Жамият | 20:48 / 25.06.2025
1386
4 дақиқада ўқилади

“Хусусий киностудиялар томонидан тайёрланаётган филмларни биз назорат қилмаймиз” – Кинематография агентлиги

Кинонинг санъатдан саноатга ўтиши яхши тенденция, лекин бу сифатнинг тушиши, оммавий этиканинг бузилиши ҳисобига бўлмаслиги керак. Охирги йилларда маҳаллий ижодкорлар томонидан ишланаётган кино, филм ва новеллаларнинг аксариятида сценарий саёз, воқеа ҳамда актёрлар бир хил, айримларида фаҳш саҳналар мавжуд, оила даврасида кўриб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолган. Хўш, кинобозор нега назоратсиз? Жараённинг тўғри назоратга солиниши учун нима қилиш керак? Kun.uz мухбири Кинематография агентлиги матбуот котибига айни шу каби саволлар билан юзланди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Хусусий киностудиялар томонидан тайёрланиб, оммавий намойиш этилаётган филмлар назоратдан ўтказиладими?

Сайфулла Ражабов, Кинематография агентлиги матбуот котиби:

- Хусусий телеканаллар ва киностудиялар томонидан тайёрланаётган, ижтимоий тармоқларда бевосита маҳсулот сифатида жойланаётган медиа контентларни агентлик назорат қилмайди.

Маҳсулотларнинг ижодий даражаси, бадиий савияси, менталитет ва томошабинга мослиги борасида жиддий эътирозлар мавжуд: оила даврасида кўришга ярамайдиган саҳналар, савиясиз сюжетлар тез-тез кўзга ташланмоқда. Бу танқидларни инкор эта олмаймиз. Бироқ хусусий студиялар ва хусусий телеканаллар ҳамкорлигида суратга олинаётган сериал, филм ва новеллаларни назорат қилиш Кинематография агентлиги ваколатига кирмайди, бунга ҳуқуқий асос йўқ. Улар хусусий студия томонидан тайёрланади, телеканал маблағ ажратади ва каналнинг бадиий кенгаши кўриб чиққанидан кейин маҳсулот эфирга узатилади. Бу ҳолатда сифат ва савияга телеканал ҳамда киностудия раҳбарияти масъул бўлади.

Саноатга айланаётган маҳаллий кинобозорда таклиф этилаётган медиа маҳсулотларини Кинематография агентлиги филтрдан ўтказмаса, бунинг назоратини ким қилади?

- Айни кунларда ижодий жараёнларга халақит қилмаган ва ижодкорларга зарар етказмаган ҳолда назорат қилиш механизмларини ишлаб чиқиш устида ишлаяпмиз. Бу борада таклифларни шакллантиряпмиз.

Агентлик фаолияти нималардан иборат ўзи?

- Кинематография агентлиги асосан бадиий, ҳужжатли, анимацион филмлар ва субсидия маблағларига телеканаллар билан ҳамкорликда сериаллар яратади. Шунингдек, давлат буюртмаси асосида суратга олинаётган филм ва сериалларни тўлиқ назорат остига олади. Ишчи гуруҳ, экспертлар кенгаши ҳамда бадиий кенгаш томонидан сценарийлар бир неча босқичда таҳлил қилинади, мос келмайдиган жиҳатлар аниқланса, кинони ишлашга рухсат берилмайди. Фақат юқори савиядаги, бугунги кун талаблари ва томошабин дидига мос сценарийлар асосида суратга олиш жараёнларини ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз.

Кинематография агентлиги ҳузурида махсус бўлим мавжуд бўлиб, айнан шу бўлим томонидан давлат буюртмаси асосида ишланган филмларнинг оммавий намойишига рухсат берилади. Рухсатномага эга бўлмаган филм кинотеатрларда ёки телеэкранда намойиш қилинмайди. Агар филмда ортиқча саҳналар, менталитетига мос келмайдиган ғоя ёки эпизодлар аниқланса, бу ҳолат ижодий гуруҳга тушунтирилиб, филм қайта ишланади.

Агентлик шафелигида суратга олинаётган филмларда сценарий оригиналлигига қай даражада аҳамият берилади. Масалан, сўнгги премера қилинган кинолардан бири “Адолат” филми воқеалари Кореяда суратга олинган филм сюжетларига жуда ўхшаш?

- Бу филм Республика прокуратураси билан ҳамкорликда суратга олинган бўлиб, прокуратура тизимидаги ходимлар фаолиятини ёритишга қаратилган. Айрим ғоявий ва саҳнавий сюжетлар бошқа хорижий филмларникига ўхшаши мумкин, лекин бу плагиат эмас. Кинематография оламида умумий ғоялар, образлар ёки муҳитлар ўхшаш бўлиши табиий ҳол. Аммо юз фоиз нусха кўчириш – агентлик сиёсатида мутлақо йўл қўйилмайдиган ҳодиса: ҳар бир сценарийнинг оригинал ғоя асосида ишлаб чиқилиши муҳим.

Мавзуга оид