Ўзбекистон | 16:22 / 10.07.2025
6838
2 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров ишлаб чиқарилганига 25-30 йилдан ошган машиналарни истеъмолдан чиқаришга чақирди

Депутат, шунингдек, магистрал йўлларнинг аҳоли яшаш пунктидан ташқари қисмларида тезликни 130 км/соатгача оширишга рухсат бериш масаласини кўриб чиқишни илгари сурди. Қодировга кўра, ички ишлар тизимида вазирликдаги мансабдорнинг жияни ёки ҳамқишлоқлари эмас, ишини яхши биладиган қоракўзлар ишлаши керак.

Фото: platesmania.com

Ўзбекистон президенти 9 июл кунги селекторда йўллардаги хавфсизлик бўйича илгари сурган ташаббусларга асосан, “Миллий тикланиш” партияси қонунларни ўзгартириш бўйича маслаҳатлашувларни бошлайди. Бу ҳақда партия раиси Алишер Қодиров маълум қилди.

“24 миллион қоидабузарлик, шундан 19 миллионтаси тезлик билан боғлиқ. Бу ерда нимадир нотўғри ишлаяпти.

Тезлик учун чеклов жой, вақт ва заруратига қараб белгиланиши керак. Масалан, магистрал йўл, масофа узоқ, аҳоли яшаш пункти эмас, нега 130 юриш мумкинмас?

Қизилда ўтиш, чекланган жойда икки карра тез юриш, авария хавфи яратиб қасддан тартибсиз ҳаракат… марҳамат, аёвсиз жаримани босиш керак, лекин айрим жазолар бўйича ҳайдовчиларнинг ҳам фикри билан қизиқиш зарур”, – дея ёзди Қодиров Telegram'даги каналида.

Унинг фикрича, давлат органларининг хизмат автоларига алоҳида эътиборни таъқиқлаш – кечиккан қарор. Тартиб ҳаммага бир бўлиш керак, дейди депутат.

“40-50 йиллик автомашиналарни босқичма-босқич истеъмолдан чиқариш – жуда тўғри таклиф. Ҳатто бу чекловни 25-30 йилга тушириш ҳам нотўғри бўлмайди, деб ўйлайман. Фақат машинани алмаштириш учун қулай таклифлар бўлиши керак”, – таъкидлайди Қодиров.

Партия раҳбари ички ишлар тизими ходимларини тайёрлаш бўйича ташаббусни “ўринли ва оғриқли муаммо” деб атади. “Бу соҳада ишини яхши биладиган, ўқиган, ҳар томонлама жамиятга намуна бўладиган қоракўзлар ишлаши керак, вазирликдаги мансабдорнинг жиян ёки ҳамқишлоқлари эмас. Жамият формадаги ходимлар билан фахрланиши керак”, – деди у.

Қодировнинг қайд этишича, тартиб – ҳаётий зарурат, у ҳаммага керак. Чекловлар ва жазоларсиз эса тартибни таъминлаб бўлмайди.

Қонунларни ўзгартириш бўйича маслаҳатлашувларни бошлаймиз, дея қўшимча қилди Алишер Қодиров.

Мавзуга оид