Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп БРИКСнинг «анти-америка» сиёсатини қўллаётган давлатларга бож билан таҳдид қилди
Бразилия, Хитой, Россия ва Ҳиндистон етакчилари қатнашган БРИКС саммитида «бир томонлама тариф ва нотариф чораларининг кучайиб бораётганидан жиддий хавотир» билдирилди. Бу – АҚШ маъмуриятининг савдо сиёсатига қарши ёпиқ танқид сифатида талқин қилинди. Натижада, Доналд Трамп «анти-америка» сиёсатини қўллаб-қувватлаётган ҳар қандай давлатга янги тарифлар жорий қилиш билан таҳдид қилди.

Фото: Anadolu Agency
6 июль куни Бразилия мезбонлик қилган БРИКС саммитида эълон қилинган қўшма баёнотда етакчилар «бир томонлама тариф ва нотариф чораларининг кучайиб бораётганидан жиддий хавотирда эканликларини» билдирди.
Шунингдек, Бразилия президенти Лула да Силва ўз нутқида БРИКС давлатлари ҳозирда дунё аҳолисининг ярмидан кўпроғини, шунингдек, глобал иқтисодий ишлаб чиқаришнинг 40 фоизини ташкил этаётганига эътибор қаратди. Лула кучайиб бораётган протекционизм хавфи ҳақида ҳам гапирди.
CNN нашрининг ёзишича, БРИКС етакчиларининг бу қарашлари – Трамп маъмуриятининг савдо сиёсатига қарши ёпиқ танқид сифатида талқин қилинмоқда.
Хусусан, АҚШ президенти Доналд Трамп БРИКС давлатлари гуруҳининг «анти-америка» сиёсатини қўллаб-қувватлаётган ҳар қандай давлатга янги тарифлар жорий қилиш билан таҳдид қилди.

«АҚШ «БРИКСнинг анти-америка сиёсатини қўллаб-қувватлаётган ҳар қандай давлатга» қўшимча 10 фоизлик бож солади, «ҳеч қандай истисносиз», деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида. Бироқ у айнан қандай сиёсатларни назарда тутганини аниқлаштирмади.
БРИКС гуруҳи — Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африкадан ташкил топган — турлича сиёсий тузум ва манфаатларга эга давлатлардан иборат бўлса-да, уларни бирлаштирувчи асосий ғоя — жаҳон қудрат марказларини ғарбга қарам бўлмаган, кўп қутбли глобал тузум тамойиллари асосида қайта тақсимлаш зарурлигидир. Яқинда ушбу гуруҳга Миср, Эфиопия, Индонезия, Эрон ва Бирлашган Араб Амирликлари тўлиқ аъзо сифатида қўшилди. Яна ўнта давлат, жумладан Ўзбекистон ва Қозоғистон БРИКС’га ҳамкор давлат сифатида қўшилди.
БРИКС ва тариф сиёсати
Трампнинг БРИКС давлатларига янги бож солиғи таҳдиди 9 июлги «ўзаро бож» музокаралари муҳлати арафасида – тарифлар атрофидаги глобал беқарорлик ва ноаниқликни кучайтирган.
БРИКС аъзоларидан баъзилари, хусусан Ҳиндистон, Трамп маъмурияти билан тўғридан-тўғри музокара олиб бормоқда. Бироқ Трампнинг бу янги таҳдиди ушбу музокараларга қандай таъсир кўрсатиши ҳозирча номаълум.
Трамп бу йил бошида, агар БРИКС умумий валюта яратиш ташаббусини қўлласа, аъзоларга 100% тариф жорий қилишини айтганди. Бу валюта ғояси 2023 йилда Бразилия президенти Лула да Силва томонидан илгари сурилган, аммо БРИКС асосий эътиборни миллий валюталарда савдо ва молиялаштиришни мустаҳкамлашга қаратмоқда.

Якшанба куни БРИКС етакчилари аъзолар ўртасида чегаралараро тўлов тизимини ишлаб чиқиш муҳокамасини қўллаб-қувватлади.
БРИКС давлатлари, шунингдек, Эрон ҳудудига уюштирилган ҳарбий ҳужумларни қоралаб, «фуқаролик инфратузилмаси ва тинч ядро иншоотларига қасддан уюштирилган ҳужумлар»дан «жиддий хавотир билдирганликларини» билдирган. Гарчи ўтган ой ушбу ҳужумларда Исроил ва АҚШ иштирок этган бўлса-да, БРИКС баёнотида уларнинг номи тилга олинмаган.
Иқтисодий хавфлар
Иқтисодчилар Трампнинг савдо уруши, айниқса Хитойдан олиб кириладиган товарларга кенг кўламли божлар, АҚШ истеъмолчилари учун нархлар ошишига олиб келишини таъкидламоқда. Walmart каби йирик компаниялар нархлар ошишини тан олган.
АҚШ Молия вазири Скот Бессент эса якшанба куни «Fox News Sunday» дастурида бу хавотирларни рад этди:
«Биз ҳозирча инфляцияни кўрмадик», — деди у ва буни «тарифга чалинган синдром» деб атади. Молия вазири ва Трампнинг тарафдори бўлган бошқа амалдорлар охирги ойлар ичида «божларни аслида Хитой тўламоқда», деган позицияни қайта-қайта илгари сурмоқда, деб ёзган CNN.
АҚШнинг собиқ Молия вазири Ларри Самерс эса янги бож тарифлари, эҳтимол, бироз даромад келтириши мумкинлигини, аммо бу юқори инфляция ва америкалик ишлаб чиқарувчилар учун рақобатбардошликнинг пасайиши эвазига бўлишини таъкидламоқда.
БРИКС кучайиб бормоқда
Reutersʼнинг ёзишича, ташкилот таркибининг кенгайиши БРИКС саммитига дипломатик оғирлик қўшмоқда. БРИКС ўзини «глобал Жануб»даги ривожланаётган давлатлар номидан сўзловчи блок деб билади ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Халқаро Валюта Жамғармаси каби тузилмаларни ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлайди.
«Агар халқаро бошқарув тизими XXI асрда юзага келган кўп қутбли ҳақиқатни акс эттирмаса, БРИКС бу тизимни янгилашга ёрдам бериши керак», деди Лула да Силва.

Тадбирга Хитой етакчиси Си Сзинпин шахсан бормай, ўрнига Бош вазирини юборди. Россия президенти Владимир Путин эса, Украинадаги уруш муносабати билан Халқаро жиноий суд томонидан чиқарилган ҳибс қарори сабаб онлайн иштирок этди.
Бироқ, БРИКС сафи тобора ранг-баранг бўлиб бораётгани боис, унинг кучли эканлигидан ташқари, ташкилотнинг ягона мақсадлари ҳақида саволлар ҳам кўпаймоқда. Чунки бу гуруҳга минтақавий рақиблар ҳамда етакчи ривожланаётган иқтисодиётлар кириб бормоқда.
Мавзуга оид

13:18
Трамп: «Медведевга айтинглар, тилини тийиб юрсин»

23:12 / 01.08.2025
Трамп Медведевнинг сўзларидан кейин иккита ядровий сув ости кемасини юборишни буюрди

13:16 / 01.08.2025
Трамп Жанубий Корея билан савдо келишуви ҳақида эълон қилди

12:32 / 01.08.2025