Ўзбекистон | 16:40
4611
7 дақиқада ўқилади

Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бутун минтақани уруш гирдобига тортиш хавфини туғдирди – Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон раҳбари минтақадаги хавфсизликни таъминлаш, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, Фаластин-Исроил зиддиятини адолатли ҳал этиш, ташкилотнинг ўрта ва узоқ даврдаги устувор ривожланиш йўналишлари, шунингдек, иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари каби масалаларга эътибор қаратди.

Президент Шавкат Мирзиёев 4 июл куни Озарбойжоннинг Хонканди шаҳрида ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари саммит бутун дунё ҳамжамияти кескин инқирозни бошидан кечираётган мураккаб бир шароитда бўлиб ўтаётганини таъкидлади.

«Сўнгги ойларда Жанубий Осиё ва Яқин Шарқда юз берган воқеалар барчамизни чуқур ташвишга солмоқда. Халқаро ҳуқуқ ва глобал хавфсизлик институтларининг таназзули мулоқот ва ҳамкорликни янада заифлаштириб, куч ишлатиш ва зўравонликка кенг йўл очмоқда. Хусусан, ташкилотимиз аъзоси бўлган Эрон Ислом Республикасига нисбатан олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар бутун минтақани уруш гирдобига тортиш, кенг миқёсдаги экологик ҳалокат ўчоғининг вужудга келиш хавфини туғдирди. Эрон ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича эришилган келишувни қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу қарорни минтақадаги кескинликни юмшатиш, хавфсизликни тиклаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолаймиз», деди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбарининг таъкидлашича, бу келишув барча муаммоларни дипломатик ва конструктив музокаралар йўли билан ҳал этиш учун мустаҳкам замин яратади.

Шавкат Мирзиёев оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик ва уларни ишлатишдан тийилиш халқаро хавфсизликнинг энг долзарб масаласи эканини инобатга олиб, дунё ҳамжамиятини яна бир бор ядро қуролидан холи ҳудудлар географиясини кенгайтиришга чақирди.

Шу билан бирга, Фаластин-Исроил зиддиятини адолатли ҳал этмасдан туриб, Яқин Шарқдаги тинчлик ва барқарорликка эришиш мумкин эмаслигини айтди.

«Биз Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, очлик ва ғайриинсоний шароитдан азоб чекаётган аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатишга ҳеч қандай тўсиқ қўймаслик, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларига мувофиқ мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш тарафдоримиз», деди Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчиси ташкилот доирасидаги шериклик бугунги кунда нафақат табиий, балки муҳим стратегик аҳамиятга эга эканини айтиб, бир қатор масалаларга эътибор қаратди.

«Энг аввало, биз ташкилотнинг ўрта ва узоқ даврдаги устувор ривожланиш йўналишларини белгилаб олишимиз керак. Бу борада «Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035» концепциясини қабул қилишимиз зарур. Ҳужжатда савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология, туризм ва таълим каби анъанавий йўналишлар билан бирга, инновациялар, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ташкилот доирасида товар ва хизматлар савдосини соддалаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш, электрон савдони ривожлантириш масалалари айниқса долзарбдир.

Шунга эътиборингизни қаратмоқчиман: ҳозирги кунда ўзаро савдо ҳажми паст даражада қолмоқда. Бу кўрсаткич 2024 йилда 95 миллиард долларни ташкил этиб, давлатларимиз умумий савдо айланмасининг 10 фоизини ташкил этди.

Мазкур йўналишда стратегик масалаларни муҳокама қилиш, савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни келишиш мақсадида жорий йил Тошкентда савдо вазирларимизнинг учрашувини ўтказиш таклифини илгари сурамиз. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси бўйича тезкор маълумот алмашиш ва тўсиқсиз етказишга қаратилган «яшил йўлаклар» тизимини яратиш долзарбдир», деди Мирзиёев.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари сармоявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, инвестиция муҳитини янада шаффоф ва жозибадор қилиш мақсадида узоқ муддатли «Экоинвест» дастурини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Бу дастурнинг асосий мақсади минтақамиздаги истиқболли лойиҳаларга хусусий инвесторлар, банклар ва халқаро молия институтларини кенг жалб этиш, деб ҳисоблашини айтди.

«Яна бир устувор йўналиш. Сўнгги вақтдаги геосиёсий воқеалар халқаро логистика занжирларининг узилиш хавфи нақадар юқорилиги ҳамда муқобил транспорт йўлакларини шакллантириш стратегик аҳамиятга эга эканини яна бир бор исботлади. Ўтган йили Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини амалга оширишни бошлаганимиз муҳим воқеа бўлди. Келгусида ушбу магистрал тармоқ Трансафғон йўлаги билан туташиб, кенг минтақамиздаги транзит тармоқларини самарали бирлаштириш имконини беради.

Транспорт ва логистика соҳасини рақамлаштириш ишларини тизимли асосда йўлга қўйиш мақсадида Рақамли транспорт ва божхона идорасини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусни амалда татбиқ этиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз ва экспертлар даражасидаги музокараларни жадаллаштириш тарафдоримиз. Минтақада янги авиақатновлар йўналишларини очиш, авиакомпаниялар ўртасида инновацион ҳамкорлик шаклларини йўлга қўйиш, туризм ва авиация соҳалари ўртасида маркетинг бўйича интеграциялашган стратегияларни ишлаб чиқиш долзарб вазифалардан биридир. Ушбу масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Миллий авиакомпаниялар форумини Самарқандда ташкил этишни таклиф қиламиз», деди Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчиси туризм соҳасида сайёҳлар оқимини икки баробар ошириш учун мамлакат етарли салоҳиятга эгалигини таъкидлади. Ташкилот доирасида Туризм хизматларини кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш айни шу эзгу мақсадга хизмат қилишини айтди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев глобал иқлим кун тартибига киритилган масалалар юзасидан давлатларнинг интилиш ва саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлигини таъкидлади.

«Боку шаҳрида муваффақиятли ўтган CОP-29 глобал иқлим саммитида қабул қилинган мажбуриятлар ва келишувлар тўлиқ амалга оширилишининг қатъий тарафдоримиз. Ташкилот доирасида чўл ҳудудларида ўрмонлар ташкил қилиш, рекреация зоналарини барпо этиш бўйича Трансчегаравий «яшил дастури»ни ишлаб чиқишни таклиф этамиз», деди у.

Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида ташкилот фаолиятини такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган Юқори даражадаги қўмитанинг ишини ижобий баҳолади.

«Қўмитага келгуси саммитга қадар Ташкилот фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш вазифасини топширсак, ўйлайманки, ушбу фикримни маъқуллайсизлар. Бундай ислоҳотлар ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқиш, Ташкилотнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини янада ошириш ҳамда унинг фаолиятини замон талабларига мос равишда такомиллаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз», деди Ўзбекистон раҳбари.

Мавзуга оид