«Афғонистонда тинчлик ва нормал давлатчилик бўлишига энг кўп интилаётган давлат – Ўзбекистон» — Камолиддин Раббимов
Россия «Толибон»ни «биринчи бўлиб» тан олгани ҳақидаги хабарлар кўплаб муҳим фактларни акс эттирмайди. Хусусан, РФнинг Афғонистон бўйича сиёсати жуда зиддиятли. Бу юртда фуқаролик урушининг қайта бошланишига йўл қўймаслик ва Кобулдаги ҳукуматнинг бошқа мусулмон давлатлари каби мўътадил бўлишига эришиш учун Ўзбекистон раҳбарияти реал саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда, дейди сиёсатшунос.

Россия Федерацияси Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олганини эълон қилди. Матбуотда Россия бу борада биринчи бўлгани айтилмоқда. Лекин мавзунинг бир қатор нюанслари бор. Kun.uz мухбири айни мавзуда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.
— Россия «Толибон»ни ҳақиқатан тан олдими?
— Тан олиш жараёни бошланди. Тан олишнинг юридик ва халқаро дипломатик қоидалари бор. Айтайлик, Россияда «Толибон»ни тан олиш учун икки томон ўртасида тўлақонли дипломатик алоқалар ўрнатилиши керак ва «Толибон»нинг Россияга юборган элчисидан ишонч ёрлиғини ташқи ишлар вазирининг ўринбосари эмас, айнан президент қабул қилиши лозим, чунки бу президент ваколатига киради. Лекин ҳали бу даражага етиб борилгани йўқ.
«Толибон»ни тан олиш бўйича барча давлатлар якдил эмас. Коллектив ғарб – Америка Қўшма Штатлари, Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо давлатлар «Толибон»ни тан олишда шошилаётгани йўқ. Биринчидан, халқаро ҳамжамият қўйган шартлар мавжуд, иккинчидан, бугунги кунда Афғонистон ва «Толибон» уларни у қадар қизиқтираётгани йўқ.
Улар қарашяптики, Афғонистон – тинч. Ички ижтимоий ёки этник тўқнашувлар, можаролар ёки фуқаролик уруши кузатилмаяпти. Тўғри, ижтимоий ва иқтисодий муаммолар мавжуд. Лекин бу сафар «Толибон» сиёсий тизими биринчи версиясига қараганда анча масъулиятлироқ. Улар бу сафар катта сиёсий экспериментлар ўтказиш ниятида эмас. Асосий мақсадлари – хавфсизлик, барқарорлик, вазминлик. Лекин маълум бир масалаларда қўшни давлатлар ва жаҳон ҳамжамияти билан ҳали келишувга эришилгани йўқ. Чунки «Толибон» бу – мафкуравий ҳаракат. Уларнинг сиёсий қарашлари ва диний ақидалари ўзаро чатишган. Этник пуштунларнинг тарихий анъаналари динни талқин қилишда муҳим рол ўйнайди.
Биринчи версиядаги «Толибон» 1996 йилдан бошлаб кучайиб, 1998 йилга келиб Афғонистоннинг катта қисмини эгаллаб олган эди. 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг, орадан бир ой ўтмай Америка Афғонистонга кирди ва «Толибон» ҳокимияти йиқитилди.
У вақтдаги «Толибон» модернизм билан, замонавий технологиялар билан, жумладан телевидение билан курашган эди. Бу сафар бу хатоларни такрорламаяпти. Биринчи версиядаги «Толибон» асосан этник пуштунлардан иборат бўлган бўлса, ҳозир уларнинг таркиби анча кенг. 20 йиллик уруш давомида амаллари ва тафаккурлари ўзгарди. Бугунги «Толибон» фақат этник пуштунларни эмас, балки Афғонистонни кенгроқ ифода этувчи ҳаракатга айланди.
— Россияда элчилардан ишонч ёрлиқларини шахсан президент қабул қилади. Ўзбекистонда эса президент ҳам, ташқи ишлар вазири ҳам қабул қилиши мумкин. Куни кеча Россияда «Толибон» элчиси ташқи ишлар вазири ўринбосарига ишонч ёрлиғини тақдим этган бўлса, ўтган йили «Толибон» тайинлаган элчини Ўзбекистон ташқи ишлар вазири қабул қилганди. Бош вазир Абдулла Арипов даражасидаги делегация Кобулда ҳам бўлиб қайтди. Шулардан келиб чиқилса, Ўзбекистон де-факто «Толибон» ҳокимиятини тан олган, десак бўладими?
— Ўзбекистон Афғонистон борасида тинчлик, барқарорлик ва ривожланишга қаратилган ўз концептуал қарашига эга. Ҳали президент Ашраф Ғани ҳокимиятда бўлган пайти, АҚШ ва Ғарб коалицияси Афғонистондан чиқмаган 2018 йилдаёқ Ўзбекистон «Толибон» билан мулоқот ва диалогни бошлаган эди. Мулла Бародар ўша пайтда «Толибон»нинг Доҳадаги офиси раҳбари эди. 2018 йилда Ўзбекистон уларни Самарқандга таклиф қилганди.
Яъни ҳокимиятга «Толибон» келишини Ўзбекистон аввалроқ тахмин қилган ва алоқа ўрната бошлаганди.
— Айнан ўша йиллари Россия томони Марказий Осиё давлатларини «Толибон» омили билан қўрқитар эди.
— Россиянинг «Толибон»га нисбатан ички сиёсати ҳам, ташқи сиёсати ҳам ўта зиддиятли. Бир томондан, Россия Ғарбга толиблар нормал, Афғонистондан тезроқ чиқиб кетинг дер эди. Марказий Осиёга келганда эса, «Толиблар»ни олабўжи қилиб кўрсатар эди. «Ҳокимиятга толиблар келяпти, хавфсизлик калитларини менга бермасангиз, КХШТга кирмасангиз, эртами-кечми Марказий Осиёда вазият портлайди» дерди.
АҚШнинг Афғонистон уруши 20 йил – 2001 йилдан 2021 йилгача давом этди. Шундай маълумотлар борки, бу даврда Россия Федерацияси яширинча, баъзан эса ошкора «Толибон»ни тўлиқ қўллаб-қувватлади, ҳатто қурол-аслаҳалар етказиб берди. Мақсад – АҚШнинг у ерда мағлуб бўлишига эришиш эди. Ваҳоланки, Россия 2003 йилда «Толибон»ни террористик ташкилот деб тан олганди.
Россиянинг яна битта нотўғри айтаётган жойи бор. Хитой Халқ Республикаси аллақачон «Толибон» билан Россиядан ҳам юқорироқ расмий даражада мулоқотларни ўрнатиб бўлган. 2024 йил январда толиблар элчисидан ишонч ёрлиғини Си Жинпингнинг ўзи қабул қилган.
Бугунги кунда Афғонистон ичкарисида кучли геосиёсий рақобат кетяпти дейиш ноўрин бўлади. «Толибон» қудратли давлатларнинг геосиёсий ўйинига ўйнашга мойил эмаслигини кўрсатди. Хитой ёки Россиянинг командасига кириб кетгани йўқ. Имкон қадар мустақил геосиёсий курс олиб боришга ҳаракат қилаётгандек. Ҳозирча менда шундай тасаввур шаклланиб улгурди.
Бир вақтлар Россия «Толибон»га яширинча Марказий Осиёга босим қилинг деган ҳолатлар бўлди, лекин «Толибон» бундай қилмади. «Толибон» тафаккурида мусулмон бўлмаган давлатларнинг манфаатлари учун нега бешта мусулмон давлатни қўрқитишим керак, деган ёндашув бордек кўринади.
Афғонистонни нормаллаштириш ва дунё ҳамжамияти томонидан тан олиниши борасида асосий лоббичилик қилаётган давлат – бу Ўзбекистон. Буни Афғонистон яхши тушуняпти. Лекин дунё давлатлари бу мамлакат борасида шижоат кўрсатмаётгандек.
Шу билан бирга, «Толибон»нинг ўзи ҳам дунё ҳамжамияти бизни тезроқ тан олсин деб шошилаётгани йўқ. «Биз сабрлимиз, тан олиш сизларнинг манфаатингизга тўғри келса, хурсанд бўламиз, ким биз билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлса, биз ҳам тайёрмиз, кимки бизга таҳдид қилса, курашишга ҳам тайёрмиз» деган позицияда тургандек. Эсингизда бўлса, Доналд Трамп сайлов кампанияси пайтида АҚШ қўшинларини Афғонистонга қайтариш ҳақида айтганди. Ўшанда «Толибон»: «Марҳамат, биз сизни кутяпмиз» деган мазмунда гапирганди, шундан кейин Трамп бу гапини такрорламади.
Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид

21:41
Озарбойжон Россия билан зиддият кучайишини истамайди – Эрдўған

11:48
ЕИдан икки ташкилот Россиядаги «номақбул» ташкилотлар реестрига қўшилди

09:25
Запорижжя АЭСда Россия зарбаси туфайли блэкаут юз берди

20:05 / 04.07.2025