Фан-техника | 20:08 / 05.07.2025
2353
2 дақиқада ўқилади

Қидирув-қутқарув операциялари учун киборг-қўнғиз яратилди

У оддий роботлар тез-тез тиқилиб қоладиган мураккаб, тор ва нотекис юзалар бўйлаб осонгина ҳаракатланади.

Фото: Квинсленд университети

Австралиянинг Квинсленд университети олимлари ҳалокатлардан кейин вайроналар остидан одамларни қидиришда қутқарувчиларга ёрдам берадиган ғайритабиий қурилма — «киборг-қўнғиз»ни яратди.

Тадқиқотчилар оддий қўнғизни чип ва электродли микро-рюкзак билан жиҳозлади. Улар ўйин контроллеридан фойдаланиб, ҳашаротларнинг ҳаракатини масофадан туриб бошқарди ва керакли жойга йўналтирди. Электр сигналлари қўнғизнинг антенналари ёки қанотларини рағбатлантириб, бурилиш ва ҳатто деворларга чиқишга мажбур қилади.

Лойиҳа муаллифлари доктор Танг Во-Доан ва унинг ёрдамчиси Лаклан Фицжералд тушунтирганидек, қўнғизлар оддий роботлар тез-тез тиқилиб қоладиган мураккаб, тор ва нотекис юзалар бўйлаб осонгина ҳаракатланади. Бу қўнғизларни қидирув-қутқарув ишларида, айниқса зилзилалар ёки портлашлардан кейин бориш қийин бўлган жойларда ажойиб ёрдамчига айлантиради.

Ҳозир жамоа рюкзакка мини-камера ва батарея қўшиш устида ишламоқда. Келажакда бундай қўнғизлар нафақат қурбонларни топишда ёрдам беради, балки жароҳатлар ва атрофдаги вазият ҳақида ҳам маълумот узата олади.

Олимлар технологияни беш йил ичида реал шароитда синаб кўришга умид қилмоқда.

Мавзуга оид