Жаҳон | 15:03
2238
2 дақиқада ўқилади

Трамп Нетаняҳуга қарши коррупция бўйича ишни ёпишга чақирди

Доналд Трампнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Исроилни ҳимоя қилган ва энди Бинямин Нетаняҳуни таъқибдан қутқаради. У Исроил бош вазирига қўйилган айбловларни «жодугарлар ови» деб атади.

Фото: Leah Millis/REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил адлия тизимини коррупцияда айбланаётган бош вазир Бинямин Нетаняҳуга нисбатан жиноий таъқибни тўхтатишга чақирди. Нетаняҳу устидан суд жараёни зудлик билан бекор қилиниши керак, чунки у Исроил давлати учун жуда кўп иш қилган, деб ёзди Трамп 26 июн, пайшанба куни Truth Social ижтимоий тармоғида.

«Биби ва мен Исроилнинг жуда кучли ва таниқли узоқ муддатли душмани Эронга қарши курашиб, жаҳаннамдан бирга ўтдик», деди у ва Нетаняҳуни «Исроил тарихида ҳеч кимга ўхшамаган жангчи» деб атади. Шунинг учун Трамп Нетаняҳу ҳали ҳам тергов остида эканидан «даҳшатга тушганини» билдириб, буни «бемаъни жодугарлар ови» деб таърифлади.

Трамп, шунингдек, Қўшма Штатлар «Исроилни қутқаргани» ва энди Нетаняҳуни сақлаб қолишини айтди. У у кўп йиллар давом этган коррупция иши бўйича судга чақирилди. «Адолатнинг бу фожиаси содир бўлишига йўл қўйиб бўлмайди», дея қўшимча қилди Трамп.

Нетаняҳу 2019 йилда учта коррупция, фирибгарлик ва суиистеъмоллик, жумладан миллиардер дўстларидан қимматбаҳо совғаларни қабул қилиш ва медиамагнатлардан ўз фаолиятини яхши томондан ёритишни талаб қилиш бўйича айбланган. Исроил бош вазири айбловларни рад этиб, айбловни «бемаънилик» ва «жодугарлар ови» деб атади. 

Нетаняҳу ўзига қарши очилган жиноий иш бўйича судда кўрсатма берган биринчи амалдаги Исроил бош вазиридир.

Мавзуга оид