Ўзбекистон | 10:04
4220
2 дақиқада ўқилади

Олийгоҳларга кириш имтиҳонлари бошланди

Бу йил 671 397 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этади. Имтиҳонлар 10 кун давомида 2 сменада ташкил қилинади.

Фото: Kun.uz

Бугун, 14 июлдан 2025/2026 ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовларига старт берилди.

Эрта тонг соат 06:30 дан 08:00 га қадар абитуриентлар белгиланган биноларга келиб, махсус текширувлардан ўтди ва имтиҳон хоналарига жойлашди.

08:00 дан белгиланган фанлар бўйича тестларни ечиш бошланди. Саволлар абитуриентлар кўз олдида махсус штампланган қоғоздан очиб тарқатилди.

Айни вақтда республика бўйлаб 65 та ёпиқ турдаги катта сиғимли бинода имтиҳон бўлиб ўтмоқда. Жараёнлар махсус камералар ҳамда назоратчилар орқали кузатиб бориляпти.

Бир сменада 1169 та гуруҳда 35 070 нафар, бир кунда эса 70 140 нафар абитуриентнинг имтиҳонда иштирок этиши таъкидланган.

Маълумот ўрнида, бу йил 671 397 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган. Шундан 426 685 нафарини (63,6 %) жорий йил битирувчилари ташкил этади.

Тест синовларида иштирок этиши белгиланган абитуриентларнинг 361 019 нафарини (53,8 %) хотин-қизлар, 310 378 нафари (46,2 %) эркаклардан иборат.

Имтиҳон топшириш ҳудуди бўйича энг кўп Тошкент шаҳрида 115 989 нафар, Самарқанд вилоятида 72 305 нафар, Фарғона вилоятида 66 383 нафар, Қашқадарё вилоятида 62 484 нафар ва Андижон вилоятида 56 025 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган.

Тест синовлари 23 июлга қадар 10 кун мобайнида ўтказилади.

Жараёнлар билан Kun.uzʼнинг навбатдаги репортажларида танишишингиз мумкин.

Мавзуга оид