Ўзбекистон | 22:57 / 07.07.2025
2056
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қатар амири билан стратегик шериклик муносабатларини муҳокама қилди

Суҳбат аввалида Ўзбекистон президенти Қатар амирининг Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.

Шавкат Мирзиёев 7 июл куни Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон-Қатар стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон президенти Қатар амирининг Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.

Кейинги пайтларда жадал тус олган икки томонлама мулоқот ва алмашинувлар самарали бўлаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичлари фаол ўсмоқда, саноат кооперация ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳалар техник жиҳатдан тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда.

«Шу маънода, бўлажак юқори даражадаги тадбирлар, шу жумладан ташқи ишлар вазирлари раислигидаги Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи учрашуви, Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари ва бизнес форуми натижадор бўлишига муҳим эътибор қаратилаётгани таъкидланди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Қатар етакчилари олий даражадаги тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқди.

Мавзуга оид