Киев ва Лондон ҳарбий ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик ҳақида эълон қилди
Володимир Зеленский ва Кир Стармер Лондонда янги ҳарбий ишлаб чиқариш ҳамкорлигини эълон қилди. Британия бош вазири буни Украинани қўллаб-қувватлашдаги катта қадам деб атади.

Фото: Marco M. Mantovani/Pool via REUTERS
Украина президенти Володимир Зеленский ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер янги ҳарбий ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишиб олди. Сўнгги ҳамкорлик формати 23 июн, душанба куни, Ҳаагада бўлиб ўтадиган НАТО саммити олдидан эълон қилинди, деб хабар бермоқда PA Media ва dpa.
«Биз можаро атрофидаги муаммоларни ва қўллаб-қувватлаш учун яна нима қилишимиз мумкинлигини муҳокама қилдик», деди Стармер.
«Бугун тушдан кейин Украина ва Буюк Британия учун биринчи бўлиб саноат мудофаа ишлаб чиқариши бўйича қўшма келишувни эълон қилишимиздан жуда фахрланаман — бу биз қўшишда давом этишимиз мумкин бўлган ҳисса нуқтайи назаридан олдинга улкан қадам бўлади», деди Британия бош вазири.
Ўз навбатида, Зеленский келишув «ҳар икки давлатни мустаҳкамлашига» ишонч билдирди. Украина етакчисининг қўшимча қилишича, украиналик ҳарбийларни Буюк Британияда тайёрлаш бўйича Interflex дастури доирасида тажриба алмашиш жуда муҳим.
Зеленский ва Стармер Даунинг-стрит, 10-уй боғида машғулот ўтаётган украиналик ҳарбийлар билан суҳбатлашди.
«Бу ерда ҳозир бўлган барча инструкторларга Буюк Британия ва ушбу тренингда иштирок этаётган бошқа давлатлар – ҳозирда 13 та давлат номидан катта раҳмат айтмоқчиман», деди Британия вазирлар маҳкамаси раҳбари. «Бу ҳақиқий куч намойиши, иттифоқчилар ўртасидаги бирдамлик, шу билан бирга бизнинг душманларимизга ҳам ҳақиқий хабар», — дея қўшимча қилди у.
Аввалроқ Зеленскийни Виндзор қасрида Буюк Британия қироли Чарлз III кутиб олган эди.
Лондонга ташриф НАТО етакчилари Ҳаагада икки кунлик саммитга йиғилишдан бир кун олдин бўлиб ўтди. Украина ҳам унга таклиф олди, бироқ Украина президентининг иштирок этиши ҳозирча аниқ эмас.