Apple Ҳиндистонда iPhone ишлаб чиқаришни кенгайтиришда кутилмаган муаммога дуч келди
Foxconn Appleʼнинг Ҳиндистонда жойлашган фабрикаларидан ўзининг юзлаб малакали ходимларини чақириб олмоқда. Бу янги iPhone 17’ни ишлаб чиқаришга таъсир кўрсатиши мумкин.

Тайваннинг Foxconn компанияси Ҳиндистондаги iPhone ишлаб чиқариладиган фабрикалардан ўзининг юзлаб муҳандис ва техникларини чақириб олди, деб хабар беради Bloomberg.
Қайд этилишича, бу Appleʼнинг Жанубий Осиёда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга қаратилган стратегиясига жиддий зарба беради.
Инсайдерларнинг маълумотларига кўра, мутахассисларнинг Хитойга қайтиб кетиши қарийб икки ой олдин бошланган ва аллақачон 300 дан ортиқ ходим мамлакатни тарк этган. Маҳаллий ходимларни ўқитишда муҳим рол ўйнаган малакали хитойлик муҳандисларнинг кетиб қолиши ишлаб чиқариш технологияларининг Ҳиндистонга топширилишини кечиктиради ва йиғиш жараёнлари самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Таъкидланишича, бу маҳсулот сифатида таъсир кўрсатмайди, аммо мазкур воқеалар Apple учун у қадар омадли бўлмаган вақтда рўй бермоқда — компания янги iPhone 17 телефонини Ҳиндистонда ишлаб чиқаришга тайёргарлик кўраётганди.
Ходимларнинг чақириб олинишига айнан нима сабаб бўлаётгани айтилмаган, аммо ушбу қарор Пекиннинг технология ва малакали ишчи кучини Хитойга рақобатчи бўлган давлатларга бермаслик сиёсатига мос келади. Ҳиндистон ҳам бундай давлатлар қаторига киради.