Жаҳон | 21:52 / 21.06.2025
1375
3 дақиқада ўқилади

Олимлар биринчи марта Қуёшнинг сунъий тутилиши қандай бўлишини кўрсатди

Астрономик ҳодиса Қуёшнинг юқори фаоллиги вақтида Ердаги технологияларда юз берадиган носозликларни ўрганиш мақсадида яратилган.

Фото: Европа космик агентлиги

Олимлар биринчи марта Ер орбитасидаги иккита сунъий йўлдош орқали моделлаштирилган Қуёшнинг сунъий тутилиши қандай бўлишини кўрсатди.

Европа космик агентлигининг (ESA) хабар беришича, астрономик ҳодиса Қуёшнинг юқори фаоллиги вақтида Ердаги технологияларда юз берадиган носозликларни ўрганиш мақсадида яратилган.

Биринчи марта Қуёш тутилиши 2025 йил март ойида моделлаштирилган эди. Бунда Proba-3 миссиясининг иккита космик кемаси бир-биридан 150 метр масофада учиб ўтди. Шу билан бирга, сунъий йўлдошлар бир неча соат давомида миллиметргача бўлган аниқлик билан ўз позицияларини сақлаб қолди.

Натижада, бир қурилма Қуёшни бошқа қурилмадан тўсиб қўйди ва унинг оптик асбобларига 8 сантиметр ўлчамдаги сояни туширди. Бунинг шарофати билан олимлар қуёш тожи - атмосферасининг ташқи қисми тасвирини олишга муваффақ бўлди.

«Тожни кузатиш қуёш шамолини, материянинг космосга узлуксиз оқимини аниқлаш учун жуда муҳимдир. Бу, шунингдек, тож массасининг отилишини, Қуёш деярли ҳар куни, айниқса юқори фаоллик даврида отадиган заррачалар портлашини тушуниш учун жуда муҳимдир», деб тушунтирди олимлар.

Уларнинг қўшимча қилишича, Қуёшнинг бундай фаоллиги Ерда қутб ёғдуси пайдо бўлишига олиб келиши мумкин, бироқ, замонавий технологиялар учун хавф туғдиради. Қуёшнинг юқори фаоллиги сайёрамиздаги алоқа, электр узатиш ва навигация тизимларини бузиши мумкин.

Сунъий тўсиқ туфайли тадқиқотчилар Қуёшдаги кўпроқ тафсилотларни кўришга муваффақ бўлди, анъанавий усулларда бу имконсиз.

«Биринчи маълумотларни олиш ниҳоятда ҳаяжонли бўлди. Бошқа ўлчовлар билан биргаликда бу юлдузимиз ҳақидаги узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган масалаларни ҳал қилишга ёрдам беради», деди лойиҳа олими Жо Зендер.

Олимларнинг таъкидлашича, йилига бир марта содир бўладиган табиий тутилишдан фарқли ўлароқ, сунъий тутилишни ҳар 19,6 соатда симуляция қилиш мумкин. Бундан ташқари, сунъий йўлдошлар астрономик ҳодисани олти соатгача ушлаб туради, табиий ҳолатда бу бир неча дақиқа давом этади.

Мавзуга оид