Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фаластин борасида Ғарбдаги бўлиниш: сабаблар ва оқибатлар
Ғазода – очарчилик. 21-асрда ҳали бундай оммавий очарчилик кузатилмаган эди. Ҳозир дунёда озиқ-овқат танқислиги йўқ, овқат – мўл-кўл. Лекин Ғазодаги очарчиликнинг сабаби – сунъий. Исроил Ғазони атайлаб қамал қилиб келмоқда. Кўплаб давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳатто Исроил ичкарисидаги нуфузли инсон ҳуқуқлари бирлашмалари ҳам бу сиёсатни геноцид деб номлаб бўлишди.

Ғазо 2023 йил 7 октябрга қадар ҳам қамалда эди, қуршовда қолаётган эди. 2023 йил 7 октябрдан кейин эса, ғазоликларнинг қисмати оғирлашди. Унгача Исроил Ғазони оҳиста сўндириб келаётган эди, 7 октябрдан кейин Исроилнинг бу сиёсати ашаддийлашди, очиқча агрессив шаклга ўтди. Иккинчи томондан, дунё ҳамжамияти, жумладан, Ғарб давлатларининг ҳам Исроил сиёсатини яхшироқ тушуниш учун вазият пайдо бўлди.
Исроил шу пайтга қадар Ҳамасни ва Фаластиндаги бошқа гуруҳларни, шахсларни “террорист” деб номлаб, улар билан курашиб келади. Лекин шу пайтга қадар Исроил Фаластин бўйича бирон бир лойиҳа таклиф қилгани йўқ, бирон бир лойиҳага реал рози бўлгани йўқ. Чунки мақсад – Фаластинни лойиҳа ва давлат сифатида йўқ қилиш, тарихий имкон бермаслик, унинг ерларини тўлиқ аннексия қилиш, босиб олиш, ўзлаштириш.
Шу кунларда бир қанча Ғарб давлатлари Фаластинни давлат сифатида тан олиш ниятида эканини билдиришди. Жумладан, Франция, Бирлашган Қироллик ва Канада каби қудратли Ғарб давлатлари яқин орада Фаластин давлатини тан олиш ниятида эканини айтишмоқда. Сентярб ойида Ню-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтади, юқоридаги давлатлар Фаластинни мана шу йиғилиш чоғида тан олишмоқчи.
Хўш, Фаластиннинг бу давлатлар томонидан тан олиниши нимани ўзгартиради? Қолаверса, нега баъзи Ғарб давлатлари Фаластинни тан олмоқчи, лекин бу рўйхатда АҚШ йўқ?
Фаластинни қудратли Ғарб давлатлари томонидан тан олиниши – ҳозирча рамзий аҳамиятга эга. Лекин йирик тарихий ўзгаришлар ҳам рамзий қадамлар, рамзий ўзгаришлардан бошланади. Франция томонидан Фаластинни тан олиш қарорини Исроил қаттиқ танқид қилиб чиқди. Чунки Фаластиннинг Ғарб клубидаги қудратли давлатлар томонидан тан олиниши – Исроилнинг режаларини ўта қийинлаштиради. Жумладан, агар Исроил Фаластин худудларини аннексия қилмоқчи бўлса, бу иш қийинлашади. Чунки қайси давлатки агар Фаластинни тан олса, 1967 йилги чегараларда тан олган бўлади ва автоматик равишда, Исроилни “босқинчи давлат” деб эътироф қилишига тўғри келади.
Қолаверса, ҳалига қадар Фаластин БМТда тўлақонли аъзо эмас. Қудратли давлатлар томонидан Фаластиннинг тан олиниши – ушбу давлатни БМТга тўлақонли аъзо бўлишини ҳам тезлаштиради. Шундан сўнг Фаластинда БМТ кун тартибига ўз таклиф ва талаблари билан чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлади.
Хўш, нега Ғарб давлатлари Фаластин борасида иккига бўлинди? Нега Франция, Бирлашган Қироллик ва Канада Фаластинни тан олмоқчи, лекин АҚШ бундай ниятда эмас?
Ғарбий Европада иккита йирик геосиёсий концепция бир. Биринчиси – трансатлантик бирлик лойиҳаси. Бу лойиҳага кўра, Атлантика океанининг икки соҳили – Шимолий Америка ва Ғарбий Европа доимий иттифоқ бўлиши керак. Иккинчи лойиҳа – Континентал Европанинг геосиёсий мустақиллиги. Унга кўра, Европа давлатлари геосиёсий мустақил бўлиши, АҚШ ва англасаксонлардан масофа сақлаши, уларга маълум даражада шубҳа билан қараши керак. Иккинчи жаҳон урушдан кейин Франция ҳокимиятига келган Шарл де Голл Европа мустақиллиги тарафдори бўлган, АҚШ ва Англияга ишонмаган. Бундай кайфият Германияда ҳам вақти-вақти билан кузатилган. Бугун АҚШ ҳокимиятига Трамп келгач, у Европани АҚШ назоратида ушлаб туришга у қадар қаттиқ интилмаяпти. Аксинча, Трамп – изоляционист, Европа “ўз хавфсизлик аравасини ўзи тортсин”, “Европа бизга кўпроқ солиқ тўласин” деган қарашда.
АҚШ ҳалига қадар Исроилнинг ҳомийси бўлиб қолмоқда. Бугун Исроилнинг энг асосий ва деярли ягона барқарор ҳомийси, ҳимоячиси – АҚШ. Исроил – АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг асосий геосиёсий лойиҳаси. Агар минтақада Исроил заифлашса, Хитой Халқ Республикаси ва глобал жанубнинг лойиҳалари ғалаба қилган бўлади. АҚШ учун Исроил бир томондан – муаммо, уни ҳимоя қилиш борган сари қимматга тушмоқда. Бошқа томондан, Исроилсиз Яқин Шарқда Америка манфаатларини муттасил тамсил қилувчи бошқа давлат йўқ.
Вақти келади, албатта, Фаластин давлати ташкил топади. Доимий равишда буни тўхтатиб тура олувчи давлат ва вазият мавжуд эмас. Бугун ғазоликлар тарихий қийинчиликлар гирдобида. Лекин, бундай қийинчиликлар Фаластин ва Ғазо борасидаги глобал қарашларни кескин ўзгартириб юборди. Исроил жиноятлари эса ҳаммага маълум бўлиб улгурди.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос