Ўзбекистон | 23:06 / 18.06.2025
1960
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев «Олтин бел» чўққисидаги тоғ-чанғи курорти лойиҳаси билан танишди

Лойиҳа Паркент туманида уч босқичда амалга оширилади ва тўлиқ қувватда кунига 15 минг нафар сайёҳни қабул қилиш имконига эга бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти, Паркент туманига ташриф давомида «Олтин бел» чўққисидаги дам олиш маскани ва янги лойиҳалар билан танишди.

Таъкидланишича, хушманзара тоғ бағридаги 3 гектар жойда қурилган ушбу меҳмонхоналар ихчамлиги ва ҳамёнбоплиги билан ажралиб туради. Ҳозир 188 ўринли 2 та меҳмонхона, капсула шаклидаги уйлар, ресторан ва хўжалик бинолари барпо этилган. Кейинги босқичда яна 20 та шундай уй қурилиши мўлжалланган. Мирзиёев меҳмонхонада яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Қайд қилинишича, ҳудудда туризмни ривожлантириш мақсадида қиймати 1 миллиард 800 миллион доллар бўлган 52 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада 3 минг 300 та иш ўрни яратилади ва 1 миллион нафар сайёҳга хизмат кўрсатилади.

Паркентнинг қорли тоғларида Австрия компанияси томонидан 1 минг 200 гектарда тоғ-чанғи курорти қуриш режалаштирилган.

Давлат раҳбарига ушбу лойиҳа ҳақида ахборот берилди. Унинг доирасида 3, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар, чанғи учиш ва осма дор йўли, шале, пикник майдони, ресторанлар, соғломлаштириш хизматлари ташкил этилади.

Лойиҳа уч босқичда амалга оширилади ва тўлиқ қувватда кунига 15 минг нафар сайёҳни қабул қилиш имконига эга бўлади. 600 га яқин сервис мажмуалари ташкил этилади. Мавсумий хизматлар билан бирга 10 мингга яқин иш ўрни яратилади. Умуман, бу маскан, Бўстонлиқдаги «Амирсой» курорти каби, Тошкент вилоятининг йирик туризм манзилларидан бирига айланиши таъкидланмоқда.

Мутахассислар билан мулоқотда лойиҳани такомиллаштириш, хизматлар қамровини кенгайтириш ва қурилишни тезлаштириш тадбирлари юзасидан фиикр алмашилди.

Мавзуга оид