Жаҳон | 21:46 / 01.07.2025
3426
2 дақиқада ўқилади

Эрон «Астрахан порти» устидан назоратни қўлга киритиши мумкин

Каспий денгизидаги Россия терминаллари — мамлакат донини Эронга экспорт қиладиган анъанавий йўл ҳисобланади. Шу боис Эрон компанияси «Астрахан порти»нинг қолган акцияларини ҳам сотиб олишга ҳаракат қилмоқда.

Фото: ТАСС

Эрон компанияси Қаспий денгизи бўйидаги Россия ҳудудида жойлашган дон ва бошқа товарларни қайта юклашга мўлжалланган денгиз терминалларидан бирининг 100 фоизли эгасига айланиши мумкин. Reuters’нинг терминалга эгалик қилувчи компания баёнотига таяниб ёзишича, Эрон россиялик мулкдорларнинг улушларини сотиб олиш орқали бу ҳуқуққа эга бўлади.

Россиянинг Каспийдаги денгиз терминаллари — РФ донини Эронга экспорт қиладиган анъанавий йўл ҳисобланади, аммо 2025 йилнинг иккинчи ярмида Эронга юбориладиган арпа ва маккажўхорига Россия ҳукумати томонидан қўйилган нол квоталар туфайли етказиб беришлар деярли тўхтаб қолган.

Эроннинг Насим Баҳр Киш компанияси, «Астрахан порти»нинг 53,66 фоиз оддий ва 51,29 фоиз имтиёзли акцияларига эгалик қилувчи асосий сармоядор сифатида, қолган акцияларни, жумладан, давлатга тегишли бўлган 25 фоиз улушни ҳам сотиб олиш учун оферта йўллаган.

Қолган акцияларни харид қилиш Эрон компаниясига 437,5 миллион рублга тушади. «Астрахан порти» юк терминалларидан бирига эгалик қилади — у орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, металл, ёғоч ҳамда ўғитлар қайта юкланади.

Reuters манбаларига кўра, 2023-2024 йилги мавсумда мазкур порт орқали 275 минг тонна дон экспортга юборилган, жорий йилги мавсумда эса ушбу кўрсаткич 139,5 минг тоннани ташкил этган, аммо май ойида қайта юклаш ҳажми нолга тушиб кетган.

Каспий орқали дон экспортининг умумий ҳажми ўтган мавсумда 3,7 миллион тоннани, жорий мавсумда эса 1,6 миллион тоннани ташкил этган.

Ўтган мавсум Эронда ҳосил юқори даражада бўлгани учун ғалла хариди барқарор бўлмаган, аммо 2024 йил охирларига келиб дон хариди яна фаоллашган.

Эскперлар 2025-2026 йилги мавсумда Каспий портлари орқали Россиядан Эронга арпа ва маккажўхори етказиб бериш ошишини кутмоқда. Русагротранснинг баҳолашича, етказиб беришлар 2,6 миллион тоннадан 3,6 миллион тоннагача ошади.

Мавзуга оид