Жамият | 14:58
11160
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда саксовулфурушларни таъқиб қилган инспекторлар калтакланди

15 июл куни Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси экологик назорат инспекцияси ходимлари томонидан Пешку туманининг Сафрон чўл массивида навбатдаги рейд тадбири ўтказилди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Рейд тадбирига вилоят экология бошқармаси инспекция бошлиғи бошчилигидаги экологик назорат инспекцияси ходимлари жалб этилган.

Рейд давомида инспекторлар Хоразм вилоятида яшовчи фуқаролар томонидан (шахси номаълум) «ЗИЛ» русумли юк машинаси билан чўл массиви ҳудудидан ноқонуний равишда саксовул ўсимлигини кесиб, юк машинасига ортган ҳолда чўлнинг ички йўли орқали кетаётганини кўриб қолган ва бошқармага тегишли автомашина билан юк машинасини таъқиб қилган.

Кузатув давомида тахминан 110 км масофадан сўнг юк машинаси Ғузор–Бухоро–Нукус А-380 автомобил йўлининг Бухоро вилоятидан Хоразм вилояти йўлига чиқиб, ҳаракатни давом эттирган. Шундан сўнг инспекция бошлиғи автомобил йўли бўйлаб 5 км масофадан сўнг бошқарма инспекция ходимларини орқадан келаётган бошқа автомашиналарни назорат қилиш учун тушириб, ўзи «ЗИЛ» русумли юк машинасининг ортидан кузатувни давом эттирган. 

У юк машинасидан ўтиб кетганида тахминан 200 метр масофада Хоразм вилоятига тегишли давлат рақами бўлган оқ рангли «ИСУЗУ» русумли юк машинаси йўлини тўсган. Машинадан нотаниш фуқаролар қўлида ҳар хил турдаги совуқ қуроллар (бита, арматура, темир труба) билан тушиб келиб, бошқарманинг автомашинасини уриб, пачоқ қилган ҳамда инспекция бошлиғини ҳар хил ножўя сўзлар билан ҳақоратлаган. Шундан сўнг у воқеа жойидан кетган.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлар бошқарма инспекция ходимларининг юз ва тана қисмлари барча соҳасига уриб, турли хил оғир тан жароҳатлари етказган (бирининг оёғи синган). Кейин уларни юк машинасининг бортига юклаб, ўзлари билан олиб кетаётган вақтда инспекторлар ҳаракатланиб турган юк машинасининг орқа борт қисмидан ўзларини ташлаб, қочишга улгурган.

Айни дамда мазкур ҳолат юзасидан Хоразм вилояти Тупроққалъа туман прокуратураси томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид