Жаҳон | 11:07
5565
5 дақиқада ўқилади

Эрон-Исроил урушининг иқтисодий таъсири: Ҳўрмуз бўғози тўсиб қўйилиши мумкинми?

Ҳўрмуз бўғози жаҳон углеводород бозори учун муҳим аҳамиятга эга. Дунё нефтининг тахминан 1/5 қисми ва суюлтирилган газнинг 1/3 қисми шу ердан ўтади. Бўғознинг ёпилиши бутун дунёдаги иқтисодий вазиятни жиддий издан чиқариши мумкин. Ўз навбатида, бундай қадам Эроннинг Хитой билан муносабатларини ёмонлаштиради.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

13 июн куни Яқин Шарқда бошланган Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий тўқнашув глобал хомашё бозоридаги нархларга кескин таъсир кўрсатди. Исроил Эроннинг ядро ва энергетика объектларига зарбалар берди. Ижтимоий тармоқларда Теҳрондаги ёнилғи омборларининг аланга ичида қолганини акс эттирган кўплаб видеолар тарқалди.

Ҳужум бошланган куни нефтнинг Brent маркаси 78 доллардан, WTI маркаси эса 76 доллардан ошди. Аммо душанба кунги савдоларда нархлар қисман барқарорлашди. Хусусан, Brent нархи 74 долларгача, WTI нархи 73 долларгача пасайди. Урушнинг кенг кўламда ва узоқ муддат давом этиши глобал иқтисодиётда бир қанча жиддий хатарларни пайдо қилиши мумкин.

Хўрмуз бўғозини тўсиб қўйиш

Сўнгги ўн йилликларда Америка тажовузи содир бўлган ҳолатларда Эрон мунтазам равишда Ҳўрмуз бўғозини ёпиш билан таҳдид қилиб келади. Исроил билан тўқнашувлар бошланганидан кейин ҳам Эрон парламенти депутати Исмоил Кавсари ушбу стратегик йўлакни ёпиш масаласи муҳокама этилаётганини айтди. Унинг сўзларидан сўнг айрим нашрлар ва пропаганда каналлари нефть нархи 130 долларга чиқиши мумкинлигини башорат қилди. Бироқ бозорда бундай кескин реакция кузатилмаяпти.

Яқин Шарқ йирик нефт қазиб олинувчи минтақа бўлиб, дунёдаги энг йирик нефт захиралари ва ишлаб чиқарувчилар жойлашган. Хўрмуз бўғози жаҳон углеводород бозори учун муҳим аҳамиятга эга. Дунё нефтининг тахминан 1/5 қисми ва суюлтирилган газнинг 1/3 қисми шу ердан ўтади. Бўғознинг ёпилиши бутун дунёдаги иқтисодий вазиятни жиддий издан чиқариши мумкин. Мисолларни узоқдан излашнинг ҳожати йўқ: Ямандаги камтаргина ҳусийчилар тижорат кемаларининг Қизил денгиз орқали ўтишига тўсқинлик қилишда муваффақиятли ҳаракатланганди.

Лекин бу вариантдаги муаммо бошқа жойда. Ҳўрмуз бўғози бугунги кунда биринчи навбатда Ғарбга эмас, Хитойга керак: расмий Пекин импорт қиладиган нефтнинг қарийб ярми шу йўналиш орқали ўтади. Бундай қадам Исроилнинг асосий иттифоқчиси АҚШ манфаатларига фақат билвосита зарар етказади, аммо шу билан бирга Теҳроннинг асосий савдо шериги – Пекин билан муносабатларни бузади.

Ҳўрмуз бўғози ёпилиши жаҳон иқтисодиёти учун узоқ муддатли оқибатларга олиб келадиган қадам бўлиб, бу йўлакни тўсиб қўйиш Эрон учун жуда осон. Шунга қарамай, Хитойнинг манфаатлари туфайли бундай қилиш эҳтимоли пастлигича қоляпти. Яъни бўғознинг ёпилиши урушга бошқа қудратли глобал ўйинчиларнинг ҳам қўшилишига олиб келиши мумкин.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Эронда нефть қазиб олиш ҳажми кунига ўртача 3,1 млн баррелни ташкил этади. Бу глобал таъминот занжирида жуда ҳам катта рақам эмас. Эслатиб ўтамиз, Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда умумий глобал талаб кунига 103,5 млн баррелни ташкил қилади. 

Глобал инфляция хавфи

Нефт нархи кўтарилгач, уни импорт қилувчи мамлакатларда ишлаб чиқариш харажатлари ошади ва бу инфляцияни тезлаштиради. Айни пайтда Трампнинг тариф уруши фонида глобал иқтисодий тизим оғир дамларни бошидан ўтказяпти.

Capital Economics ҳисоб-китобларига кўра, агар нефт нархи бир баррел учун 100 доллардан кўтарилса, бу ривожланган бозорларда инфляциянинг 1 фоиз бандга ошишига олиб келади. Натижада Марказий банкларнинг фоиз ставкаларини туширишга бўлган умидлари имконсиз ҳолатга келиб қолиши мумкин.

Нефт нархи кўтарилишидан энг кўп фойда кўрадиган давлат Россиядир. Бу Кремл ғазнасига Украинага қарши урушни давом эттириш учун миллиардлаб доллар қўшимча даромад келтиради. Айни пайтда расмий Москва санкциялар туфайли нефтини Хитой ва Ҳиндистонга чегирмали нархларда сотишга мажбур бўляпти. Мамлакатдаги бюджет тақчиллиги прогнози ҳам хомашё нархларининг арзонлашиши сабабли бир неча марта оширилди.

Шунингдек, Исроил ва Эрон Ироқ ва Иордания билан бирга ҳаво ҳудудини ёпди. Бир нечта авиакомпаниялар ушбу минтақага парвозларни бекор қилди, чунки ҳарбий ҳаракатлар самолётларнинг ҳалокатга учраш хавфини оширади. Парвозлар йўналишини ўзгартириш авиакомпанияларга анча қимматга тушади, чунки учиш давомийлиги кўпайди ва қўшимча ёқилғига талаб юзага келади. 

Мавзуга оид