Ўзбекистон | 10:39
2762
7 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга тарихий давлат ташрифи. Тафсилотлар

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24-25 июн кунлари рафиқаси билан бирга давлат ташрифи билан Мўғулистонда бўлди. Тарихдаги биринчи бўлган ушбу ташриф Ўзбекистон-Мўғулистон муносабатларида янги босқични бошлаб берди ва кўп қиррали ҳамкорлик ривожи учун кенг имкониятлар очди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президентини расмий кутиб олиш маросими

Дастлаб Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Давлат раҳбари ва рафиқасини Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух рафиқаси билан кутиб олди. Сухэ-Ботир майдонида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр ижросида икки давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади.

Маросимдан сўнг Ўзбекистон президенти Мўғулистон Давлат саройидаги Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирди. Биргаликда суратга тушилгач, олий даражадаги музокаралар бошланди.

Мирзиёев ва Хурэлсухнинг музокаралари

Мўғулистон Давлат саройида Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсухнинг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Ўзбекистон-Мўғулистон дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Музокараларда иқтисодий кооперацияни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Яқин йилларда ўзаро савдони, энг аввало, талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини ошириш ҳисобига каррасига кўпайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди.

Шу мақсадда имтиёзли савдо ва инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларни қабул қилишни тезлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари иқтисодиётнинг муайян тармоқларида саноат кооперациясини чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлади. Ҳамкорликнинг қатор истиқболли йўналишлари устувор этиб белгилаб олинди. Қўшма кластерлар ташкил этиш, гўшт-сут, жун ва чарм маҳсулотларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш бўйича кооперация лойиҳаларини илгари суриш асосида қишлоқ хўжалигида комплекс ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдорлик билдирилди.

Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва янги логистика йўналишларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Йил якунига қадар пойтахтлар ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш режалаштирилган. Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар учун халқаро таҳлил институти билан биргаликда энг қисқа ва самарали транспорт йўлакларини аниқлаш бўйича амалий тадқиқотлар ўтказиш таклифи билдирилди.

Олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантириш, ажратилаётган квоталар доирасида мўғул ёшларининг Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таълим олишини қайта тиклашга келишиб олинди. Эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни қабул қилиш юзасидан аҳдлашилди.

Якунда давлат раҳбари Мўғулистон президентини жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

Музокаралар натижаси келишувларда мустаҳкамланди

Улан-Батор шаҳрида ўтган олий даражадаги музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух Кенг қамровли шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади.

Шунингдек, президентлар ҳузурида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

- ўсимликлар карантини ва ҳимояси, олий таълим, тоғ-кон саноати, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар;
- икки мамлакат архив идоралари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан Мўғулистон Иқтисодиёт ва тараққиёт вазирлиги ўртасида, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган, Ўзбекистон Маданият вазирлиги билан Мўғулистон Маданият, спорт, туризм ва ёшлар вазирлиги ўртасида 2025-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурлари;
- Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Мўғулистон Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазирлиги ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳамкорлик режаси;
- Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан Мўғулистон Маданият, спорт, туризм ва ёшлар вазирлиги ўртасида экотуризм соҳасидаги ҳаракатлар режаси.

Етакчилар музокаралар якунини сарҳисоб қилди

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух ўтказилган музокаралар натижаларига доир фикрларини баён қилдилар.

- Мўғулистонлик дўстларимизнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги эътиборга лойиқ муваффақиятлари ва ютуқларидан чин дилдан хурсандмиз, сизнинг тинчликсевар ташқи сиёсатингизни тўла қўллаб-қувватлаймиз, - деди давлат етакчиси.

Давлат раҳбари ташрифнинг асосий натижаларидан бири сифатида Ўзбекистон-Мўғулистон ҳамкорлигида янги босқични бошлаб берадиган муҳим ҳужжат - Кенг қамровли шериклик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланганини таъкидлади.

Ўзбекистон президентининг сўзларига кўра, музокараларда асосий эътибор иқтисодий ҳамкорликка қаратилди. Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини, энг аввало, харидоргир маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш орқали бир неча баробар ошириш вазифалари белгиланди. Улан-Баторда кўргазма залига эга бўлган Ўзбекистон савдо уйи очилиши бу ишлар учун амалий асос бўлиши таъкидланди.

Шунингдек, давлат раҳбари ажратилаётган квоталар доирасида мўғулистонлик ёшларнинг Ўзбекистондаги етакчи олий таълим муассасаларида таълим олишини қайта йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.

Эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун икки мамлакат ҳукуматлари томонидан кенг қамровли "йўл харитаси" қабул қилиниши таъкидланди. Сўзининг якунида давлат раҳбари Мўғулистон президентини расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этганини маълум қилди.

Давлат раҳбарлари қўшма концертда иштирок этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух рафиқалари билан биргаликда икки мамлакат санъат усталарининг концертида иштирок этди.

Бугун давлат раҳбарларининг иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли халқларимиз янада яқинлашди, давлатлараро муносабатлар кенг қамровли шериклик даражасига кўтарилди.

Қўшма концерт Ўзбекистон-Мўғулистон дўстлиги ҳамда икки томонлама кўп қиррали муносабатларда янги босқич бошланганининг навбатдаги ифодаси бўлди.

Истеъдодли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқларда маданиятларнинг бойлиги, ранг-баранглиги ва ўзига хослиги мужассам бўлди.

Президентлар дарахт экди

25 июн куни Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух рафиқалари билан бирга "Их Тэнгэр" давлат мажмуаси боғида дарахт экди.

Маросим икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик тобора мустаҳкамланиб бораётгани, Ўзбекистон-Мўғулистон кенг қамровли шериклик муносабатларининг ривожланишида янги босқич бошланганининг рамзи бўлди.

Ташриф давомида олий мартабали меҳмонлар “Наадам” анъанавий мўғул беллашувларини томоша қилди.

Ўзбекистон президенти Мўғулистонга ташрифини якунлади

25 июн куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга давлат ташрифи якунига етди.

Ташриф тадбирлари якунлангач, Ўзбекистон президенти Тошкентга жўнаб кетди. Аэропортда олий мартабали меҳмонларни Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунх Батцэцэг ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.

Мавзуга оид