси айнан шунчага баҳоланган.

Ўзбекистоннинг бу индексдаги балли 2012 йилдан бери биринчи марта ёмонлашди.

Логистика самарадорлиги индекси (Logistics Performance Index)

Ўзбекистон 2025 йилдаги Логистика самарадорлиги индекси бўйича 139 та давлат ичида 107-ўринга тушган. Бундан олдин 88-ўринда эди. Ўзбекистоннинг кўрсаткичи 0,1 баллга пасайиб, 2,5 баллни ташкил этган.

Логистика самарадорлиги индекси олтита кўрсаткични баҳолайди, жумладан:

  • божхона тартиб-таомилларининг самарадорлиги, шу жумладан текширишларнинг тезкорлиги, башоратлилиги ва қулайлиги;
  • портлар, темирйўллар, автомобил йўллари ва АТ тизимларини қамраб олувчи транспорт инфратузилмаси сифати;
  • рақобатбардош нархларда етказиб беришни ташкил қилиш қулайлиги;
  • транспорт ва божхона операциялари каби логистика хизматларининг ваколатлари;
  • реал вақтда юкни кузатиш имконияти;
  • белгиланган муддатда ўз вақтида етказиб бериш.

Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтинги (UN E-Government Survey)

2025 йил учун БМТнинг Ижтимоий ва иқтисодий масалалар департаменти (UNDESA) томонидан эълон қилинадиган UN E-Government Survey рейтинги ҳали тақдим этилмади. 2024 йилда Ўзбекистон ушбу рейтингда 0,7999 индекс ҳисобига 6 поғона юқорилаб, 63-ўринга чиққан ва индекснинг жуда баланд (Very High EGDI) гуруҳига қўшилган.

Қонун устуворлиги индекси (Rule of Law, World Justice Project)

Қонун устуворлиги индексининг 2024 йилги ҳисоботида Ўзбекистон 142 давлат орасида 83-ўринни эгаллади.

Рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни 2016 йилдан бери биринчи марта ёмонлашди: мамлакат 2023 йилга нисбатан 5 поғонага пасайди.

Рейтинг ҳукумат ваколатларини чеклаш, коррупцияни жиловлаш, очиқ ҳукумат, инсон ҳуқуқлари, ҳимоя ва хавфсизлик, қонун назорати, фуқаролик судлови, жиноий судлов даражаси каби кўрсаткичлар асосида шакллантирилган.

Ўзбекистон фақат ҳимоя ва хавфсизлик даражаси бўйича юқори натижа қайд этган.

Аёллар, бизнес ва қонун индекси (Women, Business and Law)

Жаҳон банкининг сўнгги марта 2023 йил якунлари бўйича эълон қилинган Аёллар, бизнес ва қонун индексига кўра, Ўзбекистон 48 поғонага юқорилаб, 82,5 балл билан 190 та давлат орасида 91-ўринни эгаллаган.

Бундай юқори ўсиш Ўзбекистоннт хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича муҳим ислоҳотларни амалга оширган 5 та давлат қаторига киритган.

Глобал инновациялар индекси (Global Innovation Index)

2024 йилги Глобал инновация индексида Ўзбекистон 24,7 фоиз индекс билан 133 та давлат орасида 83-ўринни эгаллади. Бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан 1 поғона паст. Ўтган йили тўпланган умумий балл (26,2 фоиз) сезиларли камайган.

Глобал инновациялар индекси 2007 йилдан бери Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва унинг ҳамкорлари томонидан ҳисоблаб чиқилади. Кўрсаткич турли жиҳатларни, жумладан, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар оқими, ялпи ички маҳсулот ҳажми, инфратузилма, инсон капитали, фаннинг ривожланиш даражаси ва бошқа омилларни ҳисобга олади. 

Юқоридагилардан ташқари, Ўзбекистон Жаҳон банкининг “Статистика фаолияти самарадорлиги индекси”да 80,3 балл тўплаб, 62-ўринни (+17), “Рақобатбардош саноат унумдорлиги индекси”да эса 153 мамлакат ичида 88-ўринни (+1), “Барқарор ривожланиш мақсадлари” индексида 69,2 балл билан 81-ўринни (-12) эгаллаган.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг “Мамлакатларга хос хатарларни таснифлаш тизими”даги Ўзбекистоннинг ўрни (5-гуруҳ) ўзгармаган.

Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторларида ҳам кўрсаткичлар деярли ўзгаришсиз қолган: 6 та катта индикаторнинг умумий ҳисобда 3 тасида вазият яхшиланган, 3 тасида ёмонлашган.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро кредит рейтинги ҳам ўзгармай қолган бўлса-да, прогноз ижобийлашди. 2025 йил май ойида S&P халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини “BB-“ даражасида тасдиқлади ва илк бор кутилмани “барқарор”дан “ижобий”га оширди.

Юқорида кўриб чиқилган 15 та рейтинг ва индекслар 2024 йилда расман Ўзбекистон Республикаси учун устувор деб эълон қилинган. 2020-2024 йилларда устувор бўлган рейтинг ва индекслар қаторида Демократия индекси (Democracy Index) ҳам бор эди, у 2024 йилда янгиланган рўйхатга қўшилмаган. Бу индекснинг 2025 йилги талқинида Ўзбекистон 0,2 балл йўқотган, шунга қарамай, бошқа давлатларнинг пастлаши ҳисобига 2 поғонага кўтарилиб, 146-ўринни эгаллаган. Халқаро кузатувчилар Ўзбекистондаги демократия даражасини 10 баллдан 2,10 баллга баҳолаган. Бу – бир йил олдинги 2,12 баллдан бироз паст.

Достон Аҳроров,
Kun.uz

Мавзуга оид