Жаҳон | 21:21 / 24.06.2025
7477
9 дақиқада ўқилади

«Улар нима қилаётганини билмайди» — Трамп Эрондан ҳам, Исроилдан ҳам мамнун эмас

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон ва Исроил ўртасида «тўлиқ ва мутлақ» ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилганди. Бироқ келишувга қарамай, икки томондан ҳам давом этган ҳужумлар тинчлик режасининг келажагини шубҳа остига қўймоқда. Трамп «сулҳ»дан кейин ҳам Исроилни бир неча марта танқид қилди, икки томон қилган ҳужумларни қоралаш учун ҳақоратли сўз ишлатди – тафсилотлар.

Фото: AFP

АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Эрон ва Исроил «тўлиқ ва мутлақ» ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганини ёзди.

Трампнинг бу баёноти Эрон томонидан Қатардаги АҚШ ҳарбийлари жойлашган Ал-Удайд авиабазасига ракета ҳужуми уюштирилганидан сўнг Вашингтон вақти билан 23 июн куни 18:00 да, Ўзбекистон вақти билан эса бугун тонгда 03:00 да янгради.

Трамп постида Исроил ва Эрон ўртасида тўлиқ ва мутлақ ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув тахминан 6 соатдан сўнг кучга кириши, айни пайтда ҳар икки томон якуний ҳарбий операцияларини тугатаётганини айтган. Хусусан, келишувга кўра:

  • Эрон биринчи бўлиб ўт очишни тўхтатиши;
  • 12 соатдан сўнг Исроил ҳам ўт очишни тўхтатиши;
  • 24-соатда эса «12 КУНЛИК УРУШ»нинг расман якунлангани бутун дунё томонидан эътироф этилади.

АҚШ етакчиси ҳар бир томон ўт очишни тўхтатиш даврида тинч ва ҳурматли бўлиши кераклигини айтди. Оқ уй мансабдорига кўра, ушбу музокараларда Қатар амири Шайх Тамим муҳим рол ўйнаган. ОАВга кўра, бирданига чиққан бу хабар Трамп маъмуриятининг айрим юқори лавозимли амалдорларини ҳам ҳайратга солган.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Трампнинг гапларидан сўнг баёнот бериб, урушни бошлаган Эрон эмас, Исроил эканини эслатди. У ҳозирча оташкесим ҳақида ҳеч қандай келишув бўлмагани, лекин Исроил ҳужумларни тўхтатса, Эрон ҳам тўхташини билдирди.

Трамп баёнотидан уч соат ўтиб, Исроил яна Эронга ҳужум бошлаган. Бу эса барча томонлар келишувга рози бўлганми, деган саволларни келтириб чиқарди.

Хусусан, Теҳронда кучли портлашлар кузатилди. Исроил ҳарбийлари Теҳрон марказини — бу ерда шаҳар ҳокимияти, Марказий банк ҳамда баъзи ҳарбий-разведка штаблари атрофидагиларни зудлик билан эвакуация қилишни тавсия қилди. Теҳрон аҳолиси бу ҳудудда кучли портлашлар ҳақида хабар берди.

Фото: New York Times

New York Times Исроил мудофаа расмийларига таяниб, келишувини расман тасдиқламагани учун ҳарбийлар Теҳрон ва бошқа шаҳарларда ўнлаб нишонларга зарба бераётгани ҳақида ёзди.

Исроил армияси сешанба куни эрта тонгда Эрон томонидан Исроилга қарата учирилган учта дронни уриб туширди. Шунингдек, Эрон томонидан Исроилга ракеталар учирилгани сабабли мамлакатда бир неча марта сиреналар янгради. Келиб тушган ракета зарбалари оқибатида Исроил ёнғин ва қутқарув хизмати 4 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Фото: New York Times

Бу орада Трампнинг яна ўз ижтимоий тармоғида Эрон ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганини ёзди. «Оташкесим аллақачон амалда. Илтимос, уни бузманг», деди у.

Шундан сўнг, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу идораси ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганини тасдиқлади. Исроил томони Эроннинг ядровий ва баллистик ракета дастурлари бартараф этилгани, Теҳрон осмонида тўлиқ ҳаво назорати қўлга киритилгани каби ютуқларга эришганини айтган.

«Ушбу ютуқлар ортидан АҚШ президенти Доналд Трамп билан тўлиқ келишилган ҳолда, икки томонлама ўт очишни тўхтатиш таклифи қабул қилинди», дейилади Исроил ҳукумати баёнотида. Исроил оппозицияси ушбу сулҳдан сўнг Ғазо билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Исроил ҳукумати баёнотида Эрон бўйича олиб борилган ҳарбий кампанияда мақсадларига эришганини ва «президент Трамп билан тўлиқ мувофиқлаштирган ҳолда, ўзаро сулҳ таклифини қабул қилганини» билдирган.

Кейинроқ Исроил армияси Эрон томонидан яна ракеталар учирилганини айтди, бироқ Эрон Қуролли кучлари сулҳдан сўнг ракеталар учирилгани ҳақидаги хабарларни инкор этган.

Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши сулҳни «ғалаба» сифатида баҳолади. Эрон миллий телевидениесида берилган хабарда Эрон АҚШнинг Қатардаги базасига ва бошқа нишонларга зарба бериб, «Исроилга сулҳни қабул қилдиргани» айтилади.

Трампнинг жаҳли чиқди

Исроил Эронни сулҳни бузганликда айблаши ҳамда жавоб зарбалари берилишини айтганидан сўнг Трамп бир неча маротаба пост ёзиб, Исроилни бундан қайтаришга эришди. Дастлаб Доналд Трамп Исроил оташкесимни бузиб, ўт очаётганини билдирди ва огоҳлантирди.

«Исроил. Бомбаларни ташламанг! Агар шундай қилсангиз, келишувни бузган бўласиз. Учувчиларингизни ортга қайтаринг. Ҳозироқ», — деди.

Трамп, шунингдек, Оқ уйдан НАТО саммитига жўнаб кетаётганда журналистларга Исроилдан мамнун эмаслигини айтган ҳамда уни қаттиқ танқид қилган.

«Исроил — биз келишувни имзолаганимиз заҳоти чиқиб келди ва мен илгари ҳеч қачон кўрмаган миқдорда бомба ёғдирди. Бу ҳозиргача кўрилган энг катта бомбардимон эди. Мен бундан норозиман, Исроилдан мамнун эмасман. Сизда ўт очишни тўхтатиш учун 12 соат вақт бор. Лекин биринчи соатданоқ ҳамма қуролингизни ишлатиб ташлашни бошламайсиз. Шунинг учун мен улардан норозиман. Мен Эрондан ҳам норозиман. Биласизми, бизда узоқ вақтдан бери шунчалик қаттиқ урушаётган икки давлат бор, улар нима қилаётганини билишмайди», - деди Трамп.

У журналистларга берган изоҳида сулҳдан кейин икки томон қилган ҳужумларни ҳақоратли сўз билан тасвирлаб, Исроилни кескин танқид қилди. Кейин Трамп НАТО саммити учун «Air Force One» бортига чиқиб, Европага учиб кетди.

Кейин Трамп Эронга ҳужум қилмоқчи бўлган Исроил қирувчилари ортга қайтганини ёзган.

«Исроил Эронга ҳужум қилмайди. Барча самолётлар ортга қайтади ва Эронга қанотларини силкиб, дўстона салом йўллайди. Ҳеч кимга зарар етмайди, оташкесим кучда!» Шунингдек, АҚШ президенти «Эрон ядро иншоотларини ҳеч қачон қайта қурмаслигини» қўшимча қилди.

New York Times'нинг Оқ уй расмийсига таяниб ёзишича, Трамп Европага жўнаб кетаётган пайтда «Air Force One» бортидан Исроил бош вазири Нетаняҳуга қўнғироқ қилган ва сулҳни сақлаб қолиш учун нима қилиш кераклигини қатъий ва бевосита айтган. «Бош вазир – президент Трампнинг хавотирларини тушунди», деган манба.

Муносабатлар

Дунё етакчилари сешанба куни Трамп эълон қилган Исроил ва Эрон ўртасидаги 12 кунлик урушдан кейинги сулҳни эҳтиёткорлик билан, лекин олқишлаб кутиб олди.

Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков «Агар сулҳ эришилган бўлса, бу олқишланади. Умид қиламизки, бу барқарор сулҳ бўлади», деган. Франция президенти Эммануэл Макрон эса Трампнинг сулҳ эълонини олқишлади, аммо «вазият ҳануз беқарор» эканини айтди.

Германия канцлери ҳам сулҳни олқишлаб, Исроил ҳамда Эронга унга амал қилишни тавсия этди. Қатар бош вазир Шайх Муҳаммад томонларни сулҳга амал қилишда жиддий ва масъулиятли бўлишга чақирди.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича вакили Аноуар Эл Аноуни эса кейинги давом этган «ракета ҳужумлари бу сулҳнинг нақадар мўртлигини кўрсатмоқда», деди. У Эронни жиддий дипломатик музокараларга чақирди.

Яқин Шарқ бўйича таҳлилчи Умар Раҳмон Al-Jazeera'га берган изоҳида Трамп баёнотида муҳим тафсилотлар етишмаётганини, жумладан, келишув ортидан музокаралар бўладими-йўқми, номаълум қолаётганини айтди. Раҳмон Трампни Исроил фойдасига алдовлар қилишда айблади. Трамп биринчи Исроил ҳужумидан бир неча соат олдин АҚШ дипломатияга содиқлигини билдирган эди. Ўтган ҳафта Трамп АҚШ урушга қўшиладими-йўқми деган қарорни икки ҳафта ичида билдиришини айтганди, аммо орадан икки кун ўтиб Эронни нишонга олди.

Воқеалар ривожи

Исроил 13 июн тонгида Эронга қарши кенг кўламли ҳужумни бошлади. Бу ҳужумлар бевосита турткисиз амалга оширилган ва юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлди. Эрон бу ҳужумларни БМТ Низомига зид тажовуз деб атаб, Исроилга юзлаб ракеталар билан жавоб берди. Ракета зарбалари Исроилда ҳам катта вайронагарчиликларга олиб келди.

22 июн куни эса АҚШ урушга қўшилиб, Эроннинг учта ядровий объектига зарба берди.

23 июн куни Эрон АҚШ зарбаларига жавобан Қатардаги Ал-Удайд авиабазасига ракета ҳужуми уюштирди. Трамп эса бу жавобни «заиф» деб атади ва АҚШ бунга жавоб қайтармаслигини билдирди. Трамп шу куни юқоридаги сулҳни эълон қилди.

Эрон ядровий дастурининг аниқ зарарлари номаълумлигича қолмоқда. Теҳрон ядровий қуролга интилмаётганини таъкидлаяпти, бироқ Исроил яширин ядровий арсенали борлиги ҳақида кенг эътироф этилган.

Мавзуга оид