Жаҳон | 07:27
1333
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия: ҲАМАС Ғазода гуманитар ёрдамни тортиб олаётгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ

Европа Комиссияси вакилининг таъкидлашича, инсонпарварлик ёрдами «хусусийлаштирилмаслиги ва сиёсийлаштирилмаслиги керак».

Фото: Haitham Imad / EPA

Исроилнинг даъволаридан фарқли ўлароқ, Европа Иттифоқи Ғазога юборилган инсонпарварлик ёрдами Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати томонидан тортиб олинаётгани ҳақида ҳеч қандай тасдиқланган маълумотга эга эмас, деди Еврокомиссиянинг инқирозларга тайёргарлик бўйича вакили Ева Грнчирова.

Брюсселдаги кундалик матбуот анжуманида сўзга чиққан Грнчирова Ғазо секторидаги вазият «ҳалокатли» ва «ўта оғир»лигича қолаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқининг гуманитар шериклари минтақада ишлашда давом этмоқда.

Грнчирова шунингдек, Исроилни гуманитар ташкилотларнинг Ғазога тўсиқсиз киришини таъминлашга чақирди.

«Бизда ёрдам етказиб бериш учун ишлайдиган тизим ва инфратузилма мавжуд, уларни одамларни очликдан қутқариш учун зудлик билан ишга тушириш керак», деди у.

Еврокомиссия вакилининг таъкидлашича, инсонпарварлик ёрдами «хусусийлаштирилмаслиги, сиёсийлаштирилмаслиги ёки можаро қуроли сифатида ишлатилмаслиги керак».

Шу муносабат билан унинг айтишича, ЕИ БМТ ва халқаро тузилмаларни четлаб ўтиб, АҚШ ва Исроил кўмагида ташкил этилган Ғазога ёрдам жамғармаси билан ҳамкорлик қилмайди.

Исроил Ғазодаги халқаро ёрдам ҲАМАС назорати остида эканини даъво қилишда давом этмоқда. Бироқ воқеа жойидан олинган видеотасвирлардан кўринишича, ёрдам етказиб бериш маҳаллий фаластинлик оилалар ва қабила гуруҳлари томонидан амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид