Жаҳон | 21:17 / 24.06.2025
4165
2 дақиқада ўқилади

Эроннинг «Басиж» махсус хизмати раҳбари ҳалок бўлди

Генерал Муҳаммад Таки Юсефванд Исроилнинг Теҳронга уюштирилган ҳужуми қурбонига айланди. У «Басиж» хизматини бошқариб келаётганди.

Эронда «Басиж» хизмати — Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бўлинмаси раҳбари ўлдирилди. Маълумотларга кўра, генерал Муҳаммад Таки Юсефванд Исроил томонидан 23 июн куни Теҳронга уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлган.

24 июн куни эрталаб Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу канцелярияси бир кун олдин мамлакат армияси «Басиж» тузилмасининг «юзлаб жангчиларини йўқ қилгани» тўғрисида хабар берганди. Баёнотда улар «террорчилик режимнинг репрессив қуроли» деб аталган.

«Басиж» Ислом инқилоби муҳофизларининг асосий бешта бўлинмасидан бири ҳисобланади. Хизмат Эроннинг аксарият шаҳарларида ўз бўлинмасига эга ва аҳолини сафарбар қилиш ҳамда ҳарбий тайёргарлик, мафкуравий тарбия, шунингдек, ички хавфсизликка масъул ҳисобланади.

Эроннинг Исроилга қарши ҳарбий амалиётлари бугун, 24 июн куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 04:00 да якунланди. «Қудратли қуролли кучларимизнинг Исроилни тажовузкорлиги учун жазолашга қаратилган ҳарбий амалиётлари сўнгги дақиқагача, эрталабки соат 4 гача давом этди», — дейилади мамлакат ташқи ишлар вазири Аббос Арақчининг постида. Шу билан бирга, дипломат ўз мамлакатини «сўнгги томчи қонигача ҳимоя қилишга» ва душманнинг ҳар қандай ҳужумига сўнгги дақиқагача жавоб беришга тайёр бўлган Эрон ҳарбийларига миннатдорчилик билдирди.

Мавзуга оид