Жаҳон | 16:54 / 12.06.2025
1752
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон аҳолиси Starlink интернетига уланиш имкониятига эга бўлди

2025 йил учинчи чорагида мамлакатда Илон Маск компанияси сунъий йўлдош терминалларини расмий равишда сотиш бошланади.

Фото: gov.kz

Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги билан Starlink (SpaceX шуъба корхонаси) ўртасида республикада сунъий йўлдош интернетини таъминлаш бўйича шартнома имзоланди.

Келишувга кўра, 2025 йил учинчи чорагида сунъий йўлдош терминалларини расмий равишда сотиш бошланади, шундан сўнг фуқаролар уларни қонуний равишда сотиб олиши, фойдаланиши ва рўйхатдан ўтказиши мумкин бўлади. Starlink сунъий йўлдош интернетига уланиш фойдаланувчи ускуналари орқали амалга оширилади. Қайд қилинишича, хизмат кўрсатиш шартлари ҳали ҳам келишиб олинмоқда.

Бунгача Starlink Қозоғистонда тажриба режимида ишлаган, интернетни фақат мактабларда тақдим этган, расман аҳоли учун мавжуд эмас эди.

Вазирлик Starlink туфайли қишлоқ мактаблари, тиббиёт муассасалари, мобил гуруҳлар ва инфратузилма объектлари, айниқса, оптик толали тармоқларни ўрнатиш иқтисодий ёки техник жиҳатдан қийин бўлган ҳудудларда юқори сифатли алоқага эга бўлишини кутмоқда.

Starlink - бу Илон Маскнинг SpaceX компанияси томонидан ишлаб чиқилган глобал сунъий йўлдош тизими бўлиб, унга махсус жиҳозлар орқали уланиш мумкин. Лойиҳани ишлаб чиқиш 2015 йилда бошланган. Унинг асосий мақсади фойдаланувчиларни Ернинг исталган нуқтасида юқори тезликдаги кенг полосали Интернетга уланишини таъминлашдан иборат.

Мавзуга оид