Жаҳон | 18:59
1973
3 дақиқада ўқилади

Россия мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари 13 йилга қамалди

У жуда катта миқдорда талон-торож қилиш ҳолати бўйича айбдор деб топилди.

Фото: РИА Новости

Москва шаҳар суди Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг собиқ ўринбосари Тимур Ивановни 13 йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди.

У иккита талон-торожликда: 2015 йилда Қримда паром сотиб олиш учун 216,6 миллион рублни ва «Интеркоммерц» банкига тегишли 3,92 миллиард рублни ўмаришда, шунингдек, пул ювишда айбдор деб топилди. Иккинчи айбланувчи, «Оборонлогистика» АЖ собиқ раҳбари Антон Филатов шу каби жиноятларни содир этгани учун 12 йилу 6 ойга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилинди.

Айблов томонига кўра, иккала жиноят ҳам 2015 йилда, Тимур Иванов Мудофаа вазирлигига қарашли «Оборонстрой» АЖ бош директори лавозимида ишлаган ва Антон Филатов унинг шуъба корхонаси «Оборонлогистика» МЧЖ директори лавозимида ишлаганида содир этилган. Улар ёлғиз эмас, балки уюшган гуруҳнинг бир қисми сифатида ҳаракат қилган. Уларнинг шериги деб тахмин қилинган уч нафар шахс хорижга қочиб кетган.

Биринчи эпизод Грециядан иккита паром кемасини жами 12,4 миллион еврога сотиб олиш билан боғлиқ. Айблов томони давлат ажратган маблағ ва кемаларга сарфланган маблағ ўртасидаги фарқ ўғирланган деб ҳисобламоқда. Айблов томонига кўра, пуллар айбланувчилар назоратидаги компанияларнинг банк ҳисоб рақамларига, хусусан, маслаҳат хизматлари учун ҳақ тўлаш ниқоби остида ўтказилган.

Иккинчи эпизод «Интеркоммерц» банкидан турли хил сохта шартномалар бўйича 3,9 миллиард рубл ўғирланиши билан боғлиқ. Бунда пул маблағлари 2015 йил январ ойида сохта валюта олди-сотди шартномалари асосида банкдан чиқиб кетган ва турли юридик шахсларга асбоб-ускуналар, қурилиш материаллари ва ҳоказоларни сотиб олиш ниқоби остида чет элга ўтказилган.

Март ойи охирида бошланган суд жараёнида судланувчилар барча айбловларни рад этди. Ишда давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар мавжудлиги сабабли суд ёпиқ тарзда ўтказилди.

Томонлар баҳсида прокуратура Ивановни 14 йилу 6 ойга, Филатовни эса мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 14 йилга озодликдан маҳрум қилишни талаб қилди. Адвокатлар айбланувчиларни оқлашни сўради.

Натижада Москва шаҳар суди Тимур Ивановни 13 йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди ва 100 миллион рубл миқдорида жаримага тортди. Суд қарори билан у давлат мукофотларидан маҳрум қилинди. Суд собиқ вазир ўринбосарининг қўл остидаги ходими Антон Филатовни 12 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилди. Филатов 25 миллион рубл жаримага тортилди. Суд, шунингдек, Иванов ва Филатовдан жабрланган томонларнинг даъволари бўйича 4 миллиард рублдан ортиқ маблағ ундирди. Адвокатлар ҳукм устидан шикоят қилиши мумкин.

Мавзуга оид