Жаҳон | 14:04
6376
9 дақиқада ўқилади

Трампга жавоб қайтарган Хоминаий, Хитойнинг беғараз ёрдами ва Исроилга илк марта отилган «Сижжил»– кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Эрон-Исроил уруши: воқеалар ривожи

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоминаий Исроил билан уруш бошланганидан бери илк марта давлат телевидениеси орқали баёнот бериб, Трампнинг таҳдидларига жавоб берди. У ўз мурожаатида Исроилнинг «ёвуз ҳужумларига» қарши эронликларнинг «қатъий, жасур ва онгли жавоби»ни юқори баҳолаган.

«Эрон халқига қанчалик тинчликни мажбуран тиқиштирилса, у шунчалик қатъий қаршилик кўрсатади – худди мажбуран уруш қабул қилинмаганидек. Бу халқ ҳеч қачон ҳеч қандай буйруққа бўйсунмайди», — деди у.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг таҳдидларини шарҳлар экан, Хоминаий шундай деди: «Эронни, унинг халқини ва тарихини биладиган одамлар бу миллат билан таҳдид тили орқали гапирмайди, чунки эронликлар тиз чўкмайди. Америкаликлар тушуниб етишлари керак: ҳар қандай ҳарбий аралашув уларнинг ўзи учун тузатиб бўлмас зарар билан якунланади», — деди Оятуллоҳ Хоминаий.

Трамп эса Эрон етакчисининг бу рад жавобини эътиборсиз қолдириб, «Омад тилайман», деди ва режалари ҳақида яна ҳеч нарса ошкор этмади: «Нима қилмоқчилигимни ҳеч ким билмайди» деган у журналистларга.

Шунингдек, CБС нашри тарқатган хабарга кўра, АҚШ президенти Эронни нишонга олиш режасини маъқуллаган, аммо мамлакатга зарба бериш бўйича якуний қарорга келмаган. Трамп Эрон ўзининг ядровий дастуридан воз кечишга рози бўлиши мумкин, деган умидда ҳужумни бошлашни вақтинча кечиктирмоқда, дейди манбалар.

BBC нашрининг ёзишича, Трамп чоршанба куни журналистларнинг АҚШнинг Эрон билан боғлиқ режаси ҳақидаги саволига: «Балки қиламан, балки йўқ», деб жавоб берган.

Исроил ва Эрон ўртасидаги тўқнашув кучаймоқда

Исроил ҳарбий кучлари Эроннинг ракета ва ядровий объектларига ҳужумларни кучайтирди. Жавобан, Эрон гипертовушли ракеталар билан зарба берганини айтди. Хусусан, кеча Ислом инқилоби мухофизлари корпуси илк бор Исроилга қарата 2000 км масофали «Сижжил» баллистик ракетаси учирилгани ҳақида баёнот берди.

Tasnim нашри ракетанинг учирилиши акс этган видеони эълон қилди. Бу эҳтимол, «Сижжил» ракетасининг биринчи жанговар ишлатилиши; олдинги барча учиришлар синов ва машғулот бўлган. Мутахассислар уни бошқа бомбалар қатори ядро қуролини ташувчи восита деб ҳисоблайди. «Сижжил» ракетасининг Исроилга қанчалик талофат етказгани маълум эмас. Исроил армияси бугун учирилган ракеталарнинг барчаси уриб туширилганини эълон қилган.

Исроил ҳужумлари фонида эса Теҳрон (10 миллион аҳолига эга шаҳар)да одамлар хавфсиз жой излаб шаҳарни тарк этишга ҳаракат қилмоқда.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху чоршанба кунги видеомурожаатида шундай деди: «Биз Эроннинг ядровий объектлари ва баллистик ракета арсеналидан келаётган таҳдидларни йўқ қилиш йўлида босқичма-босқич олдинга силжимоқдамиз. Биз Теҳрон осмонини назорат қиляпмиз. Оятуллоҳ режимига кучли зарбалар бермоқдамиз. Биз ядровий объектларни, ракеталарни, бош қароргоҳларни ва режим рамзларини нишонга оляпмиз», деган Нетаняҳу.

АҚШ ҳарбий ҳаракатларга тайёрланмоқда

Президент Трампнинг кескинлашаётган баёнотлари фонида АҚШ мудофаа вазири Питер Ҳегсет АҚШ Сенатида чиқиш қилиб, «Пентагон президент Трампнинг ҳар қандай буйруғини бажаришга тайёр» эканини айтди.

Бу вақтда АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий кучларини тўплашда давом этмоқда. Нимиц авиаташувчи кемаси етакчилигидаги зарба гуруҳи жануби-шарқий Осиёдан кўчиб, аллақачон Форс кўрфазида турган Карл Винсон гуруҳи билан бирлашмоқда. Шунингдек, Европадан ҳарбий танкерлардан тортиб, F-22 ва F-35 ҳужумчи самолётларгача бўлган турли ҳаво кучлари ҳаракатланаётгани кузатилмоқда.

BBC хабарига кўра, одатий ҳолларда, бундай зарба бўлишидан олдин АҚШ иттифоқчиларини хабардор қилади. Британиялик манба «Вашингтонда барча вариантлар кўриб чиқилмоқда, лекин якуний қарор ҳали йўқ» дея билдирган. Шунингдек, АҚШнинг Қуддусдаги элчихонаси чоршанба куни Исроилда бўлган америкалик фуқаролар учун эвакуация режаси эълон қилди.

Жума кунидан бери Исроилнинг Эрон ҳудудидаги зарбалари натижасида, Вашингтондаги «Human Rights activists» ташкилоти маълумотига кўра, 585 киши ҳалок бўлган, шундан 239 нафари тинч аҳоли, 126 нафари эса хавфсизлик кучлари ходимлари бўлган.

Жавобан Эрон Исроилга қарийб 400 та ракета отган. Исроил расмийларига кўра, бу ҳужумларда 24 киши ҳалок бўлган — уларнинг барчаси тинч аҳоли.

Human Rights Watch: Ғазодаги геноцид фонидаги ҳаракатсизликни тарих кечирмайди

Ғазо секторидаги геноциднинг олдини олиш учун қўлларида воситалар ва имкониятлар мавжуд бўлишига қарамай, ҳукуматларнинг ҳаракатсизлигини тарих кечирмайди. Бу ҳақда Буюк Британиядаги Human Rights Watch (HRW ) инсон ҳуқуқлари ташкилоти директори Ясмин Аҳмад "Анадолу" агентлигига берган интервюсида айтди. Суҳбат Лондондаги митингда бўлиб ўтди, унда минглаб намойишчилар Буюк Британиянинг Исроилга қурол сотишига қарши норозилик билдириш учун Британия парламенти биноси олдида рамзий «қизил девор» қурди.

Ясмин Аҳмаднинг қайд этишича, HRW вакиллари Британия ҳукуматига Ғазода геноциднинг олдини олиш ва Фаластин халқини давом этаётган уруш жиноятлари, инсониятга қарши жиноятлар ва геноцидлардан ҳимоя қилиш учун зудлик билан чоралар кўриш зарурлигини эслатиш учун намойишда қатнашган. «Буюк Британия ҳукумати зудлик билан Исроилга кенг қамровли қурол эмбаргоси ва Исроил давлатига қарши бошқа санкциялар жорий қилиши жуда муҳим», деди у.

Шу билан бирга, агентлик суҳбатдошининг қайд этишича, Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва бир қатор давлатлар Ғазода содир бўлаётган воқеалар юзасидан ўз позицияларини кескинлаштирган. «Аммо бу етарли эмаслигини ва бугунги воқеалар ҳукуматлар геноциднинг олдини олиш воситаларига эга бўлган, аммо буни уддалай олмаган бир лаҳза сифатида тарихга киришини очиқ айтишимиз керак. Қарор қабул қилувчи одамлар бизнинг номимиздан ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун биз қизил чизиқ кесиб ўтилганини ва бунда ҳукуматнинг масъулияти борлигини очиқ айтмоқдамиз», деди Аҳмад.

Хитой Марказий Осиё давлатларига 209 миллион доллар беғараз ёрдам беради

Хитой эса эътиборини Марказий Осиёга қаратмоқда. Хусусан, 17 июнь куни Остона шаҳрида «Марказий Осиё — Хитой» иккинчи саммитида бўлиб ўтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида ўтган тадбирда Хитой раиси Си Жинпинг ва МОнинг 5 та давлати президентлари қатнашди.

Йиғилиш сўнгида давлат раҳбарлари Остона декларацияси ва Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади. Шунингдек, ўнга яқин ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.

Маълум бўлишича, 2025 йилда Хитой Марказий Осиё давлатларига 209 миллион доллар беғараз ёрдам беради.

«Бу йил биз Марказий Осиё мамлакатларига аҳоли фаровонлигини ошириш ва ўз ривожланишига кўмаклашиш бўйича муҳим лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллиард юань миқдорида бепул грант ажратишга тайёрмиз», деди Си Жинпинг.

Унинг сўзларига кўра, Хитой-Марказий Осиё формати доирасида Хитой қашшоқликдан халос бўлиш маркази, таълим соҳасида алмашинув ва ҳамкорлик маркази, чўлланишга қарши кураш маркази, шунингдек, савдо учун қулай шарт-шароитлар яратиш платформасини ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Хитойнинг Сиан шаҳрида бўлиб ўтган биринчи саммит чоғида Си Жинпинг Марказий Осиё мамлакатларига 26 миллиард юань (тахминан 3,72 миллиард доллар) миқдорида беғараз ёрдам ажратилишини эълон қилган эди.

Франция собиқ бош вазири шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Франциянинг собиқ бош вазири Франсуа Фийон рафиқасини сохта ишга жойлаштиргани учун тўрт йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Париж апелляция суди шундай ҳукм чиқарди, шунингдек, уни 375 минг евро жаримага тортди ва беш йилга сайловларда қатнашишни тақиқлади, деб хабар беради AFP. Прокуратура сиёсатчининг ўн йилга сайловда қатнашишини тақиқлашни сўраган.

Судялар Фийон рафиқаси Пенелопани йиллар давомида парламент аппарати ходими бўлиб ишлашга расмийлаштириб қўйганини исботлади, лекин у аслида ишламаган. Бу 2017 йилда, президентлик сайловларидан бир неча ой олдин оммага маълум бўлди, унда Фийон энг юқори давлат лавозимига даъвогарлик қилган, бироқ юзага келган жанжал натижасида у Эммануэл Макронга ютқазиб қўйди.

Мавзуга оид