Жаҳон | 11:40
3675
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Россия билан кейинги музокаралар шартларини айтди

Украина ва Россиянинг етакчилар даражасидаги учрашувига тайёргарлик бир қатор шартлар бажарилгандан кейингина бошланиши мумкин, деди Володимир Зеленский. Шу билан бирга, у Украина-Россия-АҚШ форматини афзал деб ҳисоблаяпти.

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский Москва билан кейинги музокаралар шартларини айтди. «Биз томонларнинг иккинчи учрашувда келишиб олган нарсаларини – ўшанда Истанбулда келишилган алмашинувларни якунлашимиз керак», деди Зеленский 10 июл, пайшанба куни Римда Украинани урушдан кейинги қайта тиклаш бўйича 4-халқаро конференция бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида. Украина президентининг сўзларини "Суспільне" телеканали келтирмоқда.

2 июнь куни Истанбулда Россия ва Украина вакиллари ўртасида тўғридан тўғри музокараларнинг иккинчи раунди бўлиб ўтди. Томонлар оғир яраланган аскарлар ва 25 ёшгача бўлган асирларни алмашиш, шунингдек, урушда ҳалок бўлган 6000 нафар ҳарбий хизматчиларнинг жасадини бир-бирига топширишга келишиб олди. Шундан сўнг бир қатор ҳарбий асирлар алмашинуви бўлиб ўтди — хусусан, 9, 10, 12, 19 ва 20 июн кунлари. Шу билан бирга, ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашиш давом этди.

Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, алмашинувлар яқин орада якунланади. «Фақат шундан кейингина жамоалар самарали вариантни муҳокама қилиш – етакчилар даражасидаги учрашувни тайёрлашга ўтиши мумкин бўлади», деди у.

Зеленский учун энг мақбул формат бу давлат раҳбарлари даражасидаги Украина-Россия-АҚШ форматидир. Столда нафақат сўзлар, балки «аниқ кафолатлар» ҳам эшитилиши керак, деб таъкидлади у.

Шу билан бирга, Украина президенти Ватикан, Австрия, Швейцария ва Туркия аллақачон мулоқот учун платформалар тақдим этишни таклиф қилганини эслатди.

Мавзуга оид