Жаҳон | 20:36 / 08.07.2025
2668
2 дақиқада ўқилади

Халқаро жиноий суд «Толибон» раҳбарларини ҳибсга олишга ордер берди

Суднинг фикрича, «Толибон» олиб бораётган сиёсат Афғонистонда фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг жиддий бузилишига олиб келмоқда.

Ҳайбатуллоҳ Охунзода ва Абдулҳаким Ҳаққоний

Халқаро жиноий суд (ХЖС) «Толибон» раҳбарлари — ҳаракатнинг олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охунзода ва Афғонистон Ислом Амирлиги бош судяси Абдулҳаким Ҳаққонийни ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда суд пресс-релизида сўз боради.

Суднинг ҳисоблашича, Охунзода ва Ҳаққоний «буйруқлар бериш, фитна қўзғаш ёки кўмаклашиш орқали» инсониятга қарши жиноятлар содир этган, жумладан, гендер асосида қизлар ва аёлларни, шунингдек, уларга ёрдам берганларни таъқиб қилган.

«Суднинг фикрича, ушбу жиноятлар толиблар 2021 йил 15 августда ҳокимиятни эгаллаганидан бошлаб Афғонистон ҳудудида содир этилган ва камида 2025 йил 20 январга қадар давом этган», - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, «Толибон» сиёсати Афғонистон фуқаролари асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг жиддий бузилишига олиб келган, бу эса қотилликлар, озодликдан маҳрум этиш, қийноқлар, зўрлаш ва ўғирлашлар билан бирга кечган.

«Гарчи айрим тақиқ ва қоидалар бутун аҳоли учун жорий этилган бўлса-да, асосий нишон айнан аёл ва қизлар бўлган — улар гендер мансублиги сабабли асосий ҳуқуқлардан маҳрум қилинган», - дейилади Халқаро жиноий суд баёнотида.

ХЖС прокуратураси «Толибон» раҳбарларини ҳибсга олиш учун ордерни 2025 йил январда сўраган эди. «Толибон» 2021 йили АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция қўшинлари Афғонистонни тарк этганидан кейин мамлакатда ҳокимият тепасига келганди.

Аввалроқ БМТ Бош Ассамблеяси кўпчилик овоз билан Афғонистондаги вазиятга оид резолюцияни маъқуллаган эди. Унда бу давлатни бошқараётган радикал «Толибон» ҳаракати кескин танқид қилинган.

Мавзуга оид