Ўзбекистон | 08:03
3122
11 дақиқада ўқилади

Катта АЭС битими, Фарғонадаги “маска-шоу” ва қулаётган доллар — ҳафта дайжести

“Ўзатом” “Росатом”нинг АЭС ҳақидаги баёнотини нуқта-вергулигача кўчириб босди: бунақаси ўзидан юқори турувчи органнинг пресс-релизини улашадиган қуйи ташкилотга ярашади. “Портал”дан умидини узганлар нажотни бошқа жойдан излаяпти: диспетчерга айланиб қолган халқ қабулхоналари танқидга учради. Бош режага амал қилмасликни Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ўзи бошлаб бермоқчи: ҳокимият 9 қаватдан юқориси тақиқланган жойга 30 қаватли “дом” қуриш ниятида. Ортда қолаётган ҳафта воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳам кичик, ҳам катта АЭС қурилади

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги мулоқотларда йирик АЭС қуриш мавзуси яна кун тартибига қайтганидан 3 ой ўтиб, бу масала расмий ҳужжат шаклига кирди. 20 июн куни “Ўзатом” директори Азим Аҳмадхўжаев ва “Росатом” раҳбари Алексей Лихачёв Ўзбекистонда катта қувватли АЭС қуриш лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш тўғрисида битим имзолади.

Битим ҳар бири 1 гигаватт қувватли иккита энергоблокни ташкил этиш ва келгусида энергоблоклар сонини тўрттагача етказиш масаласини биргаликда кўриб чиқишни назарда тутади. Азим Аҳмадхўжаевга кўра, лойиҳанинг асосий жиҳатларини ўрганиш учун қўшма ишчи гуруҳ тузилган. Бу гуруҳ йирик АЭСнинг нархи қанча бўлишини ҳам ҳисоблаб чиқади.

Ёдингизда бўлса, 2018 йилда муҳокамада бўлган 2,4 гигаваттли АЭСни Россия томони 11 млрд долларга баҳолаган эди. Кейинчалик бу борадаги режалар ўзгарди: Ўзбекистон эҳтиёткорлик йўлини танлаб, атом энергетикасидаги илк қадамларини бирданига йирик АЭСдан бошламасликка, аввалига кам қувватли ядро реакторларини ўрнатиш орқали бу соҳада тажриба тўплашга қарор қилди.

Шу ҳафта маълум бўлишича, Жиззахда қуриладиган кичик АЭС борасидаги режалар ҳам ўзгарган. Энди бу станция режа қилинганидек 330 мегаватт эмас, 110 мегаватт қувватга эга бўлади. Яъни 55 мегаваттлик РИТМ-200Н сув-сувли ядро реакторларидан 6 та эмас, 2 тасини ўрнатишга қарор қилинди. Эслатиб ўтамиз, бу реакторларнинг оригинал варианти шу пайтгача фақат абадий музликлар бағридаги музёрар кемаларда фойдаланилган. Қуруқликда, иссиқ иқлим шароитида ҳали ишлатиб кўрилмаган бу реакторлардан биринчисини “Росатом”нинг Петербургдаги заводи Ўзбекистон учун ўтган ойда ишлаб чиқаришни бошлаган эди.

Афсуски, АЭС ҳақидаги бу янгиликларни ўзбекистонликлар яна биринчи бўлиб Россия расмийларидан эшитди. Юқорида айтиб ўтилган ўзгаришларни 19 июн куни Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак маълум қилганди. Эртасига, тегишли битим имзоланганидан кейин ҳам, “Ўзатом” бирор янги ахборот бергани йўқ: агентлик “Росатом” сайтида чиққан пресс-релизни нуқта-вергулигача кўчириб, эълон қилиб қўя қолди. Кўчирилган баёнот эса, табиийки, Россия томонининг нуқтайи назаридан ёзилган: “Ўзатом” номи “Росатом”дан кейинга қўйилган, асосан Лихачёвнинг гапларига ўрин берилиб, Аҳмадхўжаевнинг изоҳи энг охирига жойлаштирилган. Орадан 2 соат ўтиб, ижтимоий тармоқлардаги танқидлардан кейин, агентлик Telegram-каналида пресс-релизнинг ўзбекчага таржимаси ҳам пайдо бўлди, лекин ундаги сиёсий хатолар хатолигича қолди.

Ҳайдовчиларни нималар кутяпти?

Ҳайдовчиларга тааллуқли қонун лойиҳаси депутатлар тасдиғидан ўтди. Қонунда камера ва радарлар орқали автоматик қайд этилиши мумкин бўлган қоидабузарликларнинг 20 га яқин тури санаб ўтилган ва рўйхатга, аввал эълон қилинганидек, ҳаракатланиш бўлакларини ажратувчи сидирға чизиқни босиш ҳолатлари киритилмаган. Шу билан бирга, автомобилнинг давлат рақамини ечиб олиб ҳайдаш, бошқа рақамни тақиб олиш, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш, қувиб ўтиш қоидаларини бузиш каби ҳуқуқбузарликларни ҳам радарлар орқали қайд этишга қонунан рухсат бериляпти.

Қонун кучга киргач, 8 хил қоидабузарликни биринчи марта содир этган шахслар кечириб юборилади. Аниқроғи, уларга маъмурий огоҳлантириш берилади ва жарима ёзилмайди. Ҳайдовчи бу имкониятдан бир йилда бир марта фойдаланиши мумкин. Бир йил ичида биринчи марта содир этилганида огоҳлантириш бериладиган қоидабузарликлар қаторига камар тақмаслик, вақтида техник кўрикдан ўтмаслик, мажбурий суғуртага эга бўлмаслик, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ва рулда телефондан фойдаланиш кабилар киради.

Бундан ташқари, камерада қайд этилган ҳуқуқбузарлик учун жарима солиш ҳақидаги қарорни чиқариш муддати бир ойгача қисқартириляпти. Яъни агар қоидабузарлик содир этилганидан кейин ҳайдовчи 1 ой ичида жаримага тортилмаса, иш ёпилади ва жарима қўлланмайди. Маълум қилинишича, амалиётда 7-8 ой олдинги қоидабузарликлар учун жарима қўллаш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Йўллардаги камералар ҳақида душанба кунги селекторда президент Шавкат Мирзиёев ҳам тўхталиб ўтди. “Аҳолининг яна бир эътирози – йўллардаги камералар дислокациясидан. Улар фақат қонунбузарликни қайд этиб, жарима ёзиш учун ишлаяпти. Бу камералар аслида транспорт оқимини бошқариш, тирбандлик ва аварияни камайтиришга хизмат қилиши керак эмасми?” – деди давлат раҳбари.

“Одамлар додини кимга айтсин?”

Одамлар порталга ёзган мурожаати ҳал бўлмаганидан кейин, ижтимоий тармоқларга чиқиб норозилик билдиришга мажбур бўляпти. Шахсан Шавкат Мирзиёевнинг қабулига киришни сўраб мурожаат қилганлар сони салкам мингтага яқинлашиб қолган. Бу ҳақда душанба кунги селекторда давлат раҳбарининг ўзи айтиб ўтди.

Халқ қабулхоналари тизими мурожаатларни давлат ташкилотларига тақсимловчи диспетчерга айланиб қолди. Мисол учун, ўтган йили виртуал қабулхона ва халқ қабулхоналарига юборилган мурожаатларнинг 55 фоизи ижобий ҳал этилмаган. Мурожаатлар ҳал бўлмагани учун ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар кўпайган. Вазирлар ва ҳокимлар мурожаатларга ечим бермаса, одамлар додини кимга айтсин?” – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент халқ қабулхоналарининг барча ходимларини ишдан бўшатишга топшириқ берди. Уларнинг ўрни масалани ҳал қила оладиган фидойи кадрлар билан тўлдирилиши айтилди. Эндиликда халқ қабулхоналарига вилоят ва туман ҳокимининг ўзи раҳбарлик қилади. Шавкат Мирзиёев ҳокимларга мурожаатчи бошқа идорага юбормасдан, шу ернинг ўзида ҳал қилиш топшириғини берди. Бунинг учун ҳокимнинг ваколатлари кенгайтирилиб, бир нечта вазирлик ва идораларнинг туман бўлинмалари бевосита унинг бўйсунувига ўтади.

Селекторда қаттиқ танқидга учраган бошқа бир тизим – Президент администрациясининг назорат инспекцияси эса буткул ёпиб юборилди. Маълум бўлишича, инспекция президент қарорлари ва фармонларининг ижроси юзасидан вазирлар нимани берса шуни кўтариб келаверган, масалаларни ўрганиб, айбдорларни жазолаш бўйича таклиф киритмаган. Тугатилган назорат инспекциясининг ваколатлари Ҳисоб палатасига ўтказилди.

Тошкентда – бош режага зид лойиҳалар

Тошкент шаҳрининг ўтган йили тасдиқланган бош режаси синов қаршисида турган бўлиши мумкин. Бош режада тақиқланганига қарамай, шаҳарнинг марказий нуқталарида иккита 30 қаватли ва битта 53 қаватли бинолар қуриш режалаштириляпти. Бош режанинг тегишли қисмларида бундай баландлик тақиқланганига қараганда, шаҳар инфратузилмаси бу лойиҳаларнинг юкини кўтара олмайди.

Шаҳар марказида, Амир Темур хиёбони яқинида қад ростлаши кўзда тутилган иккита минорали футуристик бино лойиҳаси айниқса эътиборга лойиқ. Лойиҳани ўтган йили 151 млрд сўмга хусусийлаштирилган “Фотон” компанияси, ўзи эгаллаб турган бинонинг ўрнида қуришни таклиф қилган. Улкан меъморий узукни ўз ичига оладиган мажмуада бинолардан бирининг баландлиги 53 қават бўлиши кўзда тутилган. Ваҳоланки, бош режага кўра, бу ерда 25 қаватдан баланд бино қуриш мумкин эмас.

30 қаватли бинолардан бирини Геология қўмитасининг хусусийлаштирилган биноси ўрнида, иккинчисини Бешёғоч бозори олдида қуриш режа қилинган. Лекин бу ерларга мос равишда 5 ва 9 қаватдан юқори биноларни қуриш – бош режага зид. Эътиборлиси, Бешёғочдаги 30 қаватли мажмуа лойиҳасини тадбиркорлар эмас, нақ Тошкент шаҳри ҳокимиятининг ўзи таклиф қилган. Бу эса ҳақли бир саволни уйғотади: шаҳар ҳокимлигининг ўзи бош режани назар-писанд қилмаётган экан, хусусий сектордан нимани кутиш мумкин?

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Доллар курси ҳайратланарли равишда тушишда давом этяпти. АҚШ валютаси ўзбек сўмига нисбатан бир ҳафта ичида 2 фоизга қадрини йўқотди. Натижада расмий курс 2024 йил феврал ойидан бери илк марта 12 500 сўмдан пастга тушди. Банклардан доллар сотиб олиш курси 12 555 сўмгача қулади. Бу – глобал ноаниқликлар шароитида Ўзбекистоннинг асосий экспорт товари бўлмиш олтин нархининг ўсиши, доллар индексининг тушиши ва бошқа омиллар фонида рўй беряпти. Марказий банк ревалвация сабаблари борасида ҳозирча изоҳ бермади.

Ўзбекистон ҳукумати иқтисодиётнинг барқарор ўсишини мустаҳкамлашни хоҳласа, таркибий ва институционал ислоҳотлардан тўхтаб қолмаслиги керак. Халқаро валюта жамғармасининг Тошкентга келиб кетган миссияси ўз ўрганишлари якунида шундай хулосага келди. Бундан ташқари, кузатувчиларнинг фикрича, ҳукумат олтин нархи ошди деб, харажатларни ҳам оширишдан тийилиши керак. Чунки бу инфляциянинг пасайишига тўғаноқ бўлади. Таъкидланишича, инфляцияни пасайтириш учун ташқи қарз олиш лимитларига риоя қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ташқи қарз лимити 5 млрд доллардан 7,3 млрд долларга оширилган эди.

Ёз жазирамаси шароитида энергетика тизими зўриқиб ишлай бошлади. Тошкент шаҳри ва вилоятларда электр энергияси узилишлари кўпайди. Электр энергияси ишлаб чиқариш ортиб бораётган бўлса-да, тақсимлаш тармоқлари ҳалигача муаммоли нуқта бўлиб қолаётгани кўриниб турибди. Свет ўчган кунлари одамлар ижтимоий тармоқларда 2023-2024 йилларда бюджетдан энергетикага мисли кўрилмаган даражада катта маблағ йўналтирилгани, энг муҳими, тарифлар оширилганини ёдга олишди. Энергетика вазирлиги узилишларнинг фақатгина айримлари ҳақида хабар беряпти.

Ўзбекистонда вилоят прокурори даражасидаги мансабдор рейд ўтказилаётган жойга наркотик ташлаб қўйиш ҳақида буйруқ бериши мумкин экан. 2023 йилда рўй берган воқеада, Фарғона шаҳридаги ресторанлардан бирига “маска-шоу” уюштирилган бўлиб, унда қуролланган ниқобли ходимларга вилоят ИИБ бошлиғи Азизбек Икромов ва вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов бошчилик қилган. Рейд вақтида прокурор тезкор вакилга ресторан раҳбарини “наркотик ташлаб тиқиш”ни буюрган ва бу гаплар кузатув камераларига ёзилиб қолган. Эътиборлиси, бу ноқонуний топшириқ учун прокурорга интизомий жазо қўлланган холос. Тадбиркор эса ўша кундан буён таъқиб қилинаётганини айтмоқда. Кенгроқ тафсилотлар билан – Kun.uz суриштирувида танишинг.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов

Мавзуга оид